19-20 июль кунлари Ўзбекистон пойтахтининг қоқ марказида қирғиз ўтовлари пайдо бўлди ва хоҳлаган кимса унга ташриф буюриши мумкин эди.
Тошкентдаги «Кўк гумбазлар» маданият боғида жойлашган «Кыргыз айылы» («Қирғиз қишлоғи») Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида ўтказилаётган Қирғизистон маданият кунларининг оммавий ва оммабоп объектига айланди. 18 июль куни Форумлар саройида қишлоқнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда икки давлат раҳбарлари иштирок этди.
Қирғизистон маданияти кунларида иштирок этиш учун Бишкекдан Тошкентга 250 нафар таниқли санъат ва фан арбобларидан иборат делегацияси етиб келди. Унга Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов раҳбарлик қилди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида учрашувлар ўтказди, Алишер Навоий номидаги кино саройида ўтказилган Қирғизистон киноси кунларини бориб кўрдилар, Ўзбекистон давлат консерваториясидаги концерт, Муқимий номидаги мусиқали театрда спектаклни томоша қилдилар. 22 июль куни Қирғизистон делегацияси қадимий Бухорода бўлиб, у ерда «Қамбаркан» фольклор-этнографик ансамбли, «Ак-Марал» рақс ансамбли ва қирғиз эстрадаси яккахонлари иштирокида гала-концерт намойиш этди.
Ўтовларга, «Кыргыз айылы»га қайтамиз. Уч миллион нуфузга эга Тошкентда деярли ҳар дам олиш кунлари ҳар бир дидга мос ўнлаб маданий тадбирлар бўлиб ўтади, уларнинг ҳар бирининг ўз аудиторияси, ўз мутахассислари ва билимдонлари бор. Очиқ ҳавода ва оммабоп мавзуларда бўлиб ўтадиган тадбирлар шаҳар аҳлининг эътиборини тортади. Метрополнинг топографик марказидаги очиқ амфитеатрнинг периметри бўйлаб икки қатор анъанавий қирғиз ўтовларини ўрнатиш чиройли ечим бўлди — замонавий шаҳар ландшафтида анъанавий халқ ҳаётини намойиш этиш ғояси каби. Ўзбекистон халқи анъаналарни яхши кўради. Ўзбекистонликлар ўз маданияти қатори, ўзгалар қадриятларини ҳам қадрлашни биладилар, қўшни мамлакатлар ва халқларнинг тарихи ва маданияти билан қизиқадилар.
Қирғиз ўтови — маданий тақдимот учун идеал объектдир. Бу нафақат қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган шинам ва ҳар жиҳатдан амалий кўчманчининг уйи ҳисобланади. Бу осмон ва ерни, йил фаслларини, оила ва ватанни ўзига жамлаган олам тасвиридир. Анъанавий маданият, тадбир ва маросимлар, ҳунармандчиликнинг аксарияти ўтов билан боғлиқ. Қирғиз тилида журт сўзи халқ, уруғ, аждодлар юрти маъносини билдиради. Ата-Журт — ватан, ота уйи ва ота уруғини англатади.
Қирғиз ўтовларининг деворлари қайин шохларидан ясалган. Ташқи томондан улар зич қатламли намат билан ўралган, одатда улар кулранг бўлади . «Бўз уй» — «кулранг уй» номи шундан келиб чиққан.
Ўтов гумбазининг марказидаги бутун тузилмани бир-бирига боғлаб турган панжарали доира ҳам оила ва оламнинг энг муҳим рамзи – тундук (шонироқ) ҳисобланади. У Қирғизистон давлат байроғида ҳам акс этган. Ўтовда тундук намат билан қопланган, у яхши об-ҳавода хонани шамоллатиш учун орқага букланади. Ўтов ўртасида ўчоқ бор, унинг тутуни тундукдаги тешикдан чиқиб кетади. Кириш эшиги қаршисида эса иссиқ чойшаблар йиғилган.
Ўтов деворлари ҳайвон териси, мураккаб нақшли бўйра, кигиздан тикилган кашта ва бошқа безак буюмлари билан безатилган. Ҳар бир элементнинг ўз ўрни ва алоҳида маъноси бор. Анъанавий нақшлар кундалик ҳаётда кўчманчиларни ўраб турган тоза табиатнинг ёрқин ранглари ва шаклларидан илҳомланиб яралган.
Ўтовнинг ўнг томони аёлларники ҳисобланади. Бу ерда идиш-товоқ, ошхона анжомлари, тикув ва трикотаж жиҳозлари сақланади. Чапда, эркаклар томонида эгар ва жабдуқлар, қурол ва пичоқларни кўриш мумкин — ов қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани. Буларнинг барчасини Тошкентнинг қоқ марказидаги «Кыргыз айылы»да кўриш ва атрофлича ўрганиш мумкин эди.
Албатта, Ўзбекистон аҳолиси учун ўтов экзотика эмас. Кўпчилигимиз чўпонларнинг ёзги уйларига бир неча бор ташриф буюриб, ўтовларида тунаб қолганмиз. Лекин бунинг учун пойтахтдан юзлаб километр йўл босиб, Нурота, Ҳисор ёки Бойсун тоғлари, Қизилқум ёки Устюрт платосигача бориш керак. Ўзбекистон халқлари тарихида, чорвадорлар ўртасида ҳам ярим кўчманчи мавсумий дихотомия қадимдан шаклланган: йирик аҳоли пунктларида қишлаш («қишлоқ» сўзи «қишлов» маънони англатади) ва узоқ яйловларда, ўтовларда ёз фаслини ўтказиш. Шунинг учун бугунгача сақланиб қолган ўзбек ўтовлари ўзгачалиги аниқ. Бундан ташқари, Бишкекдан Тошкентга келтирилган ўтовлар ўзига хос безакли, кўргазмалилик хусусиятига эга экани кўриниб турарди. Аммо улар жуда ранг-баранг ва шаҳар квартираларидан бир қадам нарида эди.
«Мовий гумбазлар» боғидаги «Қирғиз қишлоғи»га ташриф буюрувчиларнинг чеки кўринмасди. Ёзги жазирамада асосий тадбирлар қуёш ботганидан сўнг бошланди. Бутун экспозиция яхши ва ёрқин ёритилганди. Очиқ амфитеатр саҳнасида мусиқий чиқишлар бўлиб ўтди. 19 июль куни Қирғизистон миллий «Манас» театри санъаткорлари ва рақс жамоалари ўз маҳоратларини намойиш этдилар. 20 июль куни Қирғизистон маданият кунлари гала-концерт билан якунланди.
-
Қирғиз артистларининг гала-концерти. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
-
Қирғиз артистларининг гала-концерти. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
-
Қирғиз артистларининг гала-концерти. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
-
Қирғиз артистларининг гала-концерти. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»
-
Қирғиз артистларининг гала-концерти. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»