Одамларни алдаб келган Straus House компанияси раҳбарияти узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди

Straus House таъсисчиси Иброҳим Исроилов . Kun.uz сайти фотосурати

Тошкентнинг Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 300 дан ортиқ одамларнинг пулларини ўзлаштириб олган Straus House компанияси раҳбариятидан тўрт кишига нисбатан қамоқ жазосини тайинлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар беради.

Straus House МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов 9 йил, директор А.Махмуталиев – 7 йил, унинг ўринбосари Д.Кутпиддинов – 8 йилу 5 ой 26 кунга озодликдан маҳрум этилдилар. Компаниянинг бош бухгалтери О.Саидовга нисбатан 5 йил қамоқ жазоси қўлланилди.

Айбдорлардан давлат фойдасига 222,3 млн ($22 мингга яқин) миқдори пул ундирилади. Жиноят иши юзасидан хатланган мол-мулк тегишли тартибда жабрланувчиларга нисбатан етказилган зарарлар ўрнини пропорционал тартибда қоплаш учун қаратилиши белгиланган.

2019 йил январдан апрелга қадар Straus House компанияси вакиллари мижозлари билан 90 кун ичида ЖАРдан туяқуш чўжаларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузади. Мижозлар Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги юридик ва жисмоний шахслар бўлган. Одамлар ишончига киролган Straus House ходимлари 300 дан ортиқ мижозлардан катта пул маблағларини ундириб оладилар. Айблов хулосаларига кўра, айбланувчилар одамларга 7,9 млрд сўм ($832 минг) миқдорида моддий зарар етказганлар.

Компанияси раҳбарияти 2019 йил сентябрда ҳибсга олинган. Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168- («Фирибгарлик»), 184-(«Солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаш»), 189-(«Савдо ва хизмат кўрсатиш воидаларини бузиш»), 227-(«Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш») моддалари билан айбланган. Исроилов ушланиб ҳибсга олинган, қолган айбдорлар гаров эвазига очиқликда бўлганлар. Мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари ноябрда тугаган ва жорий йилнинг февраль ойида суд жараёни бошланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Андрей Канчельскис билан қирғизистонликларнинг «Мурас Юнайтед» клубига доир қисқа суҳбат

  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин