Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашганда

Россия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

1992 йилдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиб келинади. Бундан бир неча кун олдин – 29 ноябрь куни Тошкентда ушбу санага бағишланган «Ногирон шахсларни замонавий технологиялар ёрдамида реабилитация воситалари билан таъминлаш» мавзуида семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, республика Ногиронлар уюшмаси ва БМТнинг Ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича департаменти ҳамкорлигида ташкил этилди. Иштирокчилар орасида Россиянинг «Моторика» компанияси инсон танаси юқори ва пастки аъзоларининг замонавий бионик протезларини тақдим этди. Россиялик ишлаб чиқарувчилар ва ўзбекистонлик ҳамкорлар иш фаолияти ва имконияти чекланган инсонлар учун янги технологиялар қандай уфқларни очаётгани ҳақида — «Фарғона» материалида.

Ҳукумат кўмагида

«Моторика» компаниясининг МДҲда В2В сотуви бўйича менежери Иван Софроновнинг «Фарғона» нашрига маълум қилишича, россияликлар Тошкент семинарига мамлакатда инклюзив жамиятни яратишда муҳим рол ўйнаётган республика Ногиронлар уюшмаси томонидан таклиф қилинган. Ўзбекистондаги бундай кенг кўламли тадбирда Россия Федерацияси ишлаб чиқарувчиси илк бор иштирок этган.

«Ушбу тадбирни ташкил этишда шахсан иштирок этгани учун уюшма раиси Исаков Ойбек Юсуфбековичга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Семинардан кўзланган асосий мақсад маҳсулотларимизни реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхатига киритиш, корхонани кенг оммага таништириш ва замонавий функционал протезлар ҳамма учун очиқлигини кўрсатишдан иборат. Шуни таъкидлаш жоиз, бугун, ХХI асрда жароҳатларни яширишнинг ҳожати йўқ, чунки протез орқали қўлнинг йўқолган функционаллигини тиклаш мумкин», — дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Иван Софронов. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Софроновнинг сўзларига кўра, Моторика маҳсулотлари фойдаланувчилари дунёнинг 17 давлатида, жумладан, Ўзбекистонда яшайди. Ҳамкорлар рўйхатига бошқа собиқ иттифоқ республикалари қаторида Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам киради.

Марказий Осиёда инсоннинг юқори ва пастки тана аъзолари протезларига талаб катта. Шундай қилиб, ҳар йили 12 мингга яқин оёқ протезлари ва 1200 га яқин қўл протезларига талаб бор. Ногиронлар эҳтиёжларини қондириш учун Россия компанияси ўзининг юқори технологияли ва функционал маҳсулотларини турли каналлар орқали тақдим этишга интилади.

Софронов таъкидлаганидек, жорий йилнинг март ойида компания Ўзбекистон протез заводи билан биргаликда Очиқ эшиклар куни ўтказган, унда иккита болалар протези ўрнатилган ва Россиядан келган мутахассислар иштирокида ўқув машғулотлари ўтказилган. Октябрь ойида Республика ногиронлар жамияти ва тегишли асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган бир қанча маҳаллий корхоналар билан ишчи учрашув ўтказилган.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда «Моторика» давлат идоралари, хусусан, фойдаланувчиларни замонавий функционал протезлар билан таъминлаш лойиҳасини қўллаб-қувватловчи Ногиронлар ассоциацияси ва Республика ижтимоий ҳимоя агентлиги билан фаол ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

Россияда махсус реабилитация дастурлари мавжуд бўлиб, улар туфайли ногиронлар протезларни бепул олишлари мумкин — давлат ҳисобидан ёки Россия ҳукумати ва ишлаб чиқарувчининг кейинчалик уларга асбоб-ускуналар сотиб олишга сарфланган маблағларни қоплаши орқали. Ўзбекистонда ҳозирча бундай вариантлар мавжуд эмас, бироқ Россия компанияси бундай лойиҳаларни амалга ошириш устида фаол ишламоқда.

«Бугунги кунда фойдаланувчилар протезларни хайрия ташкилотлари, ҳомийлар орқали олишади ёки ўзлари сотиб олишади. Лекин биз бу мамлакатда давлат томонидан молиялаштириладиган лойиҳани ишга туширишни режалаштиряпмиз. Бу борада айниқса, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз», — дея аниқлик киритади Софронов.

Россия компанияси икки турдаги протез ишлаб чиқаради.

«Фаол тортиш протезларидан фойдаланиш осон ва у икки ёшдан юқори болаларга ҳам мос келади. Улар сувга чидамли, шунинг учун сиз уларда қўрқмасдан сузишингиз мумкин, — деб тушунтиради Софронов — Бионик протезлар саккиз ёшдан бошлаб ўрнатилади ва баъзи чекловларга эга, аммо улар кундалик ҳаётда сезиларли даражада кўпроқ ҳаракат эркинлигини таъминлайди».

Албатта, бу юқори технологияли қурилмаларнинг нархига қизиқмасдан туролмасдик. Маълум бўлишича, уларнинг нархи турига қараб 1200 доллардан 33 минг долларгача ўзгариб туради.

Янги имкониятлар

«Фарғона»нинг яна бир суҳбатдоши, бионик протез фойдаланувчиси, «Моторика» амбассадори Владимир Балдиннинг айтишича, бундай қурилмани танлаш у учун шунчаки техник қарор эмас, балки унинг танаси ва руҳиятини тиклаш йўлидаги муҳим қадам ҳам бўлган.

«Мен учун бионик протез рамзий маънода илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлигини англатади, бу бизга нафақат йўқотилган имкониятлар ўрнини қоплаш, балки янги уфқларни очиш имконини беради. Бу танлов менинг тўсиқларни енгиб ўтиб, ўз-ўзини такомиллаштириш йўлида бошқаларни илҳомлантириб, тўлиқ ҳаёт кечиришни давом этишга бўлган қатъийлигимнинг намоёни бўлди. Протезимнинг ҳар бир ҳаракатида мен инновациялар қўллаб-қувватловини ҳис қиламан ва чегаралар фақат тасаввуримизда мавжуд бўлган ёрқин келажакка умид қиламан», — дейди Владимир.

Унинг қўшимча қилишича, у протезни қарз эвазига сотиб олган, бироқ бир ой ўтгач, давлат ва «Моторика» маблағлари ҳисобидан ушбу харажатлар қопланган.

Владимир Балдин. Сурат Балдин томонидан тақдим этилган

Балдиннинг сўзларига кўра, бионик елка протези билан нафақат спорт билан шуғулланиш мумкин, балки бу тавсия ҳам қилинади, чунки у жисмоний фаолликни сақлаш, мушакларни кучайтириш ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантириш имконини беради. Тўғри, баъзи хусусиятлар ва чекловларни ҳисобга олиш керак, масалан, қўлда беш килограммдан ортиқ юк кўтармаслик керак.

«Тренажерларнинг айрим турлари менга жуда мос келади. Илгари мен мотокросс, параплан каби экстремал спорт турларини яхши кўрардим, ҳозир эса улардан вақтинча узоқлашдим. Аксинча, велосипед ҳайдашдек нодир хоббимни ўзлаштириб олдим», — дея батафсил гапириб берди «Фарғона» суҳбатдоши.

Кибернетик протез Владимирга нафақат қўлини ишлатиш қобилиятини қайтарган, балки унинг эътирофига кўра, ҳаётини руҳий жиҳатдан ҳам тубдан ўзгартирган.

«Ҳаёт турли бурилишлар ва кутилмаган воқеликлардан иборат саёҳатдир ва мен бошдан кечирган ўзгаришлардан бири — протез елкаси эга бўлиш бўлди. Аввалига қўлимдан айрилганимда ўзимни йўқолгандек ҳис қилардим, келажагимга ишончим сўнганди. Гўёки танамнинг бир қисмини йўқотгандай эдим ва буни жисмонан ҳис қилардим» — деб эслайди Балдин. «Аммо бионик протез пайдо бўлиши ва яқинлар кўмаги билан ҳаммаси ўзгара бошлади. Аввалига ҳаяжон ва қизиқиш бўлди — бу қандай ишлайди? Мен буни ҳақиқатан ҳам назорат қила оламанми? Мен бу технологияни биринчи марта ўзим синаб кўрганимда, ундан фойдаланиш қанчалик осон эканидан ҳайратда қолдим».

Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Владимир янги протезга ўрганар экан, ўзини янада ишончли ва мустақил ҳис қила бошлаган. Илгари имконсиз бўлиб туюлган вазифаларни бажаришга муваффақ бўлган, жароҳат олдидан ўзи бажарган деярли ҳамма нарсани абадий йўқотдим, деб ўйлаб юрган.

Бионик протез фойдаланувчининг ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартирган. Балдиннинг сўзларига кўра, у энг мушкул муаммоларни ҳам технология ва қатъиятлик ёрдамида енгиб ўтиш мумкинлигини англаб, ҳаракатчанроқ бўлган.

«Аммо, энг муҳим ўзгариш жисмимда эмас, балки руҳиятда содир бўлди. Мен ўзимни аввалгидек тўлақонли ҳис қила бошладим. Жароҳатимдан кейин мени қийнаган қўрқув ва ноаниқлик сўна бошлади, ўрнини имконият ва оптимизм ҳисси эгаллади. Мен жисмоний ҳолатим билан чекланмаганимни, мослаша олишим ва ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишим мумкинлигини англадим», — дея хулоса қилади Балдин.