Ўзбекистондаги бизнес уюшмаси ва иқтисодчилар шакар импортига квота жорий этилишига қарши чиқишди

Ўзбекистоннинг Алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси (UzBev) 2027 йил 1 январдан бошлаб оқ шакар импортига йилига 300 минг тонна миқдорида квота жорий этилишига қарши чиқди. Бу ҳақда ассоциация ижрочи директори Алфия Мусинага таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

«Бундай чора ўта муҳим хомашёдан фойдаланиш имкониятини чеклаши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар харажатларини ошириши ва бир тармоқни қўллаб-қувватлаш харажатларини бутун озиқ-овқат саноати ҳамда истеъмолчилар зиммасига юклаши мумкин», — дейилади ассоциация баёнотида.

Ўзбекистоннинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 650–700 минг тонна деб баҳоланади. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–сентябрь ойларида мамлакат 440,1 миллион долларлик 652,8 минг тонна шакар ва хом шакар импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга кўп. Бироқ импортнинг умумий ҳажмини квота билан тўғридан-тўғри таққослаб бўлмайди: статистикада қайта ишлаш учун олиб келинган хом шакар ҳам ҳисобга олинади, чеклов эса оқ шакарга тааллуқли.

«Шакардан фойдаланиш имкониятининг чекланиши маҳсулот таннархи ошишига, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги пасайишига ва инфляция босими кучайишига олиб келиши мумкин», — дея огоҳлантирди UzBev раҳбари.

Эътирозлар квоталарни жорий этиш механизмига ҳам тааллуқли. 2026 йил 29 июлдаги 416-сон қарор тариф квоталарини қўллашнинг умумий тартибини белгилайди ва белгиланган ҳажмдан ортиқ маҳсулотни бож тўлаш шарти билан олиб киришга рухсат беради. Бироқ, оқ шакарга квота белгилайдиган 417-сон қарорда бож ставкалари кўрсатилмаган ва лимит тугаганидан кейин хомашё импортига рухсат берилиши ёки берилмаслиги тушунтирилмаган.

«Амалда бундай механизм тариф квотаси эмас, балки импортнинг ўзини чеклайдиган миқдорий квота бўлиб чиқиши мумкин», — деб ҳисоблайди Мусина.

Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистон аъзо бўлишга тайёрланаётган Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидалари нуқтаи назаридан саволлар туғдиради. Тарифлар ва савдо тўғрисидаги бош келишувнинг (ГАТТ 1994) XI:1-моддаси импортга миқдорий чекловлар жорий этишни тақиқлайди.

«Импорт квотасини шунчаки “тариф квотаси” деб қайта номлаш муаммони ҳал қилмайди: ЖСТ чоранинг номини эмас, балки унинг мазмуни ва савдога амалдаги таъсирини баҳолайди», — дейилади баёнотда.

Яна бир тафовут квоталарни электрон аукционлар орқали тақсимлаш билан боғлиқ. Бундай тартиб 416-сон қарорда назарда тутилмаган. Ассоциация савдоларда иштирок этиш мезонларини ва барча учун тенг имкониятлар кафолатларини эълон қилишни талаб қилмоқда.

Давлат ташкилотларини маҳаллий ишлаб чиқарилган шакар билан устувор тартибда таъминлаш, шунингдек, шакар заводларини молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам саволлар туғдиради. Бундай ёрдам кредитларни қайта тузиш, 50 миллион доллар инвестиция киритиш ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплашни ўз ичига олади. Ассоциация бундай ёндашув амалда келиб чиқишига қараб импорт шакарини харидлардан чиқариб ташлашга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. UzBev таъкидлашича, корхоналарни субсидиялашнинг ўзи ЖСТ қоидалари билан тақиқланмаган, аммо муайян компаниялар ёки тармоқларни манзилли қўллаб-қувватлаш ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланиши керак.

Яна бир эътироз 417-сон қарорга «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) белгиси қўйилгани билан боғлиқ. Ҳужжат Lex.uz базасида эълон қилинмаган, бу эса компанияларга янги талаблар оқибатларини баҳолаш имконини бермайди. Ассоциация ушбу ҳужжатдан фойдаланишни чеклашнинг ҳуқуқий асослари юзасидан Адлия вазирлигидан тушунтириш олишни режалаштирмоқда.

«Президент даъват этаётган тамойил ҳар бир давлат қарорининг асоси бўлиши керак. Айниқса, қарор бизнес, инвестициялар, иш ўринлари ва фуқаролар фаровонлигига таъсир кўрсатса», — дея таъкидлайди Мусина ва Шавкат Мирзиёевнинг очиқликка чақириқларини эслатади.

UzBev қарорни эълон қилиш, очиқ муҳокама ўтказиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга чақирмоқда.

«Янги ривожланаётган бир тармоқни (infant industry) ҳимоя қилиш бошқа минглаб корхоналарни заифлаштирмаслиги керак. Барқарор ўсиш бозорни ёпиш орқали эмас, балки олдиндан маълум қоидалар, ҳалол рақобат ва хомашёдан тенг фойдаланиш имконияти орқали таъминланади», — дея хулоса қилди Альфия Мусина.

«Хизмат доирасида фойдаланиш учун» белгиси қўйилган қарорнинг эълон қилиниши айрим иқтисодчиларнинг ҳам танқидига сабаб бўлди.

Юлий Юсупов ўзининг таҳлилида шакар саноатини 1996 йилдан бери Ўзбекистонда импорт ўрнини босиш сиёсати қандай ишлаётганини кўрсатувчи мисол деб атади. Унинг баҳолашича, бу тизим «қўллаб-қувватланадиган» компанияларга имтиёз ва субсидиялар бериш, импорт рақобатчилари учун тўсиқлар яратиш ҳамда давлат харидларида устуворлик беришни ўз ичига олади. Имтиёзлар тугагач, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардош эмаслиги маълум бўлади ва қўллаб-қувватлаш чоралари узайтирилади. Юсупов бундай сиёсатни иқтисодий самарасизлик ва коррупция билан боғлайди, ҳужжатнинг ёпиқлигини эса унинг муаллифлари кўзда тутилган чоралар мазмунини ошкор қилишни истамаслиги билан изоҳлайди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эътибор қаратганидек, ёпиқ қарорда квоталар жорий этилишини асословчи бирорта ҳам далил келтирилмаган.

«Шакар импортига квота жорий этиш — шакар импорти коррупция схемалари орқали муайян доиралар томонидан назорат қилинган эскирган бошқарув усулларига қайтишдир», — деб таъкидлайди иқтисодчи.

Бакиров мансабдорлар назоратидаги «ўз одамлари» бўлган шакар савдогарлари пайдо бўлишини ва ушбу маҳсулот «коррупция товар»ига айланишини башорат қилади. Унинг таъкидлашича, «Ўзбекистонда ортида кимдир ёки қандайдир гуруҳ турмаган бирорта ҳам ёпиқ қарор йўқ (ҳар ҳолда, қарорда уларнинг “қулоқлари” кўриниб туради)». Иқтисодчининг фикрича, шакар импортига квота жорий этиш ҳақидаги ёпиқ қарор ҳам бундан мустасно эмас.

▪️ 2026 йил 30 июлдаги 417-сон қарорга мувофиқ, Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан бошлаб оқ шакар импортига йилига 300 минг тонна квота жорий этади. Ҳажм уч тоифадаги корхоналар ўртасида тақсимланади: ичимликлар ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна. Квоталарни электрон аукционлар орқали тақсимлаш режалаштирилган, платформани 2026 йил 1 декабрга қадар ишга тушириш топширилган. Ҳукумат квота ҳажмларини ҳар олти ойда қайта кўриб чиқиши мумкин.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш ҳажми камайиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. Бу 2024 йилнинг шу давридаги 227,8 минг тонна ва 2023 йилдаги 332,6 минг тоннадан кам. Айни пайтда, мамлакатда фаолият юритаётган иккита шакар заводининг умумий лойиҳавий қуввати йилига 900 минг тоннадан ошади, улар фойдаланадиган хомашёнинг катта қисми эса импорт қилинади.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда оқ шакар импортига белгиланган 20 фоизлик акциз солиғи бекор қилинди, аммо 20 фоиз миқдоридаги божхона божи сақланиб қолди. 2025 йилда фақат Россиянинг ўзи республикага 417 минг тонна шакар етказиб берган. Маҳсулот, жумладан, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам келтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ