Тоғда ўсмир ҳалок бўлганидан сўнг ишдан бўшатилган Қирғизистон ФВВ ходими ҳибсга олинди

Азис Эгембердиев. akipress.org сайтидан олинган сурат

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ҳузуридаги Инқирозли вазиятларда бошқариш марказининг собиқ раҳбари Азис Эгембердиев 2027 йил 13 январгача қамоққа олинди. Бу ҳақда тегишли қарорни Бишкекнинг Биринчи май туман суди қабул қилди, деб хабар беради «АКИpress».

Шу тариқа, эҳтиёт чорасини белгилаган суд инстанцияси тергов гуруҳи раҳбарининг илтимосномасини қаноатлантирди. Шунингдек, Эгембердиев республика Жиноят кодексининг 337-моддаси 2-қисми («Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») бўйича жиноят содир этганликда айбланаётгани маълум бўлди.

ФВВ Инқироз маркази раҳбари 11 ноябрь куни Ола-Арча тоғларида адашиб қолиб, қутқарувчилар ёрдамини кутиб тополмаган 14 ёшли Амир Кунакунов билан боғлиқ фожиадан сўнг ишдан бўшатилган эди.

Бироқ, туман суди матбуот хизмати кейинроқ аниқлик киритишича, Эгембердиев ўсмирнинг ўлими билан боғлиқ бўлмаган иш бўйича жавобгарликка тортилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Кунакунов билан юз берган фожиали ҳодисадан сўнг, ФВВдан Қутқарувчиларни тайёрлаш давлат маркази раҳбари Тинарбек Мурашов ва вазир ўринбосари Алмазбек Асанов ҳам ишдан бўшатилганди. Дарвоқе, Асановнинг ўрнига янги раҳбар топилди — 23 ноябрь куни вазирлик ушбу лавозимни энди Замирбек Надирбеков эгаллаганини маълум қилди.

ФВВ раҳбари Канатбек Чинибаев ўз лавозимини сақлаб қолди, аммо мамлакат президенти Садир Жапаровдан ҳайфсан олди.

14 ёшли ўсмир билан боғлиқ фожиа 7 ноябрь куни юз берган. Тоғдан тушаётганда адашиб қолганини тушунган Амир Кунакунов фавқулодда хизматларнинг ягона рақамига қўнғироқ қилган. ФВВ ходимлари геолокация орқали боланинг аниқ турган жойини аниқлаган. Бироқ навбатчи қутқарувчилар гуруҳига маълумот кеч — ёрдам сўраб қилинган қўнғироқдан уч соат ўтиб етказилган. Вазирлик бу кечикишни тоғли ҳудудда уяли алоқа йўқлиги билан изоҳлади.

Қидирув операцияси кейинги икки кун давомида давом этган. 9 ноябрь куни Амирнинг жасади Электро чўққиси яқинидан топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ўсмирнинг ўлимига совуқ қотиш сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ