Жапаров: Қирғизистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожланишнинг «олтин даври»га кирди

Си Цзиньпин ва Садир Жапаров. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишнинг янги «олтин даври»га кирди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси президенти Садир Жапаров Бишкекда давлат ташрифи билан бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашувда маълум қилди.

«Қисқа тарихий давр ичида муносабатларимиз янги даврда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди ва бугун тарихий юксак даражага етди. Ишонч билан айтишим мумкинки, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишнинг янги “олтин даври”га кирди», — деди Қирғизистон раҳбари.

Си Цзиньпин ҳам қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатлар ривожини ижобий баҳолаб, сиёсий ўзаро ишончнинг юқори даражаси ва амалий ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётганини таъкидлади. Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, бундай ҳамкорлик нафақат икки давлат халқлари фаровонлигини оширишга хизмат қилади, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшади.

Музокаралар чоғида Жапаров ва унинг меҳмони икки томонлама шерикликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди. Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси, «Бедел» чегара-ўтказиш пунктини янада ободонлаштириш ҳамда Барскоон — Бедел автомобиль йўлини қуришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу стратегик ташаббусларни амалга ошириш Қирғизистоннинг транзит салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаши ва Хитойни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган транспорт-логистика коридорини шакллантириши таъкидланди.

Томонлар, шунингдек, хавфсизлик, савдо, инвестициялар, энергетика, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби соҳалардаги ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини кўриб чиқди. Хусусан, агросаноат мажмуасида кооперация масалалари — қўшма корхоналар ташкил этиш ва Қирғизистонда етиштирилган экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Хитой бозорига етказиб беришни кенгайтириш муҳокама қилинди.

Шунингдек, истиқболли йўналишлар сифатида қуйидагилар белгиланди:

▶️ сунъий интеллект;

▶️ рақамли хизматлар;

▶️ электрон савдо;

▶️ маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуриш ва Қирғизистон иқтисодиётининг турли тармоқларига илғор технологик ечимларни жорий этиш.

Учрашув якунида Жапаров ва Си Цзиньпин Қирғизистон ва Хитой ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани, шунингдек, янги даврда ҳар томонлама стратегик шерикликни юқори сифатли ривожлантириш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзолади.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари ҳузурида қатор ҳужжатлар алмашилди, жумладан:

✅ Қирғизистон–Хитой давлат чегарасидаги «Бедел» чегара-ўтказиш пункти орқали чегара дарёси Ўзөнгү-Кууш (Чоң-Узун-Гуш) устидан автомобиль йўли учун чегара кўприги қуриш тўғрисида ҳукуматлараро келишув;

✅ «Хитой — Марказий Осиё — Европа» темир йўл экспресслари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида англашув меморандуми;

✅ Қирғизистон Миллий телерадиоэшиттириш корпорацияси ва Хитой Медиа корпорацияси (China Media Group) ўртасида медиа контент соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида англашув меморандуми;

✅ Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги ўртасида 2027–2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режаси;

✅ Бишкек давлат университети ва Пекин чет тиллар университетининг қўшма институтини ташкил этиш тўғрисида келишув;

✅ Трансчегаравий банклараро тўлов тизими иштирокчиларига хизмат кўрсатиш тўғрисида келишув.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ