Қозоғистонда ўзбек олими жосуслик иши бўйича ҳибсга олинди

Иқболжон Қорабоев. azertag.az сайти фотосурати

Қозоғистонда халқаро муносабатлар соҳасида дарс берган ўзбекистонлик олим, профессор Икболжон Қорабоев жосусликда айбланиб, қўлга олинди. У Остона шаҳрида жойлашган Максут Нарикбаев номидаги университетда халқаро муносабатлар фанидан дарс берган. Бу ҳақда BBC News нинг ўзбек хизмати хабар берди

Қорабоев 3 июлдан буён ҳибсда. У Остонада рафиқаси ва вояга етмаган уч нафар фарзанди билан яшаган.

Профессорнинг исмини ошкор қилишни истамаган яқин қариндоши айтишича, фуқаролик кийимидаги бир неча киши Қорабоевнинг уйига келиб, уни жосусликда гумон қилаётганликларини билдирган ва олиб кетган. Қўлга олиш вақтида қариндошларга олимнинг Остонадаги Ўзбекистон консулхонаси ходими билан алоқалари борлигига ишора қилинган.

Қорабоевнинг яқинлари сўзларига кўра, унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси («Жосуслик») бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ушбу модда жосусликни хорижий давлатлар ёки ташкилотлар манфаати йўлида давлат сирларини бериш, йиғиш, ўғирлаш ёки сақлаш, шунингдек, чет эл фуқароларининг мамлакат миллий хавфсизлигига қарши шунга ўхшаш ҳаракатлари сифатида белгилайди. Айбдор деб топилган тақдирда, олимга 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.

Версиялардан бирига кўра, Қорабоевнинг қўлга олиниши олим чуқур ўрганган муҳим минераллар мавзуси билан боғлиқ.

2025 йил апрель ойида профессор «Қозоғистон ва Ўзбекистонда муҳим минераллар атрофидаги қиёсий ҳуқуқий, сиёсий ва стратегик нарративлар» мавзусидаги тадқиқотини якунлаган. Ҳозирча бу иш эълон қилинмаган. Тадқиқотда Қозоғистоннинг 9 та, Ўзбекистоннинг 8 та ва халқаро даражадаги 3 та ҳужжати таҳлил қилинган. Олимнинг ҳамкасби айтишича, барча маълумотлар очиқ манбалардан олинган.

Бундан аввал, 2024 йил октябрь ойида Қорабоев Марказий Осиёнинг нодир ер элементларига халқаро қизиқиш ортиб бораётгани ҳақида тадқиқотини тақдим этган. Унда Хитойнинг юксалиши, пандемиялар ва Украинадаги уруш туфайли таъминот занжирларининг издан чиқиши каби омиллар таҳлил қилинган. Муаллифнинг қайд этишича, Хитой Қирғизистон ва Тожикистонда бундай хомашёни ишлаб чиқаришда аллақачон устунлик қилмоқда, Қозоғистоннинг ушбу ресурслар бўйича асосий савдо ҳамкори ҳисобланади ва Ўзбекистонда ҳам ўз иштирокини кенгайтирмоқда.

Қорабоевнинг ҳамкасбларидан бири бундай ихтисосликка эга олимлар мунтазам равишда махсус хизматлар эътиборига тушишини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, бу одатий амалиёт, чунки бундай олимлар дипломатлар ва экспертлар билан кенг алоқаларга эга бўлади. Ҳамкасбининг ўзи ва яна бир неча олим ҳам шунга ўхшаш эътиборга дуч келган.

Дипломатлар билан мунтазам учрашувлар, айниқса off the record — яъни матбуот учун ёзиб олинмайдиган шаклдаги мулоқотлар — махсус хизматлар томонидан миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан эҳтимолий нозик ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин. Эҳтимол, Қорабоевга нисбатан гумонлар ҳам шу билан боғлиқ бўлган. Шу билан бирга, ҳамкасби Қарабоевни ўн йилдан ортиқ вақтдан бери юқори малакали ва академик стандартларга қатъий риоя қиладиган олим сифатида билишини айтди.

Ҳозирча профессор тўлиқ юридик ёрдам олмаяпти. Давлат томонидан тайинланган адвокат уни бир марта кўрган ва аниқ маълумот бермаган. Оиласи хусусий адвокат ёллаган, бироқ у олимнинг олдига кира олмаяпти. Яқинларининг маълум қилишича, адвокатни киритиш учун Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) рухсати талаб қилинади. Идора эса ушбу рухсатни бериш масаласини ҳар ҳафта кейинга қолдирмоқда.

Қорабоевнинг оиласи МХҚ, Бош прокуратура, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ёзма мурожаат қилиб, адвокатнинг профессор ҳузурига киришига тўсқинлик қилмасликни сўраган. Ҳозирча ушбу мурожаатларга расмий жавоб берилмаган.

BBC таҳририяти Қозоғистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Қозоғистондаги Ўзбекистон консулхонасига изоҳ сўраб мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган. Шунингдек, Максут Нарикбаев номидаги университет ва Қорабоев катта илмий ходим сифатида фаолият юритган Бельгиядаги БМТ Университетининг Минтақавий интеграцияни қиёсий тадқиқ этиш институти (UNU-CRIS)га ҳам сўровлар юборилган.

UNU-CRIS вазиятдан хавотирда эканини билдирган, аммо расмий баёнот бермаган. Нарикбаев университетида профессорнинг ҳамкасбига Қорабоев «ёзда ишдан бўшаган»и айтилган. Бироқ, университетнинг расмий сайтида у ҳанузгача профессор-ўқитувчилар таркибида кўрсатилган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари ҳозиргача ишнинг моҳияти бўйича очиқ баёнот бермаган.

Икболжон Қорабоев 46 ёшда. У Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини «Халқаро муносабатлар» йўналиши бўйича тамомлаган. Франциядаги Монпелье университетида икки магистрлик даражасини олган, кейин Тулуза университетида халқаро оммавий ҳуқуқ бўйича докторлик даражасини қўлга киритган. Қозоғистонга кўчиб ўтишидан аввал Франциядаги олий таълим муассасасида дарс берган. Унинг илмий ихтисослиги — Евроосиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини қиёсий ўрганиш.

ℹ️ Сўнгги йилларда муҳим минераллар мавзуси тобора катта геосиёсий аҳамият касб этмоқда. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, Хитой стратегик минералларнинг 20 туридан 19 тасини қайта ишлаш бўйича жаҳон қувватларининг ўртача 70 фоизини назорат қилади. Нодир ер элементларида эса глобал таъминот занжирининг 90 фоиздан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келади. АҚШ ва Европа Иттифоқи муқобил манбаларни, жумладан Марказий Осиёдаги лойиҳалар орқали ривожлантиришга фаол ҳаракат қилмоқда.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2023 йилда муҳим минералларни «янги нефть» деб атаб, ушбу соҳани ривожлантиришга сармоя киритишга чақирган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса 2025 йил июнь ойида Тошкентдаги форумда мамлакатда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий ва титаннинг йирик захиралари аниқланганини айтган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ер ости бойликларининг умумий салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда.

2025 йил ноябрь ойида Тўқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида томонлар нодир ва нодир ер металларини геологик ўрганиш ҳамда қазиб олиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олган. Шунингдек, тоғ-кон саноати соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Қўшма ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши 2026 йил апрель ойида Остонада бўлиб ўтган.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор