Марказий Осиё мамлакатлари демократияга бағишланган Саммит рўйхатига киритилмади

АҚШ президенти Жо Байден. Therahnuma.com сайти фотосурати

24 ноябрь куни АҚШ президенти администрацияси 9-10 декабрда онлайн режимда бўлиб ўтадиган Summit for Democracy (Демократияга бағишланган саммит) га таклиф этилган давлатлар рўйхатини эълон қилди. 110 мамлакатдан иборат рўйхатдан Марказий Осиё давлатлари ўрин олмаган.

Европа Иттифоқига аъзо давлатларидан Венгриядан ташқари барчаси рўйхатдан ўрин олган. Собиқ СССР республикалари ичида Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Молдавия, Украина ва Эстония бор. Шунингдек, рўйхатда Ҳиндистон, Ироқ, Исроил, Япония, Колумбия, Покистон ва бошқалар кўрсатилган.

Таклиф қилинмаган давлатлар қаторида Хитой (лекин Тайван таклиф этилган), Россия ва Туркияни кўриш мумкин.

Саммит АҚШ президенти Жо Байден ташаббусига кўра ташкил этилмоқда. Тадбирда давлат раҳбарлари, фуқаро жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этадилар.

«Саммит демократия йўлидаги тўсиқ ва имкониятларга бағишланган. Унда мамлакат ва хорижда инсон ҳуқуқлари ва демократияни ҳимоя қилишга доир ташаббус ва ислоҳотлар, индивидуал ва коллектив мажбуриятлар борасида сўз боради», — дейилади АҚШ Давлат департаменти хабарида.

Давлат департаментига кўра, саммит АҚШ раҳбарияти учун кенг субъектлар билан мулоқот қилиш, уларни тинглашга имконият яратади, зеро глобал демократик янгиланиш йўлида уларнинг демократияни қўллаб-қувватлаши ва унга содиқлиги муҳим аҳамият касб этади.

«Шунингдек, саммит демократиянинг кучли томонларидан бирини акс этади, у ҳам бўлса -камчиликларни тан олиш ва унга қарши туриш, шаффоф бўлиш, Қўшма Штатлари Конституциясида айтилганидек «мукаммал иттифоқни шакллантириш» учун», — дейилади Давлат департаменти хабарида.

Саммитнинг асосий мавзуси — авторитаризмдан ҳимояланиш, коррупцияга қарши кураш, инсон ҳуқуқлари хурмат қилинишига ҳисса қўшишдан иборат.

Тадбирда иштирок этган давлат етакчиларига саммит мақсадига хизмат қилишга молик халқаро ташаббуслар, олиб борилаётган муҳим ички ислоҳотлар борасида чиқишлар қилиш таклиф этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ