Жавоҳир Синдоров FIDE версияси бўйича энг яхши шахматчи деб топилди

Жавоҳир Синдоров. Самарқанд вилояти ҳокимлиги фотосурати

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров FIDE Excellence Awards янги мукофотининг Best Chess Player — Male («Энг яхши шахматчи») номинациясида биринчи совриндор бўлди. Тақдирлаш маросими Самарқандда 46-жаҳон шахмат олимпиадаси доирасида бўлиб ўтди.

FIDE Excellence Awards мукофотини 2026 йили таъсис этди. Мукофот ҳар икки йилда бир марта берилади ва шахмат олимпиадаси цикли давомидаги натижалар ҳисобга олинади. Биринчи мукофот 2024 йил сентябридан 2026 йил августигача бўлган даврни қамраб олади.

Синдоров тўққиз нафар даъвогарни ортда қолдирди. Ундан ташқари, қисқа рўйхатдан унинг ҳамюрти Нодирбек Абдусатторов, Фабиано Каруана, Магнус Карлсен, Аржун Эригайси, Алиреза Фирузжа, Аниш Гири, Гукеш Доммаражу, Винсент Кеймер ва Рамешбабу Прагнанандха ўрин олган.

Ғолибни танлашда классик шахмат, рапид ва блицдаги натижалар, рейтинг динамикаси ҳамда шахматчининг икки йиллик давр мобайнидаги ютуқлари ҳисобга олинди.

Синдоровнинг асосий ютуқларидан бири 2025 йилда Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган FIDE Жаҳон кубогидаги ғалабаси бўлди. 19 ёшида ўзбекистонлик шахматчи турнир тарихидаги энг ёш ғолибга айланди ва Даъвогарлар турнирида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

2026 йил баҳорида Синдоров Кипрда ўтказилган Даъвогарлар турнирида ҳам ғолиб бўлди. У мусобақа тугашига бир тур қолгандаёқ биринчи ўринни кафолатлади. Синдоров турнирни мағлубиятсиз якунлаб, 14 партиядан 10 очко тўплади — бу Даъвогарлар турнирининг замонавий форматидаги рекорд натижа ҳисобланади. Шундан сўнг ўзбекистонлик шахматчи жаҳон рейтингида тўртинчи ўринга кўтарилди.

Даъвогарлар турниридаги ғалаба Синдоровга амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахмат бўйича жаҳон тожи учун баҳслашиш ҳуқуқини берди.

Шу билан бирга, жаҳон рейтингини кўп йиллар давомида бошқариб келган Магнус Карлсен аввалроқ классик шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги циклида иштирок этишдан бош тортган эди. 2022 йилда норвегиялик шахматчи 2013 йилдан буён эгаллаб келган жаҳон чемпиони унвонини ҳимоя қилмасликка қарор қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ