Европа Иттифоқи Эрон ҳукуматини намойиш иштирокчиларини қатл қилишни тўхтатишга чақирди

Европа Иттифоқи ва Ғарбнинг 26 та давлати 12 август куни қўшма баёнот билан чиқиб, намойиш иштирокчиларининг қатл этилишини давом этаётгани ҳамда Эрон ҳукумати томонидан ўлим жазоси қўлланилишини энг кескин шаклда қоралади. Бу ҳақда Франциянинг Европа ва Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро ўзининг X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида маълум қилди.

Имзоловчилар Теҳронни «ўз халқига қулоқ тутишга», инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўришга, ўлим жазосини қўллашни зудлик билан тўхтатишга ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган шахсларни озод қилишга чақирди. Шунингдек, улар фуқароларга сўз эркинлиги ва тинч йиғинлар ўтказиш ҳуқуқларидан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлашни талаб қилди.

Баёнотда таъкидланишича, ўлим жазосидан мухолифатни бостириш, жамоаларни қўрқитиш ва ўз инсон ҳуқуқларини амалга ошираётган одамларни жазолаш учун фойдаланишни оқлаб бўлмайди.

Ушбу талаблар фонида ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Эронда қатллар сони кескин ошганини қайд этмоқда. Iran Human Rights ва Together Against the Death Penaltyнинг қўшма ҳисоботига кўра, 2025 йилда мамлакатда камида 1639 киши қатл этилган — бу 2024 йилдаги кўрсаткич (975 киши)дан 68 фоизга кўп ва сўнгги 36 йилдаги (1989 йилдан буён) энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Қатлларнинг аксарияти гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ва қотилликлар билан боғлиқ бўлган. Бироқ, қатл этилганлар орасида намойиш иштирокчилари, шунингдек, сиёсий ва «миллий хавфсизлик мулоҳазалари» асосида судланган шахслар ҳам бор.

Ғарб давлатларининг баёноти 2026 йил бошидаги оммавий намойишлардан сўнг давом этаётган репрессиялар тўлқини фонида янгради.