Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икромов 77 ёшида вафот этди

Сурат Икромов. Kun.uz сайта фотоси

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гууруҳининг (ЎМҲҲТГ) раҳбари Сурат Икромов 77 ёшида вафот этди, дея хабар беради Kun.uz. Нашр маълумотига кўра, Икромов 2021 йил февралидан бошлаб оғир хасталикка учраган эди. Ўлим сабаби сифатида сурункали ўпка яллиғланиши, қанд диабети ва простата саратони кўрсатилмоқда.

Маълумоти бўйича муҳандис бўлган Сурат Икромов 19 йил олдин Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳини ташкил этди ва шу вақт мобайнида унга раҳбарлик қилди. Шу вақт давомида ЎМҲҲТГ юзлаб суд жараёнларининг мониторингини ўтказиб, минглаб инсонларга ёрдам берди. Ҳуқуқ ҳимоячи ўз иши давомида эътиборини қўлга олинган маҳбусларга нисбатан шавқатсиз муносабатлар, далилларни сохталаштириш ва айниқса диний экстремизмда айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўллаш ҳолатларини аниқлашга қаратди.

Сурат Икромовнинг ҳаётига нисбатан 2003 йилда тажовуз содир этилди – номаълум кимсалар уни ўғирлаб кетдилар ва шавқатсиз равишда калтакладилар. Уни шаҳар четида бошига полиэтилен пакет кийгизиб ташлаб кетдилар. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги содир бўлган жиноят бўйича текширув ўтказди, аммо ҳужум қилган шахслар топилмади.

2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин у мамлакатни тарк этмади ва собиқ президент Ислом Каримовнинг режимини изчиллик билан танқид келиб келди. 2015 йилда Андижондаги қатлиомнинг 10 йиллигига бағишланган хабарномасида ҳуқуқ ҳимоячи содир бўлган фожиани “Каримов режимининг текширилмаган ва айбдорлари жазога тортилмаган энг мудҳиш жинояти” деб атади.

«Сурат Икрамов ўз ҳаётининг катта қисмини ҳуқуқ ҳимоя фаолиятига бағишлади. Мен доим ҳам унинг фикри ва унинг позициясига ҳамфикр бўлавермаганман. Аммо мен бу инсон диндорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни қийноқлардан ҳимоя қилиш ишига улкан ҳисса қўшган ҳамда жамоатчиликни инсон ҳуқуқларининг поймол этилишлари ҳақида қўрқмай хабардор қилиб келган, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилар энг ҳимоясиз қолган қатлам бўлиб қолаётганидан афсусдаман. Улар доимий руҳий ҳаяжон ҳолатида ишлаяптилар, уларнинг ташкилотлари расмий рўйхатидан ўтказилмаяпти. Нега энди уларга тиббий ва ҳуқуқий суғурта тақдим этилмаяпти? Улар шикоятчиларга кўмак бера туриб ўзларини катта хатар остига қўймоқдалар. Уларга нисбатан туҳматлар, таъқиб этишлар, айбловларни сохталаштиришлар, озодликдан маҳрум этиш ва қийноқлар тўхтамаяпти. Сурат Икромов Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати тарихига кирган кўпчилик ҳамкасбларининг тақдирига шерик бўлди. Унинг яқинларига ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдираман», — деди «Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари» ассоциациясининг (Париж) раҳбари Надежда Атаева «Фергана» билан суҳбат давомида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ