Россия Марказий Осиёдаги фуқароларини олиб кетиш учун бешта рейс уюштиради

Душанбе аэропорти . Asiaplustj.info сайти фотосурати

Шу йилнинг 28 апрелидан 5 майга қадар Россия авиакомпаниялари коронавирус пандемияси туфайли хорижда қолиб кетган россияликларни қайтариш учун 20 та рейс уюштиради. Парвозлар рўйхатига кўра, Тожикистонга учта, Қирғизистон ва Ўзбекистонга биттадан самолёт парвози уюштирилади, деб хабар беради «Коммерсант».

«Россия» авиакомпанияси 29 апрель куни Тошкент – Москва йўналиши бўйича рейси амалга оширилади. Ўзбекистондаги РФ консулхонасининг Facebook-аккаунтида айтилишича, рейсга давлат хизмати портали орқали қайддан ўтиш мумкин. Агар йўловчи қўлида Россия авиакомпанияларига оид авиачипта бўлса, у ҳолда фуқаро бортга бепул қўйилади. Бошқа ҳолатда чипта сотиб олинади. Парвоз нархи кўрсатилмаган.

Қирғизистондан 2 май куни Бишкек – Новосибирск рейси уюштирилган. Уни «Сибирь» компанияси амалга оширади.

Жадвалда Душанбедан Россиянинг турли шаҳарларига учадиган самолёт парвозлари кўрсатилган. 30 апрель куни Тожикистон пойтахтидан Новосибирскка лайнер учади ва парвоз «Сибирь» компанияси томонидан амалга оширилади. Ўша куниёқ «Уральские авиалинии» самолёти Душанбе – Сургут – Екатеринбург йўналиши бўйича парвоз қилади. Ушбу авиваташувчи 3 май куни Тожикистон ва Россия пойтахтлари ўртасида ҳам парвоз уюштиради.

Бундан ташқари, 28 апрелдан 5 майга қадар Тель-Авив, Рим, Бангкок, Шанхай ва дунёнинг бошқа шаҳарларидан россияликларнинг ватанга қайтишлари учун парвозлар ташкил этилади.

Росавиациянинг хориждан ватандошларни қайтариш ишчи гуруҳи маълумотларига кўра, 20 мартдан 27 апрелга қадар хориж давлатларидан 173 минг нафар Россия фуқаролари ўз юртига келтирилган. Хорижда ўн минглаб россияликлар қолиб кетган.

Бундан олдин, 22 апрель куни «Уральские авиалинии» компанияси томонидан Москвадан Тошкентга 155 нафар Ўзбекистонлик фуқаро келтирилгани тўғрисида хабар берилганди. У ортга 18 та Беларусь фуқароларига қўшиб 48 та йўловчини қайтаришни режалаган эди.

Коронавирус пандемияси туфайли Марказий Осиё республикалари ва Россия ўзаро авиапарвозларни бекор қилган эди. Хориждан ватандошларни қайтаришга йўналтирилган рейслар бундан мустасно ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Карантин туфайли ҳалок бўлган мигрантларнинг жасадларини ватанга олиб кетишнинг иложи бўлмаяпти

  • Москвада қолиб кетган меҳнат мигрантлари самоизоляция ва карантинни қандай ўтказишаётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди