Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Махсус вазифалар бўйича милиция отряди (ОМОН)нинг хорижда яшаётган собиқ ходими Асомуддин Ражабов республика ҳукумати уни ватанига қайтаришга уринаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бунга собиқ куч ишлатар ходимининг оила аъзоларига босим ўтказиш орқали ҳам уринмоқда, деб хабар беради «Озоди» (Озодлик радиосининг тожик хизмати).
Ражабовнинг сўзларига кўра, терговчилар унинг акаси ва 80 ёшли кўзи ожиз отасини суҳбатга чақирган. Ҳокимият вакиллари қариндошларини собиқ ОМОН ходимига таъсир ўтказиб, уни Тожикистонга қайтишга кўндиришга уринган. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги ходимлари собиқ ҳамкасблари амнистияга тушгани ва унга нисбатан жиноий таъқиб тўхтатилганини билдирган. Бироқ, буни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Ражабов яқинларидан унинг алоқаларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига беришни сўраган, токи улар билан бевосита мулоқот қила олсин. У терговчиларга Тожикистонга қайтишни режалаштирмаётганини тушунтирмоқчи.
Тожикистонда Ички ишлар вазирлигининг собиқ ходими экстремизмда айбланган. Жиноий иш Ражабов мухолифат вакиллари билан онлайн ёзишмаларда 2022 йилда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБАВ) намойишларни бостириш чоғида милиция ҳаракатларини танқид қилганидан сўнг очилган.
Айбланувчининг айтишича, у қонли воқеаларнинг гувоҳи бўлган. Ҳудуддаги қўзғолон бостирилганидан кўп ўтмай, Ражабов ишдан бўшаган ва Россияга кўчиб кетган. Бироз вақт ўтгач, Туркияга, кейин эса Грузияга кўчиб ўтган.
Жорий йилнинг март ойида Ражабов Тожикистон ҳокимиятининг сўровига кўра Арманистон чегарасида ушлангани хабар қилинган эди. Бироқ эртаси куни у озод қилинган. У Ереванга келган ва ҳозирда шу ерда яшамоқда. Ражабовнинг сўзларига кўра, у учинчи давлатга чиқиб кетиш учун зарур ҳужжатларни ҳам аллақачон олган.
Тоғли Бадахшон аҳолиси ва Тожикистон ҳокимияти ўртасидаги қарама-қаршилик 2022 йил баҳорида Хоруғ шаҳрида ўтказилган митингдан сўнг кескинлашди. Унда фаоллар мухтор вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ мэри Ризо Назарзодани лавозимидан четлатиш, 2021 йил ноябрида уч нафар маҳаллий аҳолининг ўлимида айбдор бўлган милиция ходимларини жазолаш, шунингдек, минтақа аҳолисини қўрқитиш ва таъқиб қилишни тўхтатишни талаб қилишган.
Бунга жавобан Ички ишлар вазирлиги ва бошқа тузилмалар терроризмга қарши операция бошлаган. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти маълумотларига кўра, натижада 40 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган. Намойишлар бостирилганидан сўнг мухолифатнинг эҳтимолий етакчилари оммавий равишда ҳибсга олинган. Кейинчалик уларнинг кўпчилиги узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинди.



