Россияда мигрантларнинг рус тили бўйича билимини тасдиқлайдиган янги тартиб кучга кирди

miemigration.ru сайти фотосурати

Россияда 7 июндан бошлаб чет эл фуқаросининг рус тилини билишини тасдиқлайдиган янги тартиб кучга кирди. Россияда яшаб ишлашни хоҳловчи ҳар бир чет эл фуқароси аввалгидек рус тили, мамлакат тарихи ва қонунчилик асосларидан иборат комплекс имтиҳон топшириши лозим. Бироқ, энди мигрантнинг рус тилидан билим даражаси унинг Россияга ташрифи мақсадидан келиб чиқиб фарқланади (бу талабларнинг барчаси 2021 йил 31 майда қабул қилинган ҳукумат қарорида кўрсатилган).

Масалан, ишга рухсатнома ёки патент олишни истаган шахс имтиҳон доирасида «Россия Федерациясида чет эл фуқаросининг асосий ҳуқуқлари, эркинлиги ва мажбуриятлари; шахснинг Россия Федерациясида вақтинча яшаши ва миграция учётида туриши; миграция қонунчилигида маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган асосий қоидабузарликлар»ни билиши керак бўлади.

Россияда вақтинча яшашга рухсатнома (РВП) олмоқчи бўлган чет эллик инсон «вақтинча яшашга рухсатномани бекор қилувчи омиллар»ни билиши, доимий яшашга рухсатнома (ВНЖ) олишни истаган шахслар эса «РФ конституциявий тузумининг асослари, РФда меҳнат, фуқаро ва оила ҳуқуқларининг асосий принциплари»га доир саволларга тайёр бўлишлари керак.

Россия тарихидан имтиҳонни яхши топшириб, ишлаш учун сертификат олмоқчи бўлган чет эл фуқароси «Россия тарихида муҳим воқеалар ва фактлар, Россия Федерацияси пойтахти, мамлакатнинг йирик шаҳарлари, Россия Федерациясидаги асосий давлат байрамлари» ни билиши, РВП олмоқчи бўлганлар «Россия тарихида муҳим воқеалар ва фактлар»дан хабардор бўлиши, ВНЖни қўлга киритмоқчи бўлганлар эса — «Тарихий хронологияга биноан Россия тарихидаги муҳим воқеалар ва фактлар, Россия империяси, СССР ва Россия тарихида фан ва маданият соҳасидаги машҳур арбоблар, шунингдек Россия жамиятининг миллий-маданий, диний урф-одатлари»ни билишлари зарур.

Рус тилини билишда мигрантлар ижтимоий-маиший, малакага оид соҳаларда маълумотларни ўқий олиши ва сўзлаб бериши, ҳужжатлар, бланк ва аризаларни тўлдиришни билишлари керак бўлади. Вақтинча яшашга рухсатнома олувчилар — мулоқотни бошлашни, танишишни, қайта сўрашни, суҳбатдоши сўзларига эътибор қаратишни билиши; ВНЖ олмоқчи бўлганлар эса — этикага хос жумлаларнинг турли вариантларини билиши даркор.

Россияда 2015 йилдан бошлаб мигрантлар рус тили, мамлакат тарихи ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон топширишлари шарт. «Известия» нашрининг ёзишича, янги тартибни жорий этишдан мақсад — ўзида кўп саволларни қамраб олган аввалги тест тизимини енгиллатишга қаратилган. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячиси ва мигрантлар юристи Валентина Чупикнинг «Фарғона»га билдиришича, аслида патент даражасидаги мазкур тестлар мураккаб бўлмаган ва мактабда 9-синфгача таълим олган одам уларни топшира олиши мумкин бўлган.

«Вақтинча яшашга рухсатнома, Доимий яшашга рухсатнома ва фуқаролик олиш учун топшириладиган тестлар анча мураккаблашган. Маълумки, одатга кўра имтиҳонлар тест марказларида топширилади, бундай марказлар эса ўз навбатида чексиз коррупция манбаидир», — дейди Чупик. У пул билан ҳеч қандай имтиҳон топширмасдан ҳам ҳужжатни қўлга киритиш мумкинлигини қўшимча қилди. «Масалан, мен рус тилини мутлоқ билмайдиган бир йигитнинг ВНЖ учун имтиҳон топширганини биламан. У кирилл алифбосини, рус ҳарфларини билмайди. Одатда одамлар компьютер мониторида пайдо бўладиган тўғри жавобларни сотиб оладилар. Мен айтган ўша йигит кирилл алифбосида ёзилган тўғри жавобларни ўқий олмаганлиги боис унга жумлаларни лотин алифбосига ўтказиб беришган. Истак ва пул борлигида бундай ишни амалга ошириш қийин эмас», — дейди юрист.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрига кўра, янги тартибнинг жорий этилиши билан ҳеч нарса ўзгармайди. «Бу — ҳозирда мавжуд коррупцияга қонуний тус беришдир. Негадир Россияда коррупцияни таг-туги билан қириб ташлайдиган қонунларни қабул қилиш ўрнига, коррупцияга кенг йўл очиб берадиган қонунларни «такомиллаштириш»га ҳаракат қилишади»—дея таъкидлайди Чупик.

Россияда чет элликларнинг рус тилидан имтиҳон топширишларига доир тартибларни янгилаш кераклиги тўғрисида гаплар ўтган йил кузида бошланганди. Хабарларда ҳукуматнинг имтиҳонлар учун ягона тамойилни ишлаб чиқиши, федерал миқёсда имтиҳонларни ўтказиш формасини яратиш ва уни синовдан ўтказиш масаласи ҳақида сўз юритилганди. Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойида мамлакат Бош вазири меҳнат мигрантларининг рус тили, мамлакат тарихи ва қонунчилик асослари бўйича билимини тасдиқлайдиган сертификат муддати аввалгидек беш йил эмас, уч йил амал қилишига доир қарорни имзолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Карантин туфайли ҳалок бўлган мигрантларнинг жасадларини ватанга олиб кетишнинг иложи бўлмаяпти

  • Москвада қолиб кетган меҳнат мигрантлари самоизоляция ва карантинни қандай ўтказишаётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди