Бундан-да юқорида — фақат юлдузлар порлайди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади
Ўзбекистон терма жамоаси. ЎФА матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этади. 2026 йили терма жамоа Шимолий Америка майдонларидаАҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган турнирда иштирок этади. «Фарғона» жамоа қандай қилиб муваффақиятларга эришганини эслади, шунингдек, ўзбек футболи ютуқлари ҳақида ўз фикрларини билдирган мутахассислар фикр-мулоҳазаларини жамлади.

Ўзбекистон терма жамоаси учинчи саралаш босқичи якунланишига бир тур қолганда муддатидан аввал йўлланмани қўлга киритди. Жамоа БАА билан меҳмонда голсиз дуранг ўйнади ва бу эса мақсадга эришиш учун етарли эди. Натижада ўзбекистонликлар гуруҳни Эрондан кейин иккинчи ўринда якунлади. Жамоа кейинги саралаш босқичига чиқиш имкониятига эга бўлган БАА, Қатар, КХДР, шунингдек, қўшни қирғизистонлик рақибларидан ўзиб кетишга муваффақ бўлди, бироқ вазият уларнинг фойдасига ҳал бўлмади. Турнир давомида ўзбекистонликлар Эрон билан икки бор дуранг ўйнади ва кутилмаганда Қатарга имкониятни бой бериб, гуруҳдаги ўрнини жиддий равишда қийинлаштирган эди. Бироқ, Тошкентда бўлиб ўтган турнирнинг сўнгги, амалда ноаниқ ўйинида Қатарни 3:0 ҳисобида мағлуб этишди.

Ўйиндан сўнг йигитларни шахсан Республика Президенти Шавкат Мирзиёев табриклаб, уларга автомобиллар совға қилди. Шунингдек, футболчилар ва мураббийлар штабини давлат мукофотлари билан тақдирлашга қарор қилинди. Рўйхат тайёрланди. Аммо, маълум бўлишича, у тўлиқ эмас эди. Унга сўнгги ўйинлар учун аризага киритилмаган, аммо анча муҳим саралаш ўйинларида қатнашган футболчилар киритилмаганди. Жумладан, терма жамоанинг муваффақиятларига салмоқли ҳисса қўшган ҳужумчи Бобур Абдихолиқов. Тушунмовчилик тузатилиб, давлат мукофотлари ва автомашиналарни барча «футбол қаҳрамонлари» олишига умид қилиш керак.

Муваффақиятга йўл

Шу йил бошида миллий терма жамоа бош мураббийини алмаштирди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги йиллардаги муваффақиятлари билан номи тилга олинган словениялик мутахассис Срецко Катанец касаллиги туфайли жамоа билан ишлашни давом эттиришдан бош тортди. Чет эллик футболчининг ўрнига аввалроқ республика ёшлар терма жамоасини мамлакат учун биринчи Олимпиада ўйинларига олиб чиққан Тимур Кападзе келди. Маҳаллий мутахассис ўзидан олдинги словениялик стратегиясида деярли ҳеч нарсани ўзгартирмади ва буни тушунса бўлади, зеро – яхшиликдан яхшилик изламанмайди. Бу тактика, маълум бўлишича, тўғри қарор бўлган.

Ўзбекистон жамоасининг муваффақияти расман қайд этилган асосий ўйин БААдаги учрашув бўлиб, 0:0 ҳисобида якунланди. Бу ўйинда мезбонлар ғалаба қозонган тақдирда ўзбекистонликларни иккинчи чизиқдан олиб чиқиш учун назарий имкониятни сақлаб қолган бўларди. Учрашувнинг ўзи, умуман, унинг атрофидаги муҳит жуда қайноқ бўлди. Меҳмонлар трибунаси учун чипталар деярли бир зумда сотилиб кетди, баъзи уддабурон ўзбекистонликлар сотиб олишга муваффақ бўлган мезбонлар трибунаси чипталари бекор қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари (айниқса, ёлғиз эркаклар) БАА аэропортларида жуда узоқ муддат – 8 соатгача ушлаб турилган. Бунга хавфсизлик чоралари сабаб бўлган, чунки Дубайдаги ўйиндан бир ой олдин Марказий Осиё республикасининг бир неча ўнлаб фуқаролари пичоқбозлик қилганди. Аммо Ўзбекистоннинг ўзида бу чоралар миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашни сусайтиришга уриниш сифатида қабул қилинди. Қолаверса, ўйин олдидан ўзбекистонлик блогерлар стадионга байроқлар, чолғу асбоблари ва мегафонлар киритилмаслиги ҳақида хабар беришди. Бу яна бир салбий тўлқинни келтириб чиқарди. Охир-оқибат, фотосуратлар ва видеоларга қараганда, аренада байроқлар, мегафонлар ва ноғоралар борлиги аён бўлди. Ва баъзи ўзбеклар меҳмонлар трибунасидан ташқарига чиқишга ҳам улгуришганди.

Ўзбекистонликларга керакли натижа қайд этилган финал ҳуштаги янграганида, футболчилар бир-бирлари билан илк ҳис-туйғуларини алмашишди, трибуналар томон югуришди, мухлислар билан баралла бақириб, қувонишди.

Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари мухлислар билан. ЎФА матбуот хизмати фотосурати

Тарихга муҳрланган натижа

Ўзбекистонлик мухлислар салкам 30 йилдан бери терма жамоанинг жаҳон чемпионатига йўлланма олишини кутишганди. Жамоа бир неча бор орзу қилинган йўлланмадан бир қадам отда қолганди. 2002 йилги саралашда миллий терма жамоа плей-офф йўлланмасини қўлга киритиши керак эди, бироқ иккинчи саралаш босқичининг сўнгги босқичида кутилмаганда аутсайдер Уммонга мағлуб бўлди (2:4), якунда Эронга умумий 0:4 ҳисобида мағлуб бўлган БААни олдинга қўйиб юборганди. Бироқ, эронликларнинг ўзлари қитъалараро плей-оффда Ирландияга ютқазиб (1:2) мундиалга чиқа олишмади.

2006 йилги жаҳон чемпионати саралашида плей-офф йўлланмасини қўлга киритишга деярли муваффақ бўлганди, бироқ аввалига Ўзбекистон термасининг ўз уйидаги ғалабаси бекор қилинди, кейин эса «ўз майдонида ўтказиб юборилган гол» қоидаси туфайли ғалаба Баҳрайнга насиб бўлган, у эса қитъалараро плей-оффда Тринидад ва Тобагодан мағлуб бўлганди (1:2).

Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятга энг яқин келгани ЖЧ-2014 саралаш босқичи бўлди. Ўзбекистонликлар фақат қўшимча кўрсаткичлар бўйича Жанубий Кореяга тўғридан-тўғри йўлланмани бой беришди. Плей-офф ўйинида эса қитъалараро ўйинларда Уругвайдан мағлуб бўлган Иорданияга пеналтилар сериясида мағлуб бўлди (0:5).

Ўзбекистон терма жамоаси маррага энг яқин келгани ЖЧ-2014 саралаш босқичи бўлди. Ўзбекистонликлар фақат қўшимча кўрсаткичлар бўйича Жанубий Кореяга тўғридан-тўғри йўлланмани бой беришди. Плей-офф ўйинида эса қитъалараро ўйинларда Уругвайдан мағлуб бўлган Иорданияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди (0:5).

Худди шундай ҳолат ЖЧ-2018 саралашида ҳам юзага келганди. Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун сўнгги турда ўз майдонида Жанубий Кореяни мағлуб этиши керак эди, бунинг уддасидан чиқа олмаган (0:0). Аммо ўшанда ҳам плей-офф ўйинлари учун имкониятлар мавжуд эди, аммо Сурия сенсацион тарзда Эрон билан меҳмонда дуранг ўйнади ва қўшимча кўрсаткичлар бўйича ўзбекистонликларни учинчи ўриндан сиқиб чиқарди. Дарвоқе, сурияликлар ўшанда Австралияга мағлуб бўлганди (1:2), кейин эса Гондурасни қитъалараро ўйинларда туртиб чиқарди.

Дарҳақиқат, бўлажак жаҳон чемпионати илк бор 48 та жамоа иштирокида ўтказилиши Ўзбекистон терма жамоасига йўлланмани қўлга киритишни анча осонлаштирди. Илгари, 1998 йилги жаҳон чемпионатидан буён Осиёдан бор-йўғи 4та терма жамоага жаҳон чемпионатига чиқиш кафолатланган эди. Бундан ташқари, яна биттаси қитъалараро плей-оффда ўйнарди. Энди қитъалараро мини-турнирда Осиёнинг 8 жамоаси, қўшимча равишда яна битта жамоа иштирок этади. Яъни Жанубий Корея ва Япония жаҳон чемпионатига доим Осиё номидан боришган. Шунингдек, Эрон, Саудия Арабистони, Австралияни ҳам етакчи деб ҳисоблаш мумкин. Баъзида Хитой, Шимолий Кореяни, охирги марта турнирга мезбонлик қилган ва саралашни четлаб ўтган Қатарни кўришарди.

Ўша вазиятда Ўзбекистонга йўлланмани қўлга киритиш анча қийин бўлгани аниқ, аммо ҳозирги жамоанинг хизматларини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Негаки, терма жамоанинг икки нафар азоси ҳеч қачон Европанинг топ-клубларида бир вақтнинг ўзида тўп сурмаганди – бу – Элдор Шомуродов («Рома») ва Абдуқодир Хусанов («Манчестер Сити»). Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларининг халқаро майдондаги муваффақиятлари – турли ёшдаги Осиё кубокларидаги ғалабалари ва Олимпия ўйинларига йўлланмани ҳам унутмаслик керак. Бироқ, жаҳон чемпионати муваффақият чўққисидир. Ва бугунги кунда бунга эришилди. Бундан-да юқорида фақат юлдузлар порлайди.

Элдор Шомуродов. ЎФА матбуот хизмати фотосурати

Табриклайлар ва умидлар

Душанбенинг «Помир», Москванинг «Локомотив» ва Киевнинг «Динамо» клублари собиқ мураббийи, Тожикистон ССРда хизмат кўрсатган мураббий Юрий Семин:

«Ўзбекистонликларни табриклайман. Бу катта муваффақият. Катта ютуқ. Яқинда Олимпиадада Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини кўрдик, терма жамоа жуда муносиб кўринди. Кўплаб йигитлар хорижда, жумладан, Россияда ўйнашяпти. Жамоа муваффақиятини сенсация деб айтмаган бўлардим. Бу кутилган эди. Мамлакатда футбол ривожланмоқда, мана энди унинг натижаси. Бу ҳам Ўзбекистон чемпионатидага ташрифларни кўпайтиради. Қизиқиш кучаяди. Ҳа, Хусановнинг «Манчестер Сити»да экани катта муваффақият. Балки жаҳон чемпионатидан кейин яна бир қанча йигитлар яхши клубларга кетишар. Лекин бу асосий нарса эмас. Асосийси, давлатнинг футболга бўлган эътибори сақланиб қолсин».

Кўплаб ўзбек футболчилари билан ишлаган Тошкентнинг «Пахтакор», Москванинг «Спартак» ва ЦСКА клублари собиқ мураббийи Александр Тарханов:

«Албатта, бу жуда катта муваффақият. Ўзбекистон терма жамоасига жаҳон чемпионатининг ўзида ҳам имкон қадар яхши ўйнашини тилайман. Жуда яхши жамоа. Кўп йигитлар хорижда, жумладан, Россияда ҳам ўйнашади. Ўзбек футбол мактаби яхши, улар Совет ёшлар тайёрлаш мактабини сақлаб қолишга муваффақ бўлишди. Бу жамоани «Олтин авлод» деб аташ мумкинми? Буни айтиш қийин. Лекин Ўзбекистонда ҳамиша футбол юлдузлари етарли бўлган. Мен Файзуллаевни, масалан, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган Қосимов билан солиштирмаган бўлардим. Аммо ҳозирги авлод авваллари қила олмаган ишларни уддасидан чиқди. Шунинг учун, фақат табриклаш ва қувониш керак. Жаҳон чемпионатида Ўзбекистонга мухлислик қиламан».

Асли тошкентлик, «Пахтакор» ва Москва «Спартак» клублари собиқ футболчиси, ҳозирда Самарқанд «Динамо»си ёшлар жамоаси мураббийи Андрей Пятницкий:

«Шубҳасиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиш ҳуқуқини муносиб тарзда қўлга киритди. Саралаш жараёнида жамоа сифатли ва жозибали ўйин кўрсатди. Натижада гуруҳдан ишончли ва эрта чиқдик. Жаҳон чемпионатидаги терма жамоадан нима кутиш мумкин? Кўп нарса қуръага боғлиқ бўлади. Турган гап, ташкилотчилар иштироқчиларни ҳарқалай тенгроқ бўлишга ҳаракат қилишади. Ўйланманки, муносиб ўйнаймиз».

Туркманистонлик машҳур мураббийлардан бири, Ашхободнинг «Колхозчи», «Пахтакор» мураббийи, Ўзбекистон ва Камерун терма жамоаларининг собиқ мураббийи Валерий Непомняший:

«Мураббийлар, футболчилар ва албатта мухлисларни бу муваффақият билан табриклайман. Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштироки мен учун кутилмаган воқеа бўлди, демайман. Мен Марказий Осиёдаги футболни яқиндан кузатиб бораман ва Ўзбекистондаги жиддий ютуқларни кўряпман. Футболчилар Европа ва Россияда ўйнашмоқда. Ўйлайманки, бу муваффақият қўшни республикаларни рағбатлантиради. Бу муҳим иш. Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон учун мухлислик қиламиз. Бундан ҳам кўпрғини айтаман: Жамоанинг гуруҳдан чиқиб кетишига ишонаман».

Қирғизистон миллий терма жамоаси, Тошкентнинг «Локомотив» ва «Бунёдкор» клубларининг собиқ устози, ҳозирда эса «Барс» клуби устози Александр Крестинин:

«Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига йўлланма олгани билан табриклайман. Бу узоқ ва машаққатли йўл бўлди, аммо натижаси мантиқан тўғри. Ёшлар футболидаги юқори сифатли ишлар, мамлакатда ривожланган футбол инфратузилмаси, барча даражадаги мураббийларнинг тизимли тайёрланиши, давлат ва футбол федерацияси томонидан қўллаб-қувватлангани миллий терма жамоаларнинг халқаро миқёсдаги ғалабаларини таъминлади – ёшлардан тортиб, мамлакатнинг асосий жамоасига қадар – бу қилинган ишларнинг катта натижаси. Жаҳон чемпионати билан яна бир бор барча футболчиларни, мураббийлар штаби, барча футбол ишқибозларини ушбу тарихий воқеа билан табриклайман».

Россиялик спорт шарҳловчиси Дмитрий Губерниев:

«Менга Ўзбекистон ёқади. Мамлакат жуда тез ривожланмоқда, бутун дунёга очиқ, энг яхши нарсаларни мўлжал қилмоқда. Ва футбол Ўзбекистондаги ҳаётнинг аксидир. Ва бу жуда зўр. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёш, курашувчан жамоа. Ўзбекистонликлар Жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқиб, янада олдинга бориш учун курашади, деб умид қиламан. Умуман олганда, футбол шундай нарсаки, ҳамма нарса Ўзбекистоннинг ёндошишига боғлиқ бўлади. Инсонлар ҳаётига ва спортга нисбатан ҳам. Мен ўзбек халқининг ашаддий мухлисиман, улар ҳам мени яхши кўришларини биламан. Жамоага энг эзгу тилакларимни исҳор қиламан, улар тўхтаб қолмай, олдинга интилишларини истайман. «Ялла»нинг машҳур қўшиғида куйлангани каби: «Бака-бака-банг, дор уйнанг. Если упадешь — не плачь, а встань». Шундай экан, ажойиб мамлакат, терма жамоа даражасидаги ажойиб футбол. Сизга энг эзгу тилакларимни тилайман ва шундай гўзал юрт, ажойиб инсонлар билан дўст эканимдан фахрланаман».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ