Ўзбекистон ПФЛи мухлисларга «Бунёдкор» стадионининг электр энергиясидан қарзини тўлашни таклиф қилди

«Бунёдкор» стадиони. Kun.uz фотосурати

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионининг электр энергиясидан қарзини тўлашга мухлисларга ёрдам беришни таклиф қилди. Лига ўз чақириқини ижтимоий тармоқларда эълон қилиб, коммунал хизмат кўрсатувчи DOMO томонидан ташкил этилган маблағ йиғими ҳақида маълумот тарқатди.

DOMO маълумотларига кўра, стадионнинг қарзи 1,728 миллиард сўмни (тахминан 147 минг доллар) ташкил этади. Хизмат иловасининг «Хайрия» бўлимида қарзни тўлаш учун маблағ ўтказиш имконияти очилган. DOMO таъкидлашича, йиғилган маблағлар тўғридан-тўғри электр энергияси учун қарзни қоплашга йўналтирилади.

Электр энергияси таъминоти қарздорлик сабабли 4 сентябрь куни тўлиқ тўхтатилган. 7 сентябрь куни ПФЛ электр энергияси узилгани муносабати билан унинг ходимлари вақтинча масофавий ишлашга ўтганини маълум қилди.

Лиганинг матчларни телевизион ва интернет орқали трансляция қилиш сигналларини марказлаштирилган ҳолда узатиш учун фойдаланиладиган серверлари ҳам электр энергиясиз қолган. ПФЛ ташқи серверларга ўтишга мажбур бўлган. Лига бу трансляциялар сифатига таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Стадионни молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар 2026 йил бошидан бери давом этмоқда. Илгари «Бунёдкор» инфратузилмаси харажатларини давлат компанияси «Ўзбекнефтгаз» қоплаб келган, бироқ 1 январдан бошлаб компания асосий фаолиятига тааллуқли бўлмаган харажатлардан воз кечиш доирасида футбол клубларини молиялаштиришни тўхтатди.

Шу билан бирга, футбол клуби ва стадион дирекцияси турли юридик шахслар ҳисобланади. Kun.uz маълумотларига кўра, «Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси» МЧЖнинг 100 фоиз улуши Ўзбекистон футбол ассоциациясига тегишли. «Ўзбекнефтгаз» томонидан молиялаштириш тўхтатилганидан сўнг дирекцияни сақлаш манбаси ноаниқлигича қолган.

Баҳорда стадион электр энергиясидан яна узилган эди. Ўшанда қарздорлик 1,176 миллиард сўмни (тахминан 100 минг доллар) ташкил этгани хабар қилинганди. Қарзнинг бир қисми тўланган ва кафолат хати тақдим этилганидан сўнг электр таъминоти тикланган.

Дирекцияда иш ҳақи бўйича ҳам қарздорлик юзага келган. Май ойида Давлат меҳнат инспекцияси бир неча ой давомида тўпланиб қолган 867 миллион сўм (тахминан 73,5 минг доллар) маблағ 49 нафар ходимга тўланганини маълум қилган.

«Бунёдкор» футбол клубининг ўзи ҳам молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. 2008–2010 йилларда жамоа сафида жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби Ривалдо тўп тепган. Жорий йилда FIFA Тошкент клубига бразилиялик футболчи олдидаги молиявий мажбуриятлар бажарилмагани сабабли янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлади. Хабарларга кўра, 9,2 миллион евролик умумий қарз миқдори клубнинг икки-уч йиллик бюджетига тенг. Футболчи билан 2028 йилга қадар ҳисоб-китоб қилиш режалаштирилган эди. 2026 йил учун навбатдаги тўлов 15 апрелга қадар футболчининг ҳисоб рақамига тушиши керак эди, бироқ бу амалга ошмаган. Тўлов муддати кечиккани сабабли қарз миқдори пеня ҳисобланиши ҳисобига ошади.

Футболчилар ўтган йилдан бери маош олмаяпти. Стадиондаги қарздорлик сабабли нафақат электр энергияси, балки сув таъминоти ҳам узиб қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тожикистонда қурилаётган дунёдаги энг баланд тўғон мамлакатнинг ўз маблағлари етарли бўлмаган шароитда ва хорижий кредитлар ҳисобидан амалга оширилмоқда

  • «Андижон» футбол клубининг собиқ сардори Илдар Маматказин — жамоани тарк этгани, акаси Исломбек ва фан-клуби ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор