Ўзбекистон ТИВ: Латвия ўзбекистонликларга виза беришнинг амалдаги тартибини ўзгартирмайди

Латвия Ички ишлар вазирлиги томонидан аввалроқ билдирилган вақтинчалик чеклов жорий этиш таклифига қарамай, Ўзбекистон фуқароларига виза беришнинг амалдаги тартибига ўзгартиш киритмайди. Бу ҳақда «Gazeta.uz»га Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонула Файзиев маълум қилди.

Файзиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони пайдо бўлган маълумотга зудлик билан муносабат билдирган. Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, президент маъмурияти вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий масалалар департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан музокаралар ўтказган.

«Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилди. Кўрилган [дипломатик] чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурди», — деди Файзиев.

У Ўзбекистон Латвияни Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкор сифатида кўришини ва сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда миграция соҳаларида ривожланиб бораётган шаклланган муносабатларни қадрлашини таъкидлади.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, хорижда бўлган ёки сафарларни режалаштираётган ўзбекистонликларни «тегишли давлат қонунчилигига қатъий риоя қилиш, унинг миллий урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш ҳамда ўз хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашиш»га чақирди.

«Айрим шахслар содир этадиган ҳуқуқбузарликлар нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосда ўқиётган, ишлаётган, саёҳат қилаётган ёки яшаётган бошқа ватандошларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Аввалроқ, 29 сентябрь куни Латвия Ички ишлар вазири Янис Домбрава Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатиш ташаббуси билан чиққан эди. Унинг сўзларига кўра, бунга Ўзбекистон фуқаролари Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар содир этган ҳолатлар сабаб бўлган. «Биз чора кўришимиз шарт», — деган эди вазир. Таклиф Латвиянинг Иммиграция тўғрисидаги қонуни 8-моддасининг 2-қисмига асосланган бўлиб, мазкур норма ҳукуматга жамоат тартибини ҳимоя қилиш мақсадида муайян учинчи давлатлар фуқароларининг мамлакатга киришини чеклаш имконини беради.

Бироқ, бу масала Вазирлар маҳкамаси йиғилиши кун тартибига киритилмади. Домбрава X ижтимоий тармоғида маълум қилишича, коалициядаги ҳамкорлар бу мавзуни муҳокама қилишга «тайёр эмас эди». Латвия Ички ишлар вазирлиги таклифни ҳукуматнинг кейинги йиғилишларидан бирида яна кўриб чиқишни режалаштирган.

Кейинроқ, 30 сентябрь куни Домбрава Латвияда Ўзбекистоннинг икки фуқароси — Акбар Абдиҳакимов ва Беҳруз Шариповнинг вақтинча яшаш рухсатномалари бекор қилинганини маълум қилди. Уларга мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этиш учун етти кун муҳлат берилган, акс ҳолда мажбурий депортация қилиниши белгиланган. Бунга Царникава шаҳрида юз берган ҳодиса сабаб бўлган. Унда икки ўзбекистонлик ўз сўзларига кўра, кўнгилочар мақсадда оққушга ҳужум қилган. Рига суди уларни вояга етмаганлар ҳузурида оққушни қийнашда айбдор деб топиб, 3 йил 11 ой муддатга пробация назоратига ҳукм қилган. Шунингдек, уларга тўрт йил давомида ҳар қандай ҳайвонни боқиш тақиқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ