Сардоба сув омбори тўғони ўпирилишидан азият чеккан тадбиркорларга $12 млн миқдорида маблағ тўланади

Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати фотосурати

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик соҳасида зарар кўрган тадбиркорларга 126 млрд сўм ($11,9 млн) миқдорида малбағ йўналтирилади. 25 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг мажлисида ушбу таклиф қўллаб-қувватланди, деб хабар беради парламент Юқори палатасининг матбуот хизмати. Шунингдек, ушбу маблағ ирригация ва мелиорация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишларига сарфланади.

Сардоба сув омбори тўғонидаги ўпирилиш 2020 йил 1 май куни содир бўлганди. Сув тошқини оқибатида 100 га яқин кўп қаватли бинолар қисман зарар кўрди, 90 минг одам эвакуация қилинди, шикастланган 50 нафар фуқаро касалхоналарга ётқизилди, олти нафар одам ҳалок бўлди. Сардоба сув омбори тошқини оқибатида қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги ўнта аҳоли пункти ҳам талофат кўрди.

Республика Бош прокуратураси маълумотига кўра, сув омбори дамбасининг ўпирилишига лойиҳалаштириш ҳужжатларида, объектнинг қурилиши ва эксплуатация қилинишида йўл қўйилган хатолар сабаб бўлган.

10 май куни Республика Олий судининг Жиноят Ишлари бўйича судлов ҳайъати «Сардоба иши» бўйича ўн еттита шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. Улардан олтитаси турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди, бир шахснинг эркинлиги чекланди, қолганларига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ