Екатеринбургда қирғизлар ва тожиклар ўртасидаги жанжалга қиз болага тегажоқлик сабаб бўлган

Екатеринбургда омавий муштлашувда иштирок этганларни қўлга олиш . E1.ru сайти видеотасвиридан кадр

Екатеринбург шаҳрида қирғизлар ва тожиклар ўртасида бўлиб ўтган оммавий муштлашувга қиз болага тегажоқлик сабаб бўлган. Бу ҳақда 22 июль куни Россия ИИВ маълумотига таянган ҳолда Vesti.Kg нашри хабар беради.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг аниқлашича, Тожикистондан келган бир неча йигит қирғиз қизига тегажоқлик қила бошлайди. Шундан сўнг What'sAppдаги қирғиз гуруҳларида гўёки тожиклар қирғиз қизини ўлдириб қўйгани тўғрисида ёлғон хабарлар тарқала бошлайди. Хабар муаллифлари қирғизларни ўч олишга чақиришади ва айримлар бу хабарга «лаббай» дея жавоб берадилар. Жанжал икки миллат оқсоқоллари ва жамоат етакчилари ёрдамида бостирилган.

Муштлашув Екатеринбург шаҳрининг Пехотинцев кўчасида 18 ва 19 июль куни содир бўлган. Маҳаллий гувоҳларнинг айтишича, «Монетка» магазини олдидаги биринчи жанжалда 40 нафарга яқин қирғиз ва тожик йигитлари қатнашган, иккинчи муштлашувда 100 га яқин одамлар иштирок этган. Қуролдан ўқ узишлар эшитилган. Маҳаллий аҳоли журналистларга полициянинг истар-истамас воқеа жойига етиб келгани ва бутун районга битта патруль бириктирилганини баҳона қилганидан шикоят қилган. Полиция машинаси кўрган йигитлар тум-тарақай қочиб қолганлар ва кейин яна муштлашув жойига қайтганлар. Оқибатда бу ерга ўнта полиция машинаси келиб, қизиққон йигитлар қўлга олинганлар.

Бу пайт ижтимоий тармоқларда қирғизистонлик йигитларнинг видеомурожаатлари тарқалган. Улар қирғиз қизларининг чет элликлар билан алоқа қилишларидан норозилик билдирганлар. Мурожаат муаллифлари қирғиз йигитларини бу каби ҳолатга жим қараб турмасликка ундайдилар. Улар бошқа миллат вакиллари билан алоқа қилаётган қизларни икки марта тартибга чақириб, огоҳлантириш кераклигини, учинчи марта эса гапга кирмас қайсар қизларни калтаклаш кераклигини уқтирадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Карантин туфайли ҳалок бўлган мигрантларнинг жасадларини ватанга олиб кетишнинг иложи бўлмаяпти

  • Москвада қолиб кетган меҳнат мигрантлари самоизоляция ва карантинни қандай ўтказишаётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди