Қобул қулаганидан беш йил ўтиб, толибларга қарши қуролли қаршилик ҳаракати Панжшер водийсидан анча ташқарига ёйилди. Бироқ ҳанузгача ягона қаршилик ҳаракати шаклланмади. Мухолифат вакилларининг айримлари музокаралар ўтказишни таклиф қилса, бошқалари эркин сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда. Кимдир шимолда якка ҳолда қуролли курашни давом эттирмоқда, яна кимдир пуштунлар истиқомат қиладиган жанубда янги фронт очишга уринмоқда.
Толибларга қарши мухолифатнинг асосий вакиллари бир нечта. Аҳмад Масъуд — тожик, афсонавий қўмондон Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғли ва Миллий қаршилик фронти (NRF) раҳбари. Ёсин Зиё — Афғонистон армиясининг собиқ Бош штаби бошлиғи, мамлакатнинг тожиклар истиқомат қиладиган шимоли-шарқий ҳудудидан чиққан. У 2022 йил март ойидан буён Афғонистон Озодлик фронти (AFF)га раҳбарлик қилиб келмоқда. Маршал Абдул Рашид Дўстум — Афғонистоннинг собиқ вице-президенти, афғонистонлик ўзбекларнинг асосий сиёсий етакчиларидан бири ва «Жунбиш-е Миллий» («Афғонистон Миллий Исломий Ҳаракати») партияси раҳбари. Муҳаммад Муҳаққиқ — ҳазора ва Афғонистон Халқининг Исломий Бирлик партияси раҳбари. Сами Садат — пуштун, Афғонистон Ислом Республикаси армиясининг собиқ генерали ва Афғонистон Бирлашган Фронти (AUF) асосчиси.
KabulNow нашри хабар беришича, 2026 йил 13 сентябрь куни Масъуд, Зиё, Дўстум ва Муҳаққиқ бошқа бир қатор мухолифат сиёсатчилари билан бирга Аҳмадшоҳ Масъуд ўлдирилганининг 25 йиллиги ва Афғонистоннинг собиқ президенти Бурҳониддин Раббоний ҳалок бўлганининг 15 йиллигига бағишланган «шаҳидлар ҳафталиги» доирасида онлайн учрашув ўтказган. Суҳбат жуда тез орада ўтмиш ҳақидаги хотиралардан мамлакат келажаги борасидаги баҳсга айланган.
Масъуд толибларнинг ҳозирги ҳокимиятини ноқонуний деб атаган. Бироқ у, агар толибларнинг олий раҳбари қонуний сайловларда ғалаба қозонса, ҳатто Ҳайбатулла Охундзодани ҳам президент сифатида тан олишга тайёрлигини билдирди. Зиё эса ҳозирги шароитда толиблар билан тинчлик ва музокараларни рад этиб, сиёсий ҳокимият Афғонистон халқига топширилгунига қадар қуролли кураш давом этишини маълум қилди. Дўстум, аксинча, янги қон тўкилишининг олдини олиш учун толибларни музокараларга рози бўлишга чақирди. Муҳаққиқ ҳазоралар ва шиаларнинг аҳволи ҳақида гапирди, АҚШ ва “Толибон”ни 2021 йилдаги «шармандали тил бириктириш»да айблади ҳамда ташқи кучларни Кобулдаги ҳокимиятни мустаҳкамламасликка чақирди. Абдул Расул Сайёф эса масалани аниқ ифодалади: музокаралар ёки уруш.
Учрашувда Садат иштирок этмади. Бироқ айнан унинг фронти 2026 йил ёзида пайдо бўлиши қаршилик ҳаракатининг географиясини сезиларли даражада ўзгартирди: Республика армиясининг собиқ генерали бошчилигидаги ташкилот мамлакатнинг пуштунлар истиқомат қиладиган жанубида — Қандаҳор ва Ҳилманд вилоятларида операциялар ўтказаётганини маълум қила бошлади.
Буларнинг барчаси мухолифатнинг қуролли фаоллиги кучайиб бораётган бир пайтда содир бўлмоқда. Толибларга қарши гуруҳлар 2026 йил 1 майдан 31 июлгача бўлган даврда 21 та вилоятда 88 та ҳужум амалга оширилганини маълум қилди. БМТ уларнинг 55 тасини тасдиқлаган, хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисаларнинг умумий сони эса йиллик ҳисобда 11 фоизга ошган. Бу БМТ бош котибининг ҳисоботидан келиб чиқади. Шу билан бирга, БМТнинг хулосаси эҳтиёткорона: фронтлар пароканда, асосан маҳаллий миқёсда ҳаракат қилмоқда ва ҳозирча толибларнинг мамлакат устидан назоратига жиддий таҳдид солмаяпти.
Дўстум: аввалги Тошкентсиз музокаралар
Дўстум қирқ йилдан ортиқ вақтдан бери урушларда қатнашиб келаётган Афғонистон сиёсатининг фаол иштирокчисидир. 1990 йилларда унинг «Жунбиш» ҳаракати мамлакат шимолининг катта қисмини назорат қилган ва толибларга қарши курашган асосий кучлардан бири бўлган.
Ўша пайтда Дўстум ортида Ўзбекистон турганди. 1998 йил август ойида Мозори Шариф қулагунига қадар Тошкент унинг кучларини қурол-яроғ, ўқ-дори ва ёқилғи билан таъминлаган, йирик ҳарбий ҳаво базаси жойлашган Термиз эса асосий транзит нуқтаси вазифасини бажарган. Бу ҳақда Human Rights Watch ташкилоти ўша вақтдаги «Crisis of Impunity» номли ҳисоботида ҳужжатли маълумот келтирган.
Ўзбекистон учун Дўстум, аввало, Афғонистоннинг Ўзбекистон чегарасига яқин шимолий ҳудудларини назорат қилаётган иттифоқчиси эди. Швейцариянинг таҳлилий ташкилоти ACAPS Ўзбекистоннинг Афғонистонга ёрдами ҳақидаги шарҳида таъкидлашича, қўллаб-қувватлаш бир вақтнинг ўзида этник алоқаларга ва Тошкентнинг Афғонистон шимолида ишончли кучга эга бўлиш истагига асосланган.
Бугун эса бу тизим мавжуд эмас.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон Афғонистон сиёсатини босқичма-босқич ўзгартирди. Тошкент толиблар билан алоқаларини кенгайтирди, савдо, инфратузилма ва дипломатик ҳамкорликка урғу берди ҳамда Дўстумга аввалги кўрсатилган ёрдамни қисқартирди.
2026 йилга келиб, бу муносабатларнинг иқтисодий кўлами айниқса сезиларли бўлди. Январь–июнь ойларида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан товар айланмаси қарийб 1,1 миллиард долларга етди. Афғонистон республика ташқи савдо ҳамкорлари орасида фахрли ўринни эгаллади: у Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркиядан кейин бешинчи ўринда бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, Дўстумнинг 13 сентябрдаги позицияси диққатга сазовор. У толибларни тарқоқ тўқнашувлар кейинчалик назорат қилиш қийин бўлган вазиятга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди, қуролли фронтлар сони кўпайишини башорат қилди, бироқ шу билан бирга музокараларга чақирди ва делегация юборишга тайёрлигини билдирди.
Бу қуролли босимдан воз кечилганини англатмайди. NRFнинг нуфузли қўмондони Ҳосиб Панжширий 2026 йил 19 август куни Парвон вилоятининг Саланг туманида ўлдирилганидан сўнг, Дўстум «қаршилик олови» сўнмаслигини айтди, деб хабар берган AtlasPress агентлиги. 2024 йилда эса у ҳатто сургундаги ҳукумат тузишни таклиф қилган эди.
Бироқ, Дўстумнинг аввалги таянчи энди йўқ. У Туркияда яшайди, аммо Анқарани 1990 йиллардаги Тошкентнинг ўрнини босувчи куч деб ҳисоблаш қийин. 2024 йил июль ойида Туркия ҳукумати «Жунбиш» билан боғлиқ беш нафар қўмондонни қўлга олган ва уларни Истанбулдаги депортация марказига ўтказган. Бу ҳақда ўша пайтда Afghanistan International хабар берганди.
Ҳозирги Тошкент Дўстумни музокараларга ундаётганига оид очиқ манбаларда тасдиқланган далиллар йўқ. Бироқ энг муҳими — шароитнинг ўзи ўзгарган: бир вақтлар Термиз орқали унинг қўшинларини таъминлаган давлат бугун Кобулдаги ҳокимият билан бевосита муносабатлар ўрнатмоқда.
Масъуд ва Зиё: Душанбе ва тожик қаршилигининг икки йўналиши
Тожик мухолифат қисмида вазият бошқача. Аҳмад Масъуд Миллий қаршилик фронтига раҳбарлик қилади. Унинг отаси Аҳмадшоҳ Масъуд «Шимолий иттифоқ»нинг асосий ҳарбий раҳбарларидан бири ва Афғонистоннинг шимоли-шарқида толибларнинг энг машҳур рақиби бўлганди.
2021 йил август ойида Қобул қулаганида, Масъуд кичик бошқа бир қатор толибларга қарши кучлар билан биргаликда Панжшерда қаршилик ҳаракатини ташкил этишга уринганди. Вилоятнинг асосий ҳудудларини толиблар ўша йилнинг сентябрь ойидаёқ эгаллаб олганди. Шундан сўнг Миллий қаршилик фронти (NRF) партизанлик амалиётларига ўтди.
Бугун у билан бир қаторда яна бир йирик қуролли тузилма — Ёсин Зиё томонидан 2022 йил март ойида ташкил этилган Афғонистон Озодлик фронти фаолият юритмоқда. Зиё 2020–2021 йилларда Афғонистон армияси Бош штаби бошлиғи бўлган ва бир муддат Мудофаа вазири вазифасини бажарган. Республика ҳукумати қулаганидан сўнг у ўз фронтига раҳбарлик қилган.
Айнан шу ерда уларнинг позицияларидаги фарқлар намоён бўлади. Масъуд сиёсий дастурини сайловлар ва халқ иродаси атрофида шакллантиради: 13 сентябрь куни у ҳатто толиблар етакчисининг ғалабасини ҳам, агар у қонуний овоз бериш орқали ҳокимиятни қўлга киритса, қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Шу билан бирга, NRF қуролли курашни тўхтатмаяпти.
Зиё эса анча кескин позицияни эгаллаган. Ўша учрашувда у ҳозирги шароитда толиблар билан музокараларни рад этди ва ҳокимият Афғонистон халқига топширилгунига қадар қуролли кураш давом этишини таъкидлади.
Шу билан бирга, ҳар икки ташкилот ҳам ўзаро ҳамкорлик нуқталарини изламоқда. 2026 йил 4 сентябрда NRF ва AFF Буюк Британияда «Cambridge Afghanistan Series»нинг бешинчи даврасида иштирок этди. Унда толибларга қарши кучлар вакиллари сиёсий, фуқаролик ва қуролли гуруҳларнинг умумий платформасини яратишга чақирди, деб ёзади Afghanistan International.
Масъуд учун Тожикистон муҳим аҳамиятга эга. Бу алоқанинг тарихий илдизлари бор: 1990 йилларда Душанбе унинг отаси билан алоқаларни қўллаб-қувватлаган, Аҳмадшоҳ Масъуд кучлари эса Тожикистон ҳудудидан ташқи таянч нуқталаридан бири сифатида фойдаланган.
Панжшер қулаганидан сўнг Масъуд кичик ҳам Тожикистон билан яқин алоқада бўлди ва Душанбе унинг сиёсий фаолияти учун асосий майдонлардан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ, Тожикистоннинг роли толибларнинг биринчи ҳукмронлик давридагидай эмас. Тожикистон ҳукумати бир вақтнинг ўзида Афғонистон мухолифати билан алоқаларни сақлаб, Кобул билан ҳам мулоқот қилмоқда ва қуролли можаронинг чегара орқали тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
Зиёнинг Душанбе билан алоқаси эса янада ноаниқ. Тожикистон Афғонистон Озодлик фронтига ўзининг ҳарбий ёки сиёсий таянчини тақдим этаётганини тасдиқловчи очиқ маълумотлар йўқ. Шунинг учун Масъуд ва Зиёни ягона «Душанбе фронти»га бирлаштириш нотўғри бўлади. Бироқ ҳар икки етакчи ҳам Афғонистондаги энг йирик этник гуруҳлардан бирига таянаётганини унутмаслик керак.
Ҳазаролар: ўз кун тартиби ва қаршилик кўрсатиш учун ўз сабабларига эга
Алоҳида йўналиш бу — ҳазоралар йўналиши. 13 сентябрдаги учрашувда унга сўнгги ўн йилликлардаги энг машҳур ҳазора сиёсатчиларидан бири ва Афғонистон Халқининг Исломий Бирлик партияси раҳбари Муҳаммад Муҳаққиқ вакиллик қилди.
Толибларнинг биринчи ҳукмронлиги даврида ҳазора кучлари Аҳмадшоҳ Масъуднинг тожик гуруҳлари ва Дўстумнинг ўзбек отрядлари билан биргаликда толибларга қарши умумий коалиция таркибига кирган. Ҳозир эса Муҳаққиқ атрофида шунга тенг мустақил ҳазора қуролли фронти мавжуд эмас.
Бироқ, ҳазора мухолифатида ҳозирги ҳокимият билан зиддиятга киришиш учун ўз сабаби бор. Учрашувда Муҳаққиқ, аввало, ҳазоралар ва шиаларнинг аҳволи ҳақида гапирди, «жиҳод ва қаршилик»ка қайтишга чақирди ҳамда халқаро ҳамжамиятни афғонлар манфаатлари ҳисобига толиблар билан келишувлар тузмасликка даъват қилди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳазора ва шиалар жамоаларига нисбатан босим ҳолатларини қайд этади. Human Rights Watch ташкилоти ўзининг жаҳон ҳисоботида қайд этишича, 2025 йил 27 июль куни толиблар ҳокимияти Бомиён вилоятининг Панжоб туманидаги Рашк қишлоғидан 25 та ҳазора оиласини — аёллар, болалар ва кексаларни ҳам қўшганда қарийб 200 кишини — мажбуран кўчириб юборган. Шу йилнинг ўзида Бомиёндаги маҳаллий ҳокимият шиаларга оид диний адабиётларни тарқатиш ва шиаларнинг диний маросимларини ўтказишни чеклаган. Шунинг учун ҳазоралар йўналиши умумий мухолифат таркибида алоҳида мавжуд: унинг ўз сиёсий етакчилари ва ички кун тартиби бор, аммо ҳозирча NRF ёки AFF миқёсидаги йирик қуролли тузилмага эга эмас.
Садат: пуштун генерали жанубга йўл олмоқда
Бу тузилмадаги энг янги фигура — Сами Садат. 2020–2021 йилларда у Ҳилманддаги 215-«Майванд» корпусига қўмондонлик қилган ва 2021 йил ёзида Лашкаргоҳ мудофаасида иштирок этган. Кейинчалик у махсус операциялар корпуси ва Қобул хавфсизлиги учун масъул бўлган, 2021 йил июль ойида эса Бош штаб бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган. У Афғонистондан британлар ёрдамида чиқиб кетган, Европада яшаган, ҳозир эса АҚШда истиқомат қилади.
2023 йил октябрь ойида Садат Афғонистон Бирлашган Фронтига раҳбар бўлган. Бир неча йил давомида бу тузилма асосан сиёсий лойиҳа сифатида фаолият юритган, бироқ 2026 йил ёзида қуролли операцияларни бошлаганини маълум қилган.
Фронт биринчи ҳужум ҳақида 2026 йил 1 август куни Қандаҳор вилоятида хабар берди ва икки нафар толиб ўлдирилганини маълум қилди. Кейин эса Лашкаргоҳда зарба берилгани ҳақида хабар тарқатди. 6 август куни AUF «Муҳориб» операцияси бошланганини эълон қилди ва Қандаҳор — Спинбулдак автомобиль йўлида ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди. 1 сентябрга келиб, фронт бир ой давомида 14 та вилоятда камида 43 та операция ўтказганини, улар давомида 74 нафар толиб ўлдирилгани ва 35 нафари яраланганини таъкидлади. Бу рақамларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ, шунинг учун гап айнан AUF баёнотлари ҳақида бормоқда.
Бироқ, бу ерда Садат нафақат билдирилган ҳужумлар сони билан аҳамиятли. У пуштун бўлиб, унинг ташкилоти дастлаб асосий фаолиятини Қандаҳор ва Ҳилмандда — тарихан толиблар билан боғлиқ бўлган пуштунлар жанубида жамлади. 2021 йилдан кейин “Толибон”га қарши қуролли қаршилик, аввало, Панжшер, Бадахшон ва шимол ҳамда шимоли-шарқнинг бошқа ҳудудлари билан боғланган эди.
Пуштунлар ҳам NRF, ҳам Афғонистон Озодлик фронти сафида жанг қилмоқда, шунинг учун бу ташкилотларни этник жиҳатдан бир хил деб бўлмайди. Бироқ, Республика армиясининг машҳур пуштун генерали бошчилигида алоҳида фронтнинг пайдо бўлиши қаршилик ҳаракати манзарасини аввалги шимолий моделдан анча кенгайтирди.
Яна бир ўзига хос жиҳат бор. Садат Шимолий иттифоқнинг сиёсий элиталари билан эмас, балки ағдарилган Афғонистон Ислом Республикасининг армияси билан боғлиқ. Шунинг учун унинг лойиҳаси рамзий жиҳатдан ҳам бошқача: у Республика даврининг уч рангли байроғи остида ҳаракат қилади ва собиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда куч тузилмалари вакилларига мурожаат қилади.
Бир неча йил аввал Панжшер билан иттифоқ тузиш имконияти муҳокама қилинган эди. Садатнинг айтишича, Қобул қулаганидан кейин у Масъудга бирлашишни таклиф қилган, бироқ томонлар, жумладан, Республика сиёсий мероси ва қаршилик ҳаракатининг рамзларига муносабат масаласида ҳам келиша олмаган.
Яна бир жиҳат диққатга сазовор: 13 сентябрдаги мухолифатнинг умумий учрашувида Садат иштирок этмади ва очиқ маълумотларга кўра, унда на AUF, на генералнинг ўзи муҳокама қилинган.
Қаршилик кенгайди, аммо бирлашмади
Беш йил аввал толибларга қарши қуролли қаршилик деярли автоматик равишда Панжшер билан боғланар эди. Энди манзара анча мураккаб.
Дўстум Афғонистон мухолифатининг ўзбеклар қисмидаги асосий етакчилардан бири бўлиб қолмоқда, бироқ Тошкентнинг аввалги таянчидан маҳрум бўлган ва музокаралар ҳақида гапирмоқда. Масъуд қуролли курашни давом эттирган ҳолда, сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда. Зиё ҳозирги шароитда музокараларни рад этмоқда. Муҳаққиқ ҳазораларнинг сиёсий йўналишини ифодайди. Садат эса пуштунлар жанубида ўз мавқеини мустаҳкамлашга уринмоқда.
Яна кичикроқ гуруҳлар ҳам пайдо бўлмоқда. 2026 йил 17 июль куни 20–25 кишидан иборат «Сепоҳиён-е Миҳан» («Ватан аскарлари») отряди Бадахшон вилоятининг Яфтали-Суфла (Яфтал-е Поин) туманидаги маъмурий биноларни қисқа муддатга эгаллаб олди. Бу толибларга қарши кучлар томонидан 2021 йилдан бери туман марказини эгаллаб олингани ҳақида билдирилган биринчи ҳолат бўлди ва “Толибон” ҳаракати баёнотидан сўнг тасдиқланди. Афғонистон Озодлик фронти ҳам шу ойда Зебакда жанглар бўлгани ҳақида хабар берди. БМТ бу воқеаларни қуролли мухолифат фаоллигининг умумий ўсиши доирасида кўриб чиқмоқда.
Бироқ фронтларнинг сони, жангчиларнинг миқдори ва уларнинг Афғонистон ичидаги ҳақиқий ҳузур кўламини кўп ҳолларда аниқлаш имконсиз. Ҳужумлар ҳақидаги маълумотларнинг катта қисми гуруҳларнинг ўзларидан келиб тушмоқда.
Толиблар ҳамон мамлакат ҳудуди ва давлат аппаратини назорат қилмоқда. БМТ бош котибининг ҳисоботида мухолифат гуруҳлари пароканда бўлиб қолаётгани ва уларнинг операциялари ҳозирча бу назоратга жиддий путур етказмаётгани очиқ қайд этилган.
Ташқи муҳит ҳам ўзгарди. 1990 йилларда толибларга қарши уруш бир вақтнинг ўзида афғон қуролли гуруҳларининг кураши ва ўз иттифоқчиларини қурол-яроғ, маблағ ва ҳудуд билан таъминлаган қўшни давлатлар ўртасидаги рақобат ҳам эди.
Бугун Дўстумнинг аввалги Тошкенти йўқ. Масъуднинг Душанбе билан муносабатлари чорак аср аввал унинг отасининг Тожикистон билан алоқаларига қараганда анча эҳтиёткорона. Садат АҚШда бўлиб, Вашингтон ва НАТОдан сиёсий қўллаб-қувватлаш сўраган, бироқ унинг фронтига АҚШ томонидан тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатилаётганини тасдиқловчи далиллар йўқ.
Қуролли гуруҳлар сони кўпайгди Улар операция ўтказаётган ҳудудлар ҳам кенгайди. Бироқ, асосий бўлиниш ҳануз сақланиб қолмоқда: толибларга қарши кучлар мавжуд ҳокимиятни қайси йўл билан ўзгартириш — музокаралар, сайловлар ёки уруш орқали — деган саволга ҳали ҳам умумий жавобга эга эмас.
-
16 Сентябрь16.09Тонгги тароват ўлкасидаги саммитМуҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди? -
09 Сентябрь09.09«Ҳакан ва Билге» Туркистонга йўл олмоқдаЭнди туркиялик мактаб ўқувчилари ҳеч қачон «Марказий Осиё» атамасини эшитмаслиги ҳақида -
21 Август21.08Видео«Нимаси жиноят эди?"Нима учун эронлик хонанда Саадий шеърларига битилган қўшиқлар ижро этгани учун тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди? -
17 Август17.08Вашингтон, сизларни Қобулда кутишмоқдаҚобул дипломатик тан олиниш ва сармоя эвазига Трампга мамлакат ресурсларини таклиф қилмоқда -
07 Июль07.07ВидеоКечиккан видолашувЭрон тўрт ой аввал ҳалок бўлган Али Хоманаийни сўнгги йўлга кузатмоқда -
04 Март04.03Дюранд чизиғидаги даҳшатли воқеаларПокистон ва Афғонистон ўртасидаги очиқчасига уруш глобал хавфсизликка таҳдид солиши мумкин



