Атиргулларга бурканган самолёт, печакгуллардан ясалган динозаврлар

Тошкентда гуллар байрами бўлиб ўтмоқда
Tashkent Flower Fest 2025 фестивали. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона».

1 май куни Ўзбекистон пойтахти марказида – Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона олдидаги майдонда Tashkent Flower Fest 2025 гуллар фестивали бошланди.

Тадбир ташкилотчилари – пойтахт ҳокимлиги маълумотларига кўра, декоратив ландшафтларни яратиш учун 2,5 миллиондан ортиқ тирик гуллар ва 10 мингга яқин дарахт ва буталардан фойдаланилган. Фестивалдан кўзланган мақсад — жамоатчилик эътиборини экологик таълим, табиатни асраш, экологик маданиятни шакллантириш ва «яшил» иқтисодиёт тамойилларини ривожлантириш масалаларига жалб этишдир.

«Фестиваль пойтахтимизнинг эстетик салоҳиятини намойиш этиш, шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларига баҳорий кайфият бағишлаш мақсадида ташкил этилди», – деди журналистларга Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова.

Tashkent Flower Fest 2025 фестивали. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона».

Фестивалнинг асосий ландшафти Миллий кутубхона ва беш юлдузли Hyatt Regency меҳмонхонаси олдидаги майдондаги кенг тўшалган гулли газонлар бўлди. Уларнинг атрофида дизайнерлар гул арклари ва галереяларини ўрнатдилар.

Tashkent Flower Fest 2025 фестивали. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона».

Майдон, шунингдек, динозаврлар, улкан капалаклар, товус ва 18 метр узунликдаги самолёт фигуралари кўринишидаги кенг кўламли инсталляциялар билан безатилди. Турган гап, уларнинг безакларида пластмасса ёки матодан тайёрланган кўплаб сунъий гуллар ишлатилди. Аммо, уларни тирик ўсимликларга яқин мувозанатда безаклашга ҳаракат қилинди.

Жамоатчиликни хушнуд этиш мақсадида таниқли ўзбек эстрада санъаткорлари, фольклор жамоалари, миллий маданият марказлари вакиллари иштирокида давомли концерт дастури намойиш этилди. Фестиваль майдони эсдалик совғалари ва қўл санъати кўргазмалари, болалар учун маҳорат сабоқлари, аниматорлар ва фудкортлар иштироки билан тўлдирилди.

Ўзбекистонда 1 май иш куни бўлишига қарамай, гул байрами очилганидан бошлаб кўплаб ташриф буюрувчиларни ўзига жалб қилди. Тошкентда ҳукм сураётган +33 даражадаги баҳорий илиқ ҳаво оммавий сайллар учун жуда қулай саналади.

Тадбирлар 1 майдан 3 майгача соат 10:00 дан 22:00 гача бўлиб ўтади. Кириш бепул.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ