Тожикистон ИИВ фолбинлар, фоҳишалар ва сохта воизлардан иборат маълумотлар базасини яратди

expert.ru сайти фотосурати

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги фолбинлар, жодугарлар, сохта диний арбоблар, шунингдек, бундай фирибгарликка қўл урган бошқа фуқаролар киритиладиган махсус маълумотлар базаси яратилганини маълум қилди. Куч ишлатар идоранинг сайтида жойлаштирилган маълумотларга кўра, ушбу рўйхатга уларнинг мижозлари ҳам киритилади.

Ички ишлар вазирлиги айни шу қора рўйхатга фоҳишалар, гиёҳвандлар ва тақиқланган моддаларни тарқатишга алоқадор шахсларни ҳам киритади. Маълумотлар базасида уларнинг исми-шарифи ва бошқа маълумотлари кўрсатилади.

Вазирлик таъкидлашича, бу чоралар қонунга зид хизматлар кўрсатувчи фуқароларни доимий назоратда ушлаб туриш мақсадида амалга оширилади. Бундан ташқари, ушбу шахслар ҳақидаги маълумотлар сўровга биноан бошқа идораларга ҳам тезкорлик билан тақдим этилади.

Вазирлик Тожикистон фуқароларини фолбинлар, сохта воизлар ва маълумотлар базасига киритилган бошқа ҳуқуқбузарлар билан алоқа қилишдан сақланишга чақиради. Бу орқали қора рўйхатга тушиб қолиш ва ўз обрўсига путур етказишнинг олдини олиш мумкинлиги таъкидланади.

«Азия-плюс» нашри эслатишича, Ички ишлар вазирлиги 2024 йилдаёқ фолбинлар ва жодугарларга мурожаат қиладиган фуқароларни ҳисобга олиш нияти борлигини маълум қилган эди. Ўшанда бир ой ичида тегишли реестрга 150 нафардан ортиқ киши киритилгани айтилган.

Душанбе ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида республиканинг фақат пойтахтининг ўзида фолбинлик билан шуғулланишга оид 93 та ҳолат аниқланган. Илгари ҳам бундай фаолият учун маъмурий жавобгарликка тортилган беш нафар гумонланувчига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган. Фолбинлар ва жодугарларга мурожаат қилган 11 нафар мижоз эса жаримага тортилган.

Тожикистон ҳукумати «сеҳр-жоду хизматлари» кўрсатувчиларга қарши бир неча йилдан бери кураш олиб бормоқда. Бундай ҳаракатлар учун ҳисоб-китоб кўрсаткичининг 100 бараваригача — 7,8 минг сомони (826 доллар) миқдорида маъмурий жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

Қоидабузарлик такроран содир этилган тақдирда, шахслар жиноий жавобгарликка тортилади. Кодекснинг тегишли моддасига мувофиқ, жодугарларга нисбатан анча катта миқдорда — 150 минг сомонигача (тахминан 16 минг доллар) жарима қўлланилиши мумкин. Энг оғир жазо эса бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳисобланади.