Ўзбекистоннинг Repost.uz, Pressa.uz ва Oblako.uz интернет нашрлари ижтимоий тармоқлардаги хабарларни ўчиртириб, сўнгра муаллифлик ҳуқуқи бузилгани бўйича шикоятни қайтариб олиш учун пул талаб қилаётган товламачиларга дуч келди. Айрим ҳолатларда товламачиларга пул ўтказиб берилган ва шундан сўнг даъволар бекор қилинган, дея хабар бермоқда Repost.uz.
Ғаразгўйлар Instagram ва Facebook’даги муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларидан фойдаланмоқда. Улар ўзларини муаллифлик ҳуқуқи эгаси сифатида кўрсатиб, ОАВларнинг видеолавҳалари ва бошқа постлари устидан шикоят юбормоқда. Ижтимоий тармоқлар баҳсли материалларни ўчириши ва аккаунтлар фаолиятини чеклаши мумкин. Кетма-кет келиб тушган бир нечта шундай эътироз кўп минг сонли аудиторияга эга саҳифаларнинг бутунлай блокланиши хавфини юзага келтиради.
Муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги билдиришномаларда аризачиларнинг алоқа маълумотлари кўрсатилади. Таҳририят вакиллари вазиятни ҳал этишга уринганида, номаълум шахслар шикоятни қайтариб олиш эвазига пул талаб қилади. Жабрланган ОАВларнинг маълумотларига кўра, маблағ ўтказилгач, айрим даъволар саноқли дақиқаларда қайтариб олинган. Шу билан бирга, нашрлар айнан ким фирибгарларга пул тўлаганига ва гап қандай суммалар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.
Баъзи ҳолларда товламачилар ижтимоий тармоқлар ходимлари билан алоқалари борлигини таъкидлаб, алоҳида ҳақ эвазига блокланган саҳифаларни тиклаб беришни таклиф қилмоқда. Бироқ бундай алоқалар мавжудлигига оид ҳеч қандай далил йўқ. Шунингдек, тўловдан сўнг кириш ҳуқуқининг тикланиши воситачиларнинг ҳаракатларига боғлиқми ёки шикоятларни кўриб чиқишнинг одатий тартиби билан бир вақтга тўғри келиб қолганми — бу ҳам аниқланмаган.
Зарба остида нафақат янгиликлар, балки таҳририятларнинг ўзлари тайёрлаган ёки буюртмачилар томонидан тақдим этилган реклама эълонлари ҳам қолмоқда. Уларнинг ўчирилиши ОАВларга молиявий зарар ва реклама берувчилар олдидаги мажбуриятларнинг бузилиши билан таҳдид солади. Жабрланган нашрлар аризачиларнинг электрон манзиллари, шикоят матнлари ва пул талаблари бир-бирига ўхшашлигига эътибор қаратди. Бу уюшган ҳаракатлардан далолат бериши мумкин, бироқ алоҳида ҳолатлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш ҳозирча имконсиз бўлиб қолмоқда.
Деярли бир хил бўлган товламачилик схемасини 2026 йил 8 сентябрдаёқ BBC фош этган эди. Журналистлар Instagram’даги оммабоп саҳифалар эгалари ҳақида сўзлаб бериб, номаълум шахслар уларни муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги сохта шикоятлар билан блоклаш билан қўрқитганини билдирган. Жабрланганлардан бири, 1,5 миллион обуначига эга саҳифа эгаси ўз аккаунтига киришни тиклаш учун фирибгарларга криптовалютада 50 доллар тўлаган. Аммо кўп ўтмай яна ҳужумга учраган.
BBC суриштирув давомида материалларнинг муаллифлик ҳуқуқи эгаси бўлмаса-да шикоят юборган уч нафар шахс билан гаплашишга муваффақ бўлди. Meta вакиллари Британия корпорациясига ўчирилган постларни тиклаганликларини ва жабрланган аккаунтларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўрганликларини маълум қилди. Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар бундай ҳужумлар қурбонларига товламачиларга пул тўламасликни тавсия қилди, чунки бу шикоятлар тўхташига кафолат бермайди ва янги талабларни келтириб чиқариши мумкин.
Бундан ташқари, BBC суриштируви эълон қилинишидан аввалроқ, 28 август куни Озарбайжоннинг саккизта мустақил ОАВи шунга ўхшаш ҳодисалар бўйича биргаликда баёнот берган эди. Уни Abzas Media, Meydan TV, Toplum TV, Qəzet.i, Mikroskop Media, Azadlıq Qəzeti, HamamTimes ва Azərbaycan Saatı имзолаган. Ўша вақтга келиб муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги шикоятлардан сўнг бир нечта нашрнинг Instagram ва Facebook саҳифалари блоклаб қўйилган эди.
Озарбайжонлик журналистлар келиб тушган шикоятларни солиштириб, электрон манзиллар, аризачилар ҳақидаги маълумотлар ва шикоят топшириш усуллари бир хил эканини аниқладилар. Таҳририятлар юз бераётган воқеаларни мустақил матбуотга қарши мувофиқлаштирилган босим кампанияси деб баҳолади. Улар биргаликда Meta’дан шикоятлар келиб тушишини текширишни, аризачиларни тафтиш қилишни ва блокланган аккаунтларни тиклашни талаб қилди. Бундан ташқари, ОАВлар матбуот эркинлиги ва рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Озарбайжон таҳририятлари ўз баёнотида товон пули талаб қилингани ҳақида билдирмаган.
Шу тариқа, Ўзбекистон ОАВларига уюштирилган ҳужумлар вақтига келиб, ғаразгўйларнинг бундай ҳаракат механизмлари халқаро матбуотда батафсил ёритилган эди. Шунга қарамай, Repost.uz, Pressa.uz ва Oblako.uz нашрларининг хабарларида на BBC суриштируви, на озарбайжонлик ҳамкасбларнинг тажрибаси тилга олинган.
Ўзбекистон таҳририятларига қилинган ҳужумлар BBC хабар берган фирибгарларга ёки Озарбайжон нашрларига қарши шикоятларга боғлиқми-йўқми, номаълум бўлиб қолмоқда.



