Эроннинг «Гол Гоҳар» футбол клуби 2026/27 йилги мавсумда ОФК Чемпионлар лигаси-2 доирасидаги уй учрашувларини Тожикистонда ўтказади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Янги мавсумда Осиё мусобақаларида иштирок этадиган Эрон клублари ўз рақибларини мамлакат ҳудудида қабул қила олмайди. ОФК уларга уй учрашувлари учун хориждаги майдонларни танлаш мажбуриятини юклаган. «Гол Гоҳар» бир нечта вариантни кўриб чиқиб, Тожикистонни танлаган.
Сиржон шаҳри жамоаси B гуруҳидан БААнинг «Ал-Жазира», Баҳрайннинг «Ал-Муҳаррақ» ва Туркманистоннинг «Аркадаг» клублари билан бирга жой олди. Шу тариқа, Эрон клубининг расман уй майдонида ўтказиладиган учта учрашуви ҳам Ҳисор шаҳрида бўлиб ўтади.
Тожикистон Футбол федерацияси бош котиби Фурқат Аҳмеджанов Eurasia Football нашрига берган интервьюсида Эрон томони расмий сўров юборганини тасдиқлади.
«Биз эронлик ҳамкасбларимиз билан жуда яқин муносабатдамиз. Федерациямиз доимо алоқада, ҳамкорлик қиламиз, ўртоқлик учрашувлари ўтказамиз. CAFA доирасида ҳам ҳамкорлик қиламиз ва ўйнаймиз. Расмий сўров келиб тушганида, агар стадионимиз ОФК стандартлари ва барча талабларга жавоб берса, уларнинг клубини қабул қилишга тайёр эканимизни дарҳол айтдим», — деди Аҳмеджанов.
Унинг сўзларига кўра, Ҳисордаги стадион, хусусан, гибрид газон туфайли конфедерация талабларига жавоб беради.
«Ўйинлар Ҳисордаги стадионда ўтказилади, у ерда талабларга мос келадиган гибрид майдон бор. Федерация даромад оладими? Йўқ. Меҳмонхона ва улар машғулот ўтказадиган база Федерация балансида эмас. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бу биз учун ижобий, чунки ким ўйнаши ёки қайси даражада ўйнашига қарамай, менимча, бу футболни тарғиб қилишга қўшиладиган ажойиб ҳисса», — деди ТФФ бош котиби.
«Гол Гоҳар» учун бўлажак мавсум Осиё клуб мусобақаларидаги дебют мавсуми бўлади. Тожикистонни танлашдан олдин клуб Ироқ, Уммон ва Ўзбекистонни эҳтимолий майдонлар сифатида кўриб чиққан.
Эроннинг бошқа вакиллари ҳам халқаро учрашувларни хорижда ўтказишга мажбур. ОФКнинг элита Чемпионлар лигасида иштирок этаётган Табриз шаҳрининг «Трактор» клуби Уммонни танлади. Теҳроннинг «Эстеглол» клуби эса уй учрашувларини ўтказиш жойи масаласини ҳал қилишда давом этмоқда.



