Устюрт платоси – юзлаб километрга чўзилган, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ҳудудида жойлашган улкан кенгликдир. Ёзда бу ерда чидаб бўлмас жазирама иссиқ ҳукм суради, қишда эса бу ерлардаги совуқ шамол этни игнадек тешади.
Биз ҳайдовчи билан икковлон йўлга отланган кунни иссиқ деб бўлмасди. Лекин Нукусда Қуёш порлаб турарди. Бироқ пойтахтдан шимол томонга бир соатча юриб, Қўнғиродда машинадан тушганда — музлаб қолдим.
Устюрт ичига кириб борганинг сари у совуқлашиб борарди. Буни ердаги қор уюмларининг қалинлашиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Бориб-бориб атроф оппоқ қорга бурканиб олди.
Бу пайтлар даштда мутлоқ одам бўлмайди, кўкламда эса бу ерларда “Адай” уруғига мансуб қозоқлар пайдо бўлади. Уларнинг туя ва қўйлари чўпонлар томонидан аллақачон бўлиниб олинган қудуқлар яқинида ўтлайдилар. Чорвадорлар ҳам тараққиётдан ортда қолмаганлар: ҳар бир оила тракторга улаш мумкин бўлган вагончикларда яшайди. Вагончикка эса бошқаси, керакли лаш-лушлар билан тўлдирилгани уланади. Унга эса квас ва пиво сотиладиган бочкага ўхшаш ғилдирак устига ўрнатилган сув бочкаси уланади. Бу каби “карвон”лар эгаларига қулайлик туғдирган ҳолда баҳорги ва ёзги мавсумда қўчиб юради.
Бундан бир неча ўн йиллар олдин бу ерларда сайр қилиш хавфли бўлган: ўзинг билан кўп сув ололмайсан, йўлдан адашиб қолишинг мумкин, излаб топган қудуғинг ҳам қуриб қолган бўлиши мумкин.
Қаттиқ режимли колонияси билан ном чиқарган “Жаслиқ” турар жойи ва ҳарбий полигонидан ўзоқ бўлмаган ерда “Устюртни жиловлаганлар” сўзлари битилган ёдгорлик мавжуд. «Бу ерда 19-VII-1956 йили ГГУ талабаси Елена Серебровская вафот этган», – ёзувига кўзингиз тушади.
Собиқ геолог бўлмиш ҳайдовчимнинг сўзларига кўра, ўша пайтлар бу ерларда бир неча геодезистлар бўлажак темир йўл қурилиши учун ишлар олиб борганлар. Уларнинг ичида тажриба орттиргани келган Горький давлат университети талаба қизи ҳам бўлган. Уларнинг суви тугаб қолади. Геодезистлар қидириб бир қудуқни топадилар. Лекин унинг жуда чуқурлиги сабаб, кийимларни йиртиб арқон ясайдилар. Лекин арқон қудуқ тубига етиб бормайди. Оқибатда ташналик ва қуёш зарбасидан қиз ҳалок бўлади.
Бу ердан қайтиб келгандан сўнг, интернетда бошқа бир воқеа тафсилотини ўқиб қолдим. Унга кўра, қайноқ июль кунларининг бирида геодезистлар кетаётган “газик” машинаси бузилиб қолади. Эркаклар қизни қолдириб, ўта чанқаганда радиатор сувидан ичишни маслаҳат берадилар. Ўзлари эса ёрдам излаб кетадилар. Эркаклар қайтиб келгач, қизни тополмайдилар. Улар атрофни қидириб, сув топиш илинжида ерни ковлаб тирноқлари қонаб кетган ва охир-оқибат ташналикдан ўлиб ётган қизни учратадилар...
Чўлдаги ушбу ёдгорлик – эрта ҳазон бўлган бир инсон қисматидир. Бу ёдгорлик пойига гул тўшамайдилар. Унинг ёнидан ўтган ҳайдовчилар қизнинг қабри ёнига сув тўлдирилган пластмасса бутилкасини қолдириб кетадилар. Устюрт ҳазилни ёқтирмайди.