Шинжондан қочган қозоқ йигитлари қамоқдан озод этилдилар

Кастер Мусаканули ва Мурагер Алимули. Лаззат Кендебайқизининг Facebookдаги фотосурати

Хитойлик қозоқ миллатига мансуб Кастер Мусаканули ва Мурагер Алимули 22 июнь куни Шарқий Қозоғистон вилояти, Семей шаҳрида жойлашган колонияни тарк этди. Бу ҳақда йигитларнинг адвокати Лаззат Ахатова «Фарғона» мухбирига хабар беради.

«Бу кунни йигитлар узоқ кутдилар. Мана биз Семейдан Остонага (ҳозирда — Нур-Султон) кетяпмиз. Йигитлар Семейда қолишмоқчи бўлганди, лекин уларни Оқмола вилоятидаги Коянди қишлоғида кутишяпти. Улар Мурагер опасининг уйида яшашади. Уларга ҳатто иш топиб қўйишган, Кастер яхши ошпаз саналади. Дарҳол қочқинлик мақомини олиш билан, кейинчалик фуқаролик масаласи билан шуғулланамиз», — дейди Ахатова.

Адвокат июлда Мусаканули ва Алимулининг бошпана излашга доир ҳужжатлари муддатининг тугашини эслатди.

«Уларнинг қўлида июль охиригача амал қиладиган вақтинчалик гувоҳнома бор. Эндиликда миграция масаласи Оқмола вилоятида кўриляпти», — дея қўшимча қилади адвокат.

Мусаханули ва Алимулининг Хитой Шинжонидан қочиб ўтгани тўғрисида хабар ўтган йил 14 октябрда Олма-Отадаги матбуот анжуманида маълум бўлганди. Улар ота-боболарининг юртидан пошпана топмоқчи бўлганлар. Йигитлар хитойликлар томонидан этник кам миллатга мансуб одамларнинг қисувга олинишидан қочиб кетганларини айтганлар. Кейинчалик икки йигит ҳибсга олинди ва улар чегарадан ноқонуний ўтиш бўйича суд ишини кутганлар.

2019 йил ноябрда Қозоғистогн Чегара хизмати маҳкамаси директори Дархан Дилманов қочқинларнинг «бу ерда қолишга шанси йўқ»лигини айтиб, йигитлар Хитойга қайтариб берилишини таъкидлаганди. Адвокат Лаззат Ахатованинг сўзларига кўра, йигитларни Хитойда ўлим жазоси кутиши мумкин. Бошқа адвокат Бауиржан Азанов қочқинларнинг қайтариб берилиши хабарини инкор қилди. У қочқинларга доир Конвенция бўйича, Мусаханули ва Алимули ХХРга берилмаслиги, зеро йигитлар пошпана излаётганига оид ҳужжатга эга эканини эслатиб ўтди.

21 январда суд йигитларни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айблаб, бир йиллик жазога ҳукм қилди. Суд йигитларнинг ҳибсда турган ҳар бир куни икки кунга тенг бўлиши тўғрисида қарор қилди. Йигитлар саккиз ойдан ошиқроқ колонияда бўлдилар ва 22 июнь куни озод этилдилар.

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида кейинги йилларда одамларнинг диний эътиқоди ва миллатига қараб таъқибга олиниши, уларга босим ўтказилиши жуда кучайган. Бу ерда истиқомат қилувчи кўп сонли уйғурлар, кам сонли қозоқ ва қирғизлар «қайта тарбиялаш» лагерларига ташланганлар. Human Rights Watch ташкилоти маълумотларига кўра, юзлаб барпо этилган лагерларда миллионга яқин одамлар азоб чекмоқдалар. Хитой ҳукумати эса бундай амалиётни расман «террорчиликка қарши кураш» деб атамоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ