Бердимуҳамедов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига Туркманистонда COVID-19 инфекциясини аниқлаш бўйича мустақил синовлар ўтказишга рухсат берди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов . "Хроника Туркменистана" сайти фотосурати

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 7 август куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) бош директори Тедрос Адан Гебрейесус ҳамда ЖССТ Европа регионал директори Ҳанс Клюге билан ўтган онлайн учрашуви давомида мамлакатда коронавирус инфекцияси мавжудлигини текшириш бўйича мустақил текширув ўтказилишига рози бўлди. Бу ҳақда доктор Клюге ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Хабарномада аниқлик киритилишича, ЖССТ вакиллари республикада COVID-19 ташхиси тасдиқланмай зотилжам (пневмония) билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани борасида ташвиш билдирганлар. Шу муносабат билан улар ташкилот мутахассислари жамоаси билан коронавирус бўйича ўзларининг текширув синовларини ўтказишни ҳамда таҳлил учун биологик материалларни республикадан ташқарида, ЖССТ лабораторияларига етказиб бериш таклифини кўтариб чиқдилар. Туркманистон давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

ЖССТ миссияси ташриф ҳақида келишувга эришилганидан икки ой ўтиб Туркманистонга июль ойининг бошланишида келиб кетган. Делегация раҳбари Катрин Смолвуд республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига таяниб Туркманистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олиш ҳолатларини тасдиқламаган. Бироқ ташриф якунлари бўйича мамлакат ҳукумати мамлакатда коронавирус инфекцияси ҳолатлари гўё аниқланганиб бўлганидек ҳаракат қилиш бўйича ЖССТ тавсияларини олган.

Қайд этиш жоиз, Туркманистоннинг мустақил оммавий ахборот воситалари республика соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ЖССТ мутахассисларига тиббиёт ходимлари кўпайтирилган ва беморлари камайтирилган клиникаларни намойиш қилгани тўғрисида хабар беришган.

Мамлакат ташқарисида истиқомат қилаётган туркманистонлик мухолифатчилар ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари республикада COVID-19 тарқалишига оид маълумотларнинг яшириб келинаётганига бир неча бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратишга уриниб келганлар. 29 июль куни Вашингтонда Туркманистон элчихонаси ёнида, АҚШ Конгресси биноси олдида ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бўлимларидан олдида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари, хусусан, ЖССТ вакилларининг Туркманистонга ташрифи якунларидан ғазабланган бўлиб, «ЖССТ ёлғон гапиряпти! Туркманлар ўляпти» ҳамда «Қайтинглар ва яна бир марта кўриб келинглар!» шиорларини қўлладилар. Намойиш ташкилотчилари ЖССТ номини ўзгартириб, уни World Helpless Organization (Жаҳонга фойдаси йўқ ташкилот) деб атадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди