Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТЮРКСОЙ) 2020 йилда Хива шаҳрини «туркийлар дунёсининг маданий пойтахти» деб эълон қилди. Ўтган йили ушбу мақом Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига берилганди. 2012 йилдан бери тўққиста шаҳар шундай шарафли номга эга бўлган. «Фарғона» машкур шаҳарларни бир қатор эслашга қарор қилди.
-
2012 йилда туркий оламнинг маданий пойтахти мақомини қабул қилган биринчи шаҳар Қозоғистоннинг Остона, ҳозирги кунда Нур-Султан шаҳри бўлганю 1830 йилларда рус казаклари томонидан ташкил қилинган шаҳар Акмолинск номини олган ва маҳаллий қабилалардан ҳимоя қилувчи қалъа вазифасини бажариши лозим бўлган. Совет даврида шаҳарни Целиноград деб номлашди, 1992 йилдан 1998 йилгача эса шаҳар Акмола деб номланган. Мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултан Назарбаев 1997 йилда Акмолани республика пойтахти деб эълон қилган, 1998 йилда эса унинг номини Остонага ўзгартирган. 2019 йилнинг 23 март куни Қозоғистоннинг янги раҳбари Қосим-Жўмар Тоқаев шаҳарни биринчи президент Назарбаев шарафига Нур-Султан номига ўзгартириш ҳақидаги фармонга имзо қўйди. Қозоғистоннинг ҳозирги пойтахти ўзига хос, ўта замонавий меъморий ечимлари билан машҳур.
-
2014 йилда ушбу мақом Қозон шаҳрига берилди. Татаристоннинг пойтахти энг қадимги Россия шаҳарларидан бири бўлиб, 2005 йилда ўзининг минг йиллик байрамини расмий нишонлади. Шаҳар “Россиянинг учинчи пойтахти” (Москва ва Санкт Петербургдан кейин) номли рўйхатга олинган брендига эга. Қозон чиройли табиий ва меъморий обидалари, татар халқининг тарихий ва маданий ёдгорликлари билан машҳур бўлиб, аввало Қозон Кремли алоҳида таҳсинга лойиқдир.
-
2018 йил маданий пойтахт сифатида Туркиянинг Кастамону шаҳри белгиланди. Эҳтимол бу шаҳар нафақат минтақадаги, балки дунёдаги энг қадимги шаҳарлардан биридир. Унга эрамиздан аввалги XVIII асрда асос солинган. Антик даврда шаҳар Тимонион деб номланган. Эрамиздан аввалги I асрда шаҳар Рим томонидан босиб олинган, ундан кейин эса Византия империяси таркибига кирган. XIV асрдан бошлаб Кастамону кичик турк амирлиги – Жондорнинг пойтахтига айланади ва кўп ўтмай мазкур амирлик Усмонийлар империяси томонидан маҳв этилади. Кастамону кичик шаҳар бўлиб, 2000 йилда ўтказилган рўйхатга олиш натижаларига кўра у ерда 60 000 дан бироз ортиқ киши истиқомат қилган.
-
2019 йилда туркий олам пойтахти сифатида Қирғизистоннинг Ўш шаҳри танланди. Аҳоли зичлиги бўйича Бишкекдан кейин иккинчи ўринда турувчи шаҳар республиканинг жанубий пойтахтидир. 2000 йилда Қирғизистон президенти Аскар Акаевнинг фармонига кўра Ўш шаҳрининг 3000 йиллиги тантанали равишда нишонланди. Бироқ у ҳақидаги илк маълумот эрамизнинг IX асрига мансубдир. Лекин шундаям у мамлакатнинг энг қадимги шаҳридир. Ўзининг узоқ йиллик тарихи мобайнида шаҳар турли давлатлар таркибига кирган. Шаҳарнинг ўзида Қирғизистоннинг машҳур маданий объекти – муқаддас Сулаймон-Тоо тоғи жойлашган бўлиб, у 2009 йилда мамлакатда биринчилардан ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
-
2017 йилнинг маданий пойтахти – Қозоғистоннинг энг қадимги шаҳарларидан бири Туркистон шаҳридир. Бу ерда илк аҳоли тахминан 500- йилда истиқомат қила бошлаган. Х асрдан бошлаб шаҳар Шавгар, XII асрдан эса Ясси номлари билан машҳур бўлади. Ўрта асрларда Ясси қалъа шаҳарга, XVI-XVIII асрларда эса Қозоқ хонлигининг пойтахтига айланади. Туркистонда кўп сонли маданий ва тарихий ёдгорликлар, жумладан буюк сўфий мутафаккир Хўжа Аҳмад Яссавийнинг мақбараси жойлашган.
-
2020 йил лауреати – Хива шаҳридир. 1997 йилда Хива ўзининг 2500 йиллигини нишонлади. Деворлар ичидаги тарихий Ичан-қалъа ички шаҳри Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, шаҳар-музей мақомига ҳақли равишда эгалик қилади.
-
2016 йилда шарафли мақом Озарбайжоннинг Шеки шаҳрига берилди. У эрамиздан аввалги VIII асрда ташкил топган бўлиб, у даврда Сакасен ёки Саке номига эга бўлган. 1968 йилда Озарбайжон ССР Вазирлар кенгаши шаҳарнинг тепаликдаги “Юқори бош” тарихий қисмини меъморий ёдгорлик деб эълон қилди. Шекида қатор меъморий ва тарихий ёдгорликлар жойлашган бўлиб, шаҳарнинг эски қисми ва Шеки хонларининг саройи ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
-
2013 йилда маданий пойтахт сифатида Туркиянинг Эскишехир шаҳри тан олинди. Унинг номи “эски шаҳар” маъносини бериб, ушбу аҳоли яшаш жойининг тарихига тўлиқ мос келади. Унинг биринчи номи грекча – Дорилей бўлган. Византия ривожланиш даврида у Кичик Осиёнинг энг ривожланган шаҳарларидан бирига айланди. Бироқ XI асрда шаҳар кўчманчи турклар томонидан асосигача йўқ қилинган ва деярли бир аср давомида хароб ҳолда бўлган. XIV асрнинг бошида шаҳар Усмонийлар давлатининг учинчи пойтахтига айланди. Ҳозирги кунда Эскишехир ўзида қадимийлик ва замонавийликнинг ажойиб уйғунлигини жамлаган.
-
2015 йилда турк олами маркази сифатида Туркманистоннинг Мари шаҳри тан олинди. Унга 1884 йилда Россия ҳарбий-маъмурий маркази сифатида асос солинган. Ушбу марказ эрамиздан аввалги I минг йиллик ярмида вужудга келган ва кейинчалик барбод бўлган қадимги Мерва шаҳридан 30 километр узоқликда жойлашган. Мари Мерва давридан қолган қатор археологик ва меъморий ёдгорликлари билан машҳур. Улардан энг қадимгиси Гаур қалъа бўлиб, у эрамизнинг III асрига мансубдир.
Суратлар Ken and Nyetta, Hylgeriak, Sinan Sahin, Hergit, MarinkaGal, A. Savin, Matti Blume ва Dost Wikipedia.org сайтига мансубдир.
ТЮРКСОЙ — туркий тилли давлатларни бирлаштирувчи халқаро ташкилотдир. Унинг бош мақсади туркий халқларнинг бой маданий меросини сақлаб қолиш, уни ривожлантирган ҳолда келажак авлодга етказиб беришдан иборатдир. Ташкилот 1993 йили 12 июлда ташкил топган бўлиб, унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон аъзодир. Мазкур ташкилотнинг бош қароргоҳи Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган.