«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Имом ал-Бухорий мемориал мажмуаси ва Самарқанддаги тарихий обидаларни зиёрат қилади. Бу ҳақда форум ташкилотчилари маълум қилди, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.
Сафар дастуридан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва янги Имом ал-Бухорий инновацион музейига ташриф буюриш ўрин олган. Куннинг иккинчи ярмида форум иштирокчилари Самарқанднинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган обидалар билан танишади.
Мемориал мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади
Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.
Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.
Мажмуа яқинида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жойлашган. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.
Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.
Самарқанд дастури 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқандда ўтказилаётган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумининг бир қисмидир.
Форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлди. Унда қарийб 50 та давлатдан 300 нафарга яқин медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



