Ўзбекистондаги ИЭСда юз берган авария Қозоғистон ва Қирғизистонда электр таъминотида узилишларга сабаб бўлди

25 сентябрь куни эрталаб Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги қуввати қарийб 1600 мегаватт бўлган иссиқлик электр станциясида авария юз берди. Натижада электр энергияси етказиб беришни таъминловчи тизимлар автоматик равишда ўчирилди. Бу ҳақда республика Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Носозлик маҳаллий вақт билан соат 05:05 да Франциянинг EDF компанияси бошқарувидаги янги ИЭСда қайд этилган. Объект фақат август ойи охирида ишга туширилгани сабабли, бу ерда ҳали синов ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, фавқулодда ҳолат натижасида авариявий ўчириш тизими ишга тушган. «Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари» электр энергиясиз қолган, асосан қишлоқ хўжалигидаги сув насослари ва маиший истеъмолчиларни электр билан таъминлашда муаммолар кузатилган.

Вазирлик авария ҳақида хабарни эълон қилган соат 07:27 га келиб, электр таъминоти аллақачон тиклангани таъкидланган. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда энергияни сақлаш тизимларидаги захира қувватлар ишга туширилган. Натижада электрсиз қолган истеъмолчилар босқичма-босқич яна умумий тармоққа уланган.

Сирдарё ИЭСдаги ҳодиса қўшни мамлакатларга ҳам таъсир кўрсатган. Жумладан, эрталаб Қозоғистонда айрим аҳоли хонадонларида электр энергияси узилиб қолган. Маҳаллий Ягона энергетика тизими оператори бу ҳолат Ўзбекистонда 1,5 минг МВтдан ортиқ генерация қувватининг ўчирилиши оқибатида юзага келганини тушунтирди. Шу сабабли Марказий Осиё энергетика тизими томонидан қувват оқими юзага келган ва Шимол-Жануб транзити ажралиб кетган. Компанияда аварияга қарши автоматика штат режимида ишлагани қўшимча қилинди.

Тахминан соат 06:00 да электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш тиклангани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Шу муносабат билан истеъмолчиларга ресурс етказиб беришдаги чекловлар бекор қилинган.

Қирғизистонда ҳам электр таъминотида узилишлар кузатилган. Хусусан, Бишкек шаҳрининг Свердлов ва Первомай туманлари аҳолисидан электр энергияси бир неча соатга ўчирилгани ҳақида шикоятлар келиб тушган. «Миллий электр тармоқлари» компанияси ҳам аварияга қарши автоматика штат режимида ишлаганини тасдиқлади. Компания вакиллари қўшимча қилишича, уларнинг мутахассислари қўшни республикалардаги ҳамкасблари билан биргаликда ҳодисани таҳлил қилмоқда ва технологик бузилиш сабабларига аниқлик киритмоқда.

Сирдарёда қуввати 1573 МВт бўлган ИЭС ишга туширилгани ҳақида жорий йил август ойи охирида хабар берилган эди. Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этганди. Станция 900 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан қурилган. У йилига 13 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Лойиҳа Франциянинг EDF, Қатарнинг Nebras Power, Япониянинг Sojitz Corporation ва Kyuden International компанияларидан иборат консорциум томонидан амалга оширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ