Ўзбекистон сўнгги йилларда қозоғистонлик саёҳатчилар учун оммабоп туристик йўналишга айланиб қолди. Бироқ қўшни республикадан бу ерга яшаш учун кўчиб келаётганлари тўғрисида жуда кам эшитиш мумкин, ахир у ерда эмиграция деганда, асосан Европа ёки Россияни тушунадиган бўлиб қолишган. “Фарғона” мухбири Тошкентга кўчиб келиб яшашга аҳд қилган олма-оталик аёл билан суҳбатлашиб келди.
Жануб — Шимол — яна Жануб
Татьяна Фоминова — Олма-Отада туғилиб улғайган. Журналист, телевидениеда бошловчи, муҳаррир, PR-менежер бўлиб ишлаган. Сўнгги уч йил давомидаги умрини унчалик катта бўлмаган танаффуслар билан Қозоғистон пойтахтида ўтказган. “Умуман олганда, менда кўчманчи ҳаёт тарзига мойиллик бор, — дея ҳикоя қилади Татьяна. – Шаҳарларни (ва мамлакатларни) алмаштириш – ўз-ўзини ривожлантириш учун кучли туртки берадиган ва қулайликлар ҳудудини тарк этувчи йўл. Изғирин қишнинг совуғида Олма-Отадаги кичкина оламга айланиб қолган шинам уйимни тарк этганимда, менда профессионал жиҳатдан ва шахс сифатида ўсиш бўлди. Бу оғир кечган бўлса ҳам, менга ёқди. Бироқ Ўзбекистонга кўчиб кетиш масаласи кўндаланг туриб қолганда, мен: “Ҳа, нима бўпти? Борсам боравераман” деган хаёлга келдим. Кўчиб ўтишга сабаблар ҳам аслида касбимга эмас, шахсиятимга тегишли бўлган – менинг севган йигитим Тошкентда яшар эди. Биз Ўзбекистон ҳозирда жадал суратларда ривожлана бошлагани, мамлакатда яхши истиқболлар пайдо бўлгани, шунинг учун мен ўз она шаҳримни қанчалик севмай, Тошкентда ҳозирги кунда қизиқарли йўллар ва имкониятлар кўпроқ, деган хулосага келдик. Қароримиз тўғрими ёки хатолигини вақт кўрсатади”.
Тошкентда Татьяна учун қандайдир мутлақо кўникмаган янгиликлари йўқ эди, бироқ турист сифатида биринчи ташрифидаёқ уни маҳаллий хизмат кўрсатиш сервисидаги ўзига хос хусусиятларини кўриб, мафтун бўлиб қолди.
“Оддийгина кичкина қаҳвахонада салфетка ёки косаларни зўр бериб ранги бўйича ажратадилар: аёлларга – қизили, эркакларга – кўки. Деярли ҳамма жойда овқатларни, бу палов бўладими, сомсами ва ҳатто кечки пайтда бўшаб қолган автотураргоҳга қўйилган мангалда шашлик тайёрлашадими, ҳаммаси мазали бўлади. Шу билан бирга, чинакамига шарққа хос мисли кўрилмаган очиқлик. Бир куни паспорт столдан қайтаётгандик, кўчада ўзининг машинасига суяниб узоққа қараб турган эркак қўққисдан бизга мурожаат қилиб қолди. Шундоқ бизга қараб ўгирилдида: “Нима деб ўйлайсиз, мана бу оқ қайинми?” — деб сўради. Мен, мегаполиснинг ҳуркак боласи содир бўлаётган воқеани қўрқа-писа идрок қилишга уриниб турган пайтда эса йигитим у билан хотиржам равишда оқ қайин муҳокамасига киришиб кетди, икки дақиқадан кейин эса улар бири-биридан рози бўлган ҳолда ҳайрлашдилар. Бундай қўққисдан пайдо бўладиган “смолл-токлар” (small talk — эркин қисқа суҳбат) Тошкент учун жуда хос ҳамда ўзбекистонликларнинг хайрихоҳлиги ва очиқлигини намойиш этувчи энг яхши манзарадир”, — дейди Татьяна.
У мамлакатда, умуман олганда, чет элликларга нисбатан муносабатлар меҳмондўстлик ва самимийлигини қайд эта туриб, баъзи туристик жойларида алдаб қўйишлари ҳам мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб қўяди. “Албатта, кимдир баъзан айёрлик қилиб алдаши мумкин, бироқ даромадлардаги фарқ туфайли туристлар буни сезишмайди ҳам. Мен ҳам шунақа бўлганман. Наврўз нишонланаётган пайтда бу ерга келганимда, мен учун нархлар жуда мақбул эди. Йўлда такси ушласангиз анча арзон тушишини, шунингдек миллий чўпон учун ҳам тўрт баробар нарх тўлаганимни кейин билиб қолганман. Мавсумда бунақанги фурсатларга муқаррар дуч келиб турасиз ва бу бораётган жойларингизга қарамайди. Ўзбек тилини билмаганим менга ҳечам халақит бергани йўқ – менга нисбатан ҳеч қандай ёмон қарашларни сезганим йўқ, агар тушунтира олмасалар, дарҳол кимнидир ёрдамга чақирадилар ёки бўлмаса, мен билган қозоқча сўзлар ёрдам беради, негаки ўзбек ва қозоқларда кўплаб маъиший доирада ишлатиладиган сўзлар бир-бирига ўхшаб кетади”, — дея ҳикоя қилади қозоғистонлик аёл.
Ўзбекистондаги ҳаёт: плюс ва минуслар
Татьяна Нур-Султонга қараганда Тошкентга тезроқ кўникиб қолди. “Негатив ҳиссиётларим жуда оз. Бу ажабланарли ҳолат, негаки ваниҳоят Остонага (Қозоғистон пойтахтининг аввалги номи. – “Фарғона”изоҳи) кўнгил қўйишдан аввал, мен хизмат кўрсатиш соҳасининг ёмонлигидан, совуқдан, дам олишга лойиқ эътиборга сазавор жойларнинг йўқлигидан тўхтовсиз азият чекиб келганман.
Ҳозирча бу ерда мен қонунлар ва қоидаларнинг тез-тез бузилиб туришидан ажабланмоқдаман, холос. Мисол учун, Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликлар. Қозоғистонда ҳам автомобилларни тажовузкорона, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмай ҳайдашлар учраб туради, бироқ у ерда қарама-қарши томонидан камдан-кам ҳолатларда ҳаракатланадилар ҳамда тақиқловчи чизиқларни босиб қайтиб олмайдилар. Бу ерда бўлса ҳар сафар зебрадан ўтаётганимда, ҳеч ким ўтказиб юбормаётганидан аччиқланаман. Қоидага риоя қилмай ҳайдашларига қарамай, одамлар жуда ҳам хайрихоҳ, иш камдан-кам ҳолатларда жанжалгача етиб боради. Ўзбекистондаги айнан мана шундай хайрихоҳлик, шарқона очиқлик, яхши хизмат кўрсатишга тиришиш мега жуда ҳам ёқади. Баъзида такси ҳайдовчисининг “Форсаж” кинофильмидагидек мошинани учирганига, ўнлаб авария ҳолатларини юзага келтирганига қарамай, кўрсатган хизматига ёмон баҳо қўйишга қўлим бормай қолади. Негаки у сенга қараб жилмайган ҳолда, “Синглим, баҳо қўйиб берсанг, илтимос” деганида, норозилик қаёққадир учиб кетади ва у атайлаб қилмаётганини тушуниб етасан. Бу ерда ҳамма учун машинани шунақанги бетартиб ҳолатда ҳайдаш одат бўлиб қолган экан”, — дея хулоса қилади қозоғистонлик аёл.
Унга кўра, ўзбекистонликлар ҳар ҳолда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга жиддийроқ муносабатда бўлишлари керак. “Йўлларда кунига жуда кўп одамлар ҳалок бўладилар. Билишимча, ҳозир Ўзбекистонда бунинг устида ишлаяптилар. Яна (агар таққослайдиган бўлсак) Қозоғистонда медиа соҳаси яхши ривожланган, бундай мутахассислар Ўзбекистонга жуда ҳам етишмаяпти. Бироқ ўйлашимча, вазият ўзгариб борадиганга ўхшаяпти”, — дея санаб ўтади у.
Татьяна ватанида оиладаги зўравонлик, гендер тенглик ва аёлларни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғалланган. “Ўзбекистонда президент бу масалани кўтариб чиқди – 150 та шелтерлар қурилди, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича дастур ишлаб чиқарилди, йирик компаниялар гендер тенгсизликни камайтиришга уринмоқдалар. Менинг назаримда, бу жуда ҳам зўр иш”, — дея мулоҳаза қилади қозоғистонлик аёл.
Шу билан бирга, у маҳаллий аҳоли ўз ҳуқуқларини фаолроқ ҳимоя қилишларини истайди, негаки улар бюрократик қийинчиликларга тез-тез дуч келиб турадилар. “Ҳақ-ҳуқуқларни билиш соҳасида, менинг назаримда, айрим камчиликлар бор. Буни маҳаллий аҳолининг ўзи ҳам яхши билади – улар бюрократик тўсиқларга етарли даражада чидамли бўлиб кетишган. Лекин Қозоғистонда ҳам 10 йил олдин аҳвол деярли шунақа эди, кейин эса Facebook мансабдор шахсларга мурожаат қиладиган ва қонунбузарларни оммавий равишда маломат қиладиган майдончага айланиб қолди. Мана энди аҳвол анча яхшиланди. Ўйлашимча, Ўзбекистон тез орада бу ҳолатга етиб келади”, — дея хулоса қилади у.
“Фарғона” суҳбатдоши Тошкентга кўчиб келгач, таниқли компанияга ишга жойлашди ва бир йиллик шартнома имзолади. Аёл Ўзбекистон пойтахтида кам деганда уч йил яшашни режалаштирганди. “Уёғига Худо пошшо! Иннакейин, балки Қозоғистонга қайтарман, балки умуман бошқа мамлакатга кетиб юбораман, ўшанда кўрамиз”, дея режалари билан ўртоқлашганди Татьяна баҳор бошланишида, аммо коронавирус бу режаларни барбод этди.
Коронавирус, масофа ва ноаниқлик
Давлат чегаралари пандемия туфайли ёпилишидан олдин Татьяна иш билан Ақтауга келиб қолди ва мана энди Тошкентга қайта олмаяпти. “Март ойининг бошланишида бундай бўлишини ҳеч ким билмаган ва гапирмаган эди, акс ҳолда мен албатта сафарга чиқмаган бўлардим. Кейин эса кеч бўлди – мен ишлашни бошладим, дўстимга PR-бўлимининг ишини йўлга қўйиб бераман деб ваъда қилдим. Бу нарса бунчалик чўзилиб кетмаса керак деб умид қилгандим. Энди бўлса, менда қайтишга имконият қолмади – йигитим билан ҳозирча қариндошлик ришталарини боғлаганимиз йўқ, у ерда (Тошкентда) доимий регистрациям йўқ”, — дея қайғуради қозоғистонлик аёл.
Татьяна қайд этишича, “назарий жиҳатдан” у Ўзбекистонга қайта олиши мумкин, лекин бу ҳолатда уни ўн тўрт кунга карантинга олиб кириб қўйишлари мумкин бўлади. “У ерда бўлса телефонларни олиб қўйишяпти ва ҳар доим передачалар эгаларига етиб бормаяпти дейишади. Умуман олганда, истиқболи унчалик эмас. Мен касалхонада ётишни истамайман”, — дея мулоҳаза қилади у.
Ҳозир эса Татьяна Олма-отадаги қариндошлариникига қайтиб, чегараларнининг очилишини кутмоқда: Тошкентда уни йигити ва мушукчаси кутишмоқда. “Албатта кечинмаларим оғир. Мана уч ой ҳам ўтди. Биз икки ҳафтадан сўнг, менинг туғилган кунимда учрашамиз ва яна икки ҳафтадан сўнг Тошкентга қайтаман, дея режалаштиргандик. Энди бўлса, ҳар куни видеоалоқа орқали мулоқот қиляпмиз. Диққатимизни чалғитишга уриняпмиз. У уйни ремонт қиляпти, мен иш излаяпман, Олма-Отадаги сўнгги ишларимни тугатяпман. Афтидан, чегараларни қачон очилишини кутишимизга тўғри келади”, — дейди у.
Шу билан бирга, Татьяна Тошкентга қайтишни қатъий ният қилган. “Ўзбекистонга унинг аҳолиси учун, тарихий иншоотларининг илоҳий гўзаллиги учун, қиш йўқлиги учун, адраси учун муҳаббат қўйиш мумкин, — дея қайд этади суҳбатдош. – Палов албатта муҳим омил, аммо ҳал қилувчи эмас. Ахир яна ўзбекларнинг шашлиги ҳам борку. Қозоғистонда таъми унутилмайдиган палов пиширадиган биргина муассаса бор, Тошкентда еган паловимга жуда ўхшаб кетади. Бироқ афсуски, у ердагилар ҳам айнидилар, ватанимда мен бунақасини бошқа ҳеч қаерда учрата олганим йўқ”.
Багдат Асилбек
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
15 Август15.08Катта оға Олмаотага етиб келдиҚозоғистонда бедарак йўқолганлар ва жиноятчиларни қидиришга сунъий интеллектдан фойдаланила бошланди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида