Россия ҳукумати тожик пенсионерларига уч йил давомида 30 миллион доллар тўлашга рози бўлди

Меҳнат муҳожири . asiaplustj.info сайти фотосурати

Россия ҳукумати «Россия Федерацияси ва Тожикистон ўртасида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида»ги федерал қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа белгиланган тартибда Давлат думасига тақдим этилди, деб хабар беради Россия ҳукумати расмий сайти.

Ҳужжат ҳар икки давлат фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларига тааллуқлидир, шартнома предмети барча турдаги суғурта пенсияларини ўз ичига қамраб олади. Учинчи давлатга кўчиб ўтганда, нафақахўр тўловларни қаердан олишни ўзи ҳал қилади.

Россия бюджетидан суғурта пенсиялари, жамғариб бориладиган пенсиялар ва пенсия жамғармаларидан бошқа тўловлар, шунингдек, Тожикистон фуқароларига ижтимоий нафақалар тўлаш учун харажатлар: 2022 йили — 321 миллион рубль (5,26 миллион доллар), 2023 йили — 444 миллион рубль (7,28 миллион доллар), 2024 йили — 1,01 миллиард рубль (16,56 миллион доллар).

Россия Федерацияси ва Тожикистон ўртасида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2021 йил 15 сентябрь куни Душанбе шаҳрида имзоланган. Шу йилнинг апрель ойида келишув Тожикистон парламенти томонидан ратификация қилинган эди. Тожикистонлик муҳожирларни Россия Федерациясидаги меҳнат фаолияти учун пенсия билан таъминлаш масаласи Тожикистон ва Россия ўртасидаги асосий масалалардан бири бўлган. Бу масала икки давлатнинг тегишли идораларида бир неча йилдан ортиқ муҳокама қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб Россия МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги битимни денонсация қилишни режалаштирмоқда. Ҳужжатда пенсиялар нафақахўрнинг фуқаролигидан қатъи назар, доимий яшайдиган давлат томонидан тайинланиши ва тўланиши назарда тутилган. Мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилмайди (агар бу алоҳида икки томонлама шартномаларда назарда тутилмаган бўлса).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ