Душанбе ҳокимияти пойтахтни кенгайтириш ва ижтимоий объектлар қуриш учун эски қабристонларни бузмоқда

Душанбедаги қабристонлардан бирида қабрларни очиш. asiaplus.news сайти фотосурати

Тожикистон пойтахти ҳудудини шаҳарнинг бош режасига мувофиқ кенгайтириш мақсадида Душанбе шаҳридаги эски қабристонлар бузилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Шарифи матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Азия-Плюс» нашри.

Шарифининг сўзларига кўра, қабристонларни бузиш тўғрисидаги қарорлар пойтахт ҳудудини кенгайтириш, йўллар ва кўприкларни замонавий талабларга мувофиқлаштириш, шунингдек, ижтимоий объектлар қуриш зарурати инобатга олинган ҳолда қабул қилинмоқда.

Жорий йилнинг март ва апрель ойларида иккита қабристон бузилди. Ўшанда Душанбе шаҳар ҳокимияти ходими «Азия-Плюс»га телефон орқали берган интервьюсида қабристонлардан бири жойлашган Ҳаёти Нав кўчасида масжид қурилиши, иккинчиси — Шоҳмансур тумани Халқажар маҳалласида жойлашган қабристон ўрнида эса халқаро аэропортнинг янги биноси барпо этилишини айтган эди.

Шарифи икки қабристон бузилганини тасдиқлаб, келажакда яна бир нечта қабристон бузилишини маълум қилди, аммо айнан қайсилари эканини аниқлаштирмади.

«XX асрдан сақланиб қолган айрим қабристонлардан энди дафн қилиш учун фойдаланилмайди. Санитария-гигиена талабларига, шу билан бирга, мусулмон урф-одатларига риоя қилишни ҳисобга олган ҳолда, қабр эгалари билан келишганимиздан сўнг ушбу ишларни — бузиш ва кўчиришни амалга оширяпмиз. Ишларни катта тажрибага эга компания бажармоқда», — деди Шарифи.

Ўша матбуот анжуманида Душанбе шаҳар ҳокими ўринбосари Толиб Раҳимзода ҳам жорий йилда шаҳар бош режасига мувофиқ иккита қабристон Сино туманидаги «Меҳробод» қабристонига кўчирилганини маълум қилди. Жумладан, Халқажар маҳалласидаги қабристондан 1345 нафар марҳумнинг жасади қайта дафн этилган.

«Кейинчалик шаҳар ҳудудида 100 ёки 120 йилдан бери мавжуд бўлган ва ташлаб қўйилган қабристонлар ҳам “Меҳробод” қабристонига кўчирилади», — дея изоҳлади Раҳимзода.

2017 йилда тасдиқланган ҳукуматнинг «Қабристонларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қарорига кўра, ёпилган дафн жойлари ҳудудидан улар ёпилган кундан бошлаб 40 йил ўтгач фойдаланишга рухсат берилади. Бироқ Халқажар маҳалласи аҳолисининг сўзларига кўра, уларнинг қабристонида охирги дафн атиги бир неча ой аввал амалга оширилган. Ҳаёти Нав маҳалласидаги қабристон 2006 йилда ёпилганига қарамай, кейинги йилларда у ерга бир неча киши дафн этилган.

Баҳорда қабристонларни бузиш жараёнида қабрларни очиш ва марҳумларнинг қолдиқларини чиқариш ишларини марҳумларнинг қариндошлари Душанбе шаҳар ҳокимияти Қабристонлар бошқармаси вакиллари иштирокида амалга оширган. Жараённи кузатган «Азия-Плюс» журналистининг таъкидлашича, одамлар санитария талабларига риоя қилмаган — ниқобсиз, айримлар эса қўлқопсиз ишлаган.

Душанбе шаҳри Давлат санитария-эпидемиологик назорат маркази санитария талабларига риоя қилмаган ҳолда жасад қолдиқларини чиқариш турли касалликлар, жумладан, сил, вабо, сибир яраси ва бошқа касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Қайта дафн қилиш ишларини ҳимоя воситаларисиз бажараётган одамлар нафас йўллари, тери, оғиз ёки ифлосланган сув орқали касаллик юқтириб олиши мумкин. Санитария-эпидемиологик назорат маркази жасад қолдиқларини чиқаришда ниқоб, бир марталик ҳимоя кийими, икки қават қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги ва резина пойабзалдан фойдаланишни, ишлар якунланганидан сўнг эса тупроқни дезинфекция қилишни тавсия этган.

Қабристонлар бошқармаси маълумотларига кўра, Тожикистон пойтахти ҳудудида 55 та дафн участкаси мавжуд бўлиб, уларнинг 17 тасида дафн қилиш тақиқланган.