USAID Марказий Осиёдаги савдо ривожи учун $19 млн сарфлайди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайти фотосурати

АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Марказий Осиёдаги савдо билан боғлиқ $19 млн бюджетга эга янги лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳа беш йилга мўлжалланган бўлиб, у Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни қамраб олади, деб хабар беради служба USAID ахборот хизмати.

Лойиҳа доирасида давлат ва хусусий секторлар учта муҳим стратегик йўналиш бўйича техник ёрдам олади. Биринчиси— минтақада иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва молиявий, вақт сарфларини камайтириш мақсадида божхона ва чегара назорати амалиётини уйғунлаштиришдан иборат. Иккинчиси — ривожланиш ва сармоялар оқимини кўпайтириш борасида давлат ва хусусий секторлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш. Учинчиси — Марказий Осиё минтақаси ичида ва унинг ташқарисида трансчегаравий савдо ҳажмини кўпайтиришдан иборат.

4 дан 8 октябрга қадар «Минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш орқали пандемиядан сўнг тикланиш» номи билан виртуал форматда ўтказилаётган 11-чи Марказий Осиё савдо форумида мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши эълон қилинди. Форумда 42 мамлакатдан 3500 дан ортиқ тадбиркорлар, давлат мулозимлари, сиёсатчилар, соҳа мутахассислари қатнашмоқдалар. Шунингдек, анжуманда Марказий Осиё, АҚШ ва дунёнинг бошқа давлатларидан 80 та спикернинг маъруза қилиши кутилмоқда.

Форумда USAIDнинг Марказий Осиё бўйича миссияси янги директори — АҚШ олий дипломатик хизмати аъзоси Лоуренс Харди II (Lawrence Hardy II) таништирилди. У Олма-Отага ташриф буюрди ва у ердан USAIDнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, туркманистон ва Ўзбекистондаги дастурларини бошқаради.

11-чи форум АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик ўрнатганининг 30 йиллигига тўғри келди. Бу давр мобайнида минтақада хавфсизлик ва тинчликни сақлаш, демократик ислоҳотларни, иқтисодий ривожланишни амалга ошириш , гуманитар эҳтиёжларни қондириш учун Вашингтон томонидан $9 млрд.дан ортиқ маблағ сарфланди, дейилади USAID пресс-релизида. Бу минтақа иқтисодиётининг янада рақобатбардош бўлишига, иқтисодий ўсишига хизмат қилди.

USAID агентлиги 1961 йили Жон Кеннеди ташаббуси билан АҚШ ҳукумати қошида ташкил этилди. Ташкилот демократия, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш тизими ривожига кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Агентлик тезкор гуманитар ёрдам бериш билан бирга дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида тўқнашувларнинг олдини олишга хизмат қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ