ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Афғонистон бўйича қўшма баёнот берди

rus.sectsco.org сайти фотосурати

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Афғонистондаги сиёсий кучларни уюшмага аъзо давлатлар чегара ҳудудларида барқарорликка путур етказадиган ҳаракатлардан тийинишга чақирдилар. Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТнинг навбатдаги мажлиси якунида қабул қилинган қўшма баёнотда мана шундай дейилган.

«Афғонистондаги мавжуд вазиятнинг тезроқ барқарорлашуви — ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидан биридир, деб ҳисоблаймиз. Шу боис, Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати ва халқининг тинчлик, мамлакатнинг иқтисодий равнақи, терроризм, экстремизм ва наркожиноятларга қарши кураш борасида саъй-ҳаракатларини кучайтиришлари лозим эканига урғу берамиз. ШҲТга аъзо давлатлар Афғонистондаги жанжаллар фақат афғон ҳалқи томонидан сиёсий мулоқотлар ва тинчлик жараёнини таъминлаш орқали ҳал этилиши мумкинлигини тасдиқлайди», — дейилади баёнотда.

Ташкилотга аъзо давлатлар бундан кейин ҳам Ислом республикаси билан минтақа хавфсизлигини таъминлаш, терроризм ва наркожиноятларга қарши курашда, мазкур муаммоларни ҳал этилишига тўғаноқ «иккиламчи стандартлар»га биргаликда қарши туришга тайёр эканини маълум қилади.

ШҲТга аъзо давлатлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун бошқа шериклар ва халқаро тузилмаларни АИР билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга чақиради. «Аъзо давлатлар Афғонистон билан сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва инсонпарварлик соҳаларида ҳамкорликни бундан кейин мустаҳкамлаш билан бирга, Афғонистон Ислом Республикасининг ШҲТга кузатувчи давлат мақомида ўз потенциалларини максимал даражада амалга оширишига кўмак беришга тайёр эканини тасдиқлайди», — дейди ташкилотга аъзо давлат вакиллари.

Сўнгги пайтлар Афғонистонда ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» ҳаракати (РФда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган) ўртасидаги жанглар кескинлашган. Толиблар йирик шаҳарларни қўлга киритишга уринмоқдалар. Айтиш жоиз, ШҲТга аъзо давлатлар Ташки ишлар вазирларининг қўшма баёнотида толиблар бирор марта ҳам тилга олинмаган, гарчи бу ҳаракат ташкилотга аъзо айрим давлатлар билан музокаралар олиб бораётган бўлсада. Ўтган ҳафта «Толибон» делегацияси Москвага ташриф буюрди. Бундан олдин эса толиблар Покистонга, ундан ҳам олдин Хитойга ташриф буюргандилар.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига — Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон киради. Ташкилот 2001 йили тузилган. Бугунги кунда Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон ушбу ташкилотда кузатувчи-давлат мақомига эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • Тожик-қирғиз чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари фотосуратларда