Никимбаев: 2027 йилги Осиё кубогини бошқа муддатга кўчириш бўйича қарор қабул қилинган

ОФК фотосурати

2027 йилги футбол бўйича Осиё кубогини бошқа муддатга кўчириш ҳақида қарор аллақачон қабул қилинган. Бу ҳақда расман келаси ҳафта охирига қадар эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда футбол эксперти Алишер Никимбаев ўзининг «Футболиум» Telegram-каналида ўз манбасига таяниб хабар берди.

«Зағизғон думига илиниб келган хабарга кўра, 2027 йилги Осиё кубогини бошқа муддатга кўчириш ҳақида қарор аллақачон қабул қилинган, аммо бу ҳақда келаси ҳафта охирига қадар эълон қилинади. Зағизғон рост гапираяптими ёки йўқми, буни текшириш учун бир неча кун кутиб турамиз», — деб ёзади Никимбаев.

Шунга ўхшаш хабарлар хорижий матбуотда ҳам пайдо бўлган. Япониянинг Football Tribe нашри Осиё кубоги 2027 йил январидан декабрь ойига кўчирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Япония нашри ўз навбатида уммонлик журналист Исо Саиднинг маълумотларига таянган. Унинг таъкидлашича, мусобақани кўчириш ҳақидаги маълумотни Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ичидаги манбадан олган. Журналистнинг айтишича, расмий эълон ҳам яқин кунларда берилиши кутилмоқда.

ОФК ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган. Бундан ташқари, 26 октябрь куни конфедерация мусобақа ўйинлари бошланиш вақтини ва стадионларни эълон қилган эди. Амалдаги тақвимга кўра, Осиё кубоги 2027 йил 7 январдан 5 февралга қадар Саудия Арабистонида ўтказилиши керак.

Саудия Арабистонида хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашаётгани фонида мусобақани кўчириш имконияти октябрь ойидан буён муҳокама қилинмоқда. ОФК президенти шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа аввалроқ конфедерация вазиятни кузатиб бораётганини ва зарурат туғилса, Осиё кубогини кейинроқ муддатга қолдириши мумкинлигини маълум қилганди. У вариантлардан бири сифатида мусобақани 2028 йилда ўтказишни ҳам тилга олган.

Осиё кубогида 24 та миллий терма жамоа иштирок этиши керак. Мусобақада Марказий Осиёдан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари қатнашади.