Музликлар «тўйлари»

Покистонда музликлар эриб, йўқолиб кетмаслиги учун уларни «уйлаб» қўйиш маросими ҳақида

Иқлим ўзгариши қурғоқчиликка олиб келган Покистон шимолидаги Балтистондаги К2 (Чогори) тоғи этагидаги қишлоқ аҳолиси қадимий маросим – «пайвандлаш» ёки «музликлар тўйлари»ни қайта тиклай бошлади, деб хабар беради Eldiario.es газетаси. Маҳаллий эътиқодга кўра, агар иккита музлик «турмуш қурса», уларнинг «болалари» пайдо бўлади — бу музликлар эришини тўхтатиб қолувчи янги қор қопламларидир. Оқ ва мовийроқ музликлар урғочи, қора ёки жигарранг бўлаклар эса эркак ҳисобланади (ранг уларнинг таркибидаги тоғ жинсларига боғлиқ).

Тоғли Чунда қишлоғидан Балтистон кўриниши. npr.org сайти фотосурати

Бу маросим Ҳимолайда асрлар давомида мавжуд, Балтистонликлар уни Ганг Кхсва деб аташади, бу «чуқур севги ғамхўрлиги» деган маънони англатади. Бу амалиёт руҳий аҳамиятга эга, зеро у руҳлар, қалбларнинг муқаддас иттифоқи ҳисобланади, унинг якуни тўй каби, ибодат ва қўшиқлар билан нишонланади.

«Анъана тарихи тахминан етти асрга тенг. Айтишларича, биринчи музлик Кондус бўлган, уни сўфий пайванд қилган», —дея тушунтиради Балтистон университети (UOBS) профессори ва БМТ лойиҳаси маслаҳатчиси Зокир Ҳусайн. Бошқа бир ривоятга кўра, маҳаллий аҳоли Чингизхон бошқинини музли деворлар билан тўхтатиб қолиш учун музликларни уйлашган.

Маросимни бажариш учун бир гуруҳ бақувват йигитлар ҳаво ҳарорати 0°С дан паст бўлган, қуёш таъсири минимал бўлган, ер тошлар билан қопланган 4000 метрдан ортиқ баландликка кўтарилади. Кейин, ўн икки хил жойдан муз массалари — аёл (мо) ва эркак (фо) — тенг қисмларда олинади. Муз бўлаклари солинган тол саватларни одамлар ерга тегишига йўл қўймасдан, елкаларида кўтариб олишади.

Муз бўлаклари табиий ғор ёки махсус қазилган чуқурга терилади ва у ерга совға-саломлар қўйилади. Маросим тўйга ўхшайди. Маросимнинг бу қисмини маънавий етук оқсоқоллар амалга оширадилар ва улар маҳаллий аҳолини сув билан таъминлаш учун ўн йилдан сал кўпроқ вақт ичида ўсиб, кучли бўлиши кутилаётган келажакдаги муз «бола» нинг яратувчиси сифатида тан олинади.

Маросим пайтида патриархлар лабларига муз бўлакчалари, ўрик данаклари, қовоқ уруғлари, буғдой қобиғи, сув ва кўмир қўядилар. Музликларни ҳимоя қилиш учун алла ўрнида халқ қўшиғини куйлашади, Қуръон ўқиб, эчки сўйишади. Кейинги беш йил давомида бу ерга ташриф буюриш ҳамма учун тақиқланади.

Покистон шимолидаги Чунда қишлоғи тоғ бағридаги «музли чақалоқ». npr.org сайти фотосурати

Гарчи 1990-йиллари бу маросим бемаънилик деб ҳисобланган бўлса-да, Балтистондаги олимлар томонидан 17 та «музлик тўйи» жойларида ўтказилган тадқиқот уларнинг камида ярмида ўсиш белгилари борлигини аниқлаган. Олимлар атроф-муҳит ва иқлимнинг ижобий таъсирини ҳужжатлаштиришган, сув мавжудлигини қайд этишган ва маросим фойдаси борасида жамоатчилик хабардорлигини ошириш учун бутун муз ташиш ва музликларни экиш жараёни технологиясини қайта яратишган.

«Бу аралашма кўпроқ сувни музлатиш учун етарли миқдорда тоза музнинг оптимал комбинациясини таъминлайди, уни [музлаган сувни] қуёш иссиқлиги ва илиқ ҳаводан ҳимоя қилиш учун изоляция вазифасини бажаради. Ва, эҳтимол, бу муз массасига кўпроқ қор тўпланиши, ўсиши ва музликлар ҳосил бўлишига имкон беради», — дея тахмин қилади иқлим ўзгариши бўйича Бак муз лабораторияси директори Сержиу Энрике Фариа.

Зокир Ҳусайн жамоаси экспедициялардан бирида. eldiario.es сайти фотосурати

Тадқиқот натижалари БМТ ва маҳаллий ҳокимият вакилларида қизиқиш уйғотди ва улар сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун «музликлар тўйлари» анъанасини қайта тиклашга ёрдам беришга қарор қилишди. Масалан, Балтистон маданият ва тараққиёт жамғармаси (BCDF) 2023 йил октябрь ойида Регаюл жамоатчилиги билан ҳамкорликда шундай маросим ўтказган. БМТ Тараққиёт дастури GLOF-II лойиҳасини ишга туширди, сувдан фойдаланиш ва иқлим билан боғлиқ сув тошқинларидан зарарни камайтириш борасида бу лойиҳа «жамоаларга мазкур анъаналарни сақлаб қолишга ёрдам беради». Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури ҳам «кўчки йиғиш» (арқонлар ёрдамида бўшашган қорларни йиғиш) ва муз ўғирларини яратиш (водийдан сувни катта муз конусларида сақлаш учун совуқроқ жойларга ўтказиш) ёрдамида Покистон шимолидаги заиф водийларда сувни тежаш бўйича бошқа стратегияларни қўллаб-қувватлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ