Бухоронинг форсий излари

Эронликлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига милоддан аввали кўчиб келишган

«Фарғона» ўз ўқувчиларини Ўзбекистонда истиқомат қиладиган этник жиҳатдан кам сонли халқлар вакиллари билан таништиришни давом этади. Санкт-Петербурглик сураткаш Алина Тарабаринова ўзбек корейслари,юнонлари, дунган ва немислари ҳақида сўзлаб берганди. Бугунги фотоочерк ва фильм бу қадим тупроқда яшовчи эрониларга бағишланган.

***

Мен учун эронилар (эронликлар) дунёсини кашф этишда Шавкат Болтаев йўлчи юлдуз бўлди. У Бухорода тўғилган, миллати — эрони, фотограф, рассом.

Шавкат Болтаев . Алина Тарабаринова фотоси

Мен унинг Бухородаги уйида бир неча кун меҳмон бўлдим. Ҳозирда у USTO арт-хостелига айлантирилган. Мен яшаган кунлар бу жой эронча такаллуф, таомлар, урф-одатлар, ибодат ва мусиқага бой бўлди. Мен эрони ва туркий халқларда кенг нишонланадиган баҳор байрами -Наврўзда, Мадина Тўхтамуродова таклифига кўра тўйдан кейин ўтказиладиган маросим — Келин-Талбонда иштирок этдим.

Хуллас калом, омадим чопганди.

Эронликлар баланд овозда гурунг қиладиган, доимо кулиб турадиган одамлар экан. Уларнинг нигоҳидан яширинолмайсан киши.

Ҳар бир оила меҳмондўст, ширинсўз экан.

Деярли барча эронилар русчани яхши билар, лекин оилада ўз она тили — форсийда гапиришади. Улар ўзларининг урф-одатлари, миллий либосларини сақлаб қолишган. Гарчи вақт барчага бирдек ўз ҳукмини ўтказса-да, лекин эронилар узоқдан кўзга ташланадилар .

Шавкат билан кўчага чиқсак бас: дарҳол уни учрашув, мачит ёки қабристонга бориш, кимнидир зиёрат қилиш билан боғлиқ юмушлар гирдоби тортиб кетарди.

Эронликлар — Ўрта Шарқда истиқомат қиладиган энг қадим халқлардан бири саналади.

Эрон ва Ўрта Осиё халқларининг ўзаро алоқалари бундан тўрт минг йиллар олдин бошланган. Эронликларнинг ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши Аҳаменидлар давлати, милоддан аввал 553 йили шоҳ КирII нинг салб юриши даврига бориб тақалади. Улар Искандар Зулқарнайн даврида ҳам, Буюк Ипак йўлидаги савдо-сотиқ гуллай бошлаган Сасанидлар ҳукмронлиги пайтида ҳам бу ўлкага кўчиб кела бошлаганлар.

Кўпчилик эронликлар Сомоний ва Қорахонийлар даврида савдо, илм-фан, ишлаб чиқариш юмушлари билан келиб қолганлар. Улар Ўрта Осиёга Шоҳ Аббос, Музаффар Эддин даврида ҳам кўчиб келганлар. 1740 йили Бухоро ва Хива Нодиршоҳ давлати таркибига киритилган. У пайтлар бу ерларга кўплаб усмонли турклар, афғонлар кўчиб келишади. Айрим эронликлар бу юртга урушдан олинган асирлар сифатида ҳам келиб қолишган. Лекин кўпчилик эронликлар куч билан Марвдан Бухоро ва Самарқандга кўчириб келинган. Кейинчалик улар Жиззах, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз ва Хива шаҳарларида жойлашиб қолганлар.

Эронликлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, боғдорчилик билан шуғулланганлар. Лекин уларнинг аксарияти савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланганлар. Эронликлар қандолатчилик, гиламдўзлик, заргарлик ишлари билан ҳам шуғулланганлар. Ҳунармандлар орасида заргарлар, мисгарлар кўпчиликни ташкил этган. Улар, шунингдек, ипакдан қимматбаҳо шойи матолар тўқишган. Шохи адрасдан рўмоллар тикилган, жойпушлар тайёрланган.

«Эрони» сўзи кейинги уч,тўрт юз йиллар орасида турли сабаблар билан Ўрта Осиёга келиб қолган этник гуруҳга нисбатан ишлатилади. Айрим ҳолларда «эрони» сўзи яқин тарихда (1924-1938) Эрондан кўчиб келган одамларга нисбатан ҳам қўлланилади. Қадимда уларга нисбатан «форсий» ёки «маври» сўзлари қўлланилган. Ўрта ёшли эронликлар Бухорода ўзларини расман тожик ёки ўзбек деб атайдилар. Турктилли эронликлар (Самарқандда) ўзларини ўзбек ҳисоблайдилар.

Биз Юсуф Қурбони билан эронликлар яшайдиган Зирабод шаҳарчасига бордик. У ердаги масжид ва мактаб музейига ташриф буюрдик.

Ўрта Осиёлик эронилар ислом динининг шия масҳабига мансубдирлар. Биз имом Сайид Ҳусайн уйига меҳмонга бордик. Шундан сўнг қабристонни бориб кўрдик.

Бухоро — музей шаҳардир. Унинг қадим, тор кўчалари бўйлаб юраркансан нақшинкор эшиклар, минораларга дуч келасан. Қаршингда гоҳ рўмол ўраган, узун кўйлак кийган аёл ёки бош кийимда, қўлида қамчи ушлаб олган эркакка дуч келишинг мумкин. Уларга боқиб тарихнинг қайси палласида турганингнинг ҳис қилгинг келади, сўнг қаердадир янграётган гўзал мусиқа томон отланасан.

Комил Авезов, мусиқачи. Алина Тарабаринова фотоси

Барча қаҳрамонларим ва Борис Голендер сўзлаган тарихий маълумотлар билан ҳужжатли фильмда танишингиз мумкин.

Эронликлар мен учун бир томондан тушунарсиз ва етиб бормас, иккинчи томондан қадрдон ва қалбингни ларзага келтирувчи мусиқага айланиб улгурдилар.

Фото ва видео муаллиф Алина Тарабаринованики

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ