Нижнекамскда ҳалок бўлганларнинг аксарияти маҳаллий хостелда истиқомат қилган

Нижнекамскда дронлар ҳужуми оқибатлари кўздан кечирилмоқда. Татарстан раҳбари матбуот хизмати фотосурати

Украина дронларининг Нижнекамск шаҳрига ҳужуми вақтида дронлардан бири маҳаллий хостелга урилган. Бу ерда ҳужумда ҳалок бўлган жами 13 кишидан тўққиз нафари вафот этган. Бу маълумотни Татарстан раҳбари Рустам Минниханов матбуот хизмати тақдим этди, деб хабар беради «Республика Татарстан» нашри.

Республика раҳбари Нижнекамскка ташриф буюриб, дронларнинг кенг кўламли ҳужуми оқибатлари билан шахсан танишган. Ҳужум оқибатида нафақат саноат корхоналари зарар кўрган. Шу ҳудуддаги хостел ҳам зарбага учраган. Ҳозир фожиа жойида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этиш лозим, хостелларда кўпинча меҳнат мигрантлари яшайди, бироқ республика ҳокимияти ушбу объектда ҳалок бўлганлар орасида қанчаси хориж фуқаролари эканини аниқлаштирмаган.

Шу билан бирга, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқаросининг ҳалок бўлганини тасдиқлади. У 30 ёшли Р.Б. бўлган. Вазирлик жабрланган тожикистонлик фуқаролар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилаётганини маълум қилган.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Украина дронларининг Нижнекамскка ҳужуми оқибатида Марказий Осиёнинг ушбу республикаси етти нафар фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилган эди.

Дипломатик ваколатхона вазият назорат остида эканини, маҳаллий терговчилар билан алоқа ўрнатилганини таъкидлади. Суд-тиббий экспертизаси ва бошқа зарур расмий жараёнлар якунланганидан сўнг марҳумларнинг жасадларини ватанга олиб келиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида бир нафар бола борлиги маълум. Гап дронлар ҳужуми вақтида хонадон балконида ухлаб ётган беш ёшли қиз ҳақида бормоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, дрон дарахтга урилиб, портлаган, унинг парчалари қиз ухлаб ётган турар жой биносига зарар етказган. Қиз тез тиббий ёрдам етиб келгунга қадар вафот этган.

Нижнекамск ҳокимияти ҳалок бўлган боланинг оиласига 1 миллион рубль (12,1 минг доллар) миқдорида тўлов бериши ва дафн маросимини ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Татарстан раҳбари Минниханов дрон ҳужуми қурбонлари ва жабрланганларга пул компенсациялари берилишини эълон қилди.

«Ҳалок бўлганларнинг оилаларига 2 миллион рубль (24,2 минг доллар) миқдорида тўлов кўзда тутилган. Жабрланганларга жароҳатларнинг оғирлик даражасига қараб 300 минг (3,6 минг доллар)дан 600 минг рублгача (7,2 минг доллар) тўлов берилади. Бундан ташқари, меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, қисман ёки тўлиқ йўқотилган мол-мулк учун ҳам компенсация тўланади», — дейилади Татарстан раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Нижнекамскка дронлар ҳужуми 10 август куни содир бўлди. Ҳужум оқибатида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бўлган 13 киши ҳалок бўлди. 75 киши жароҳат олган, улардан 21 нафари шифохонага ётқизилган. Татарстанда 10 август мотам куни деб эълон қилинди.