Ўзбекистонда Twitter ва яна иккита ижтимоий тармоққа кириш тикланди

Ria.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб учта ижтимоий тармоқ – Twitter, WeChat ва ВКонтактега кириш блокдан чиқарилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) хабар берди.

«Бугундан бошлаб мамлакатимизда «Twitter», «WeChat» ва «Вконтакте» ижтимоий тармоқларидан тўсиқларсиз фойдаланиш имконияти тўлиқ тикланмоқда. «TikTok» платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади», — дейилади АОКА хабарида.

Агентликнинг таъкидлашича, «тўсиқлар фақат ривожланишга зарар келтиради». Бу фикрни Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам қўллаб-қувватлаб, «Ахборот маконини ёпиб қўйиш, фикрлар плюрализмига тўсқинлик қилишга уринишлар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилмай, аксинча, уни орқага тортиши — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат», деб ёзади.

«Президентимиз сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири экани ва у изчил давом эттирилишини бир неча бор таъкидлаганлар», — деб таъкидлайди Асадов.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Ўзкомназорат) 2021 йил июль ойида бир қатор оммабоп ижтимоий тармоқларга киришни чеклади. Блокланганлар орасида TikTok, Twitter, WeChat, ВКонтакте ва Skype бор эди.

«Ўзкомназора» ўз ҳаракатини ушбу ижтимоий тармоқлар томонидан мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларига доир Ўзбекистон қонунчилиги талаблари бузилгани билан изоҳлади: ушбу веб-ресурслар Ўзбекистон Республикаси «Шахсий маълумотлар тўғрисида» ги қонуннинг 27-1-моддаси талабларига қарамай, ўз серверларини Ўзбекистонга ўтказмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқлар блокировка қилинганидан хабар топгач, «Ўзкомназорат» раҳбари ишдан олинди, кўплаб ижтимоий тармоқлар, жумладан, Facebook, YouTube ва Instagramга кириш очилди. Шунга қарамасдан кузда «Ўзкомназорат» бошқа ижтимоий тармоқлар, жумладан Telegram, Facebook, Instagram, YouTube ва «Одноклассники»га киришни чеклади.

Ўзбекистонда чекловлар фонида блокланган сайтларга кириш учун фойдаланиладиган мобил VPN-иловаларига талаб кескин ошди.

Жорий йилнинг март ойи ўрталарида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти TikTok компанияси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди. Вазирлик компанияга Ўзбекистонда ваколатхона очишни таклиф қилди, TikTok Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлган материаллар тарқатилишини биргаликда олдини олишга тайёрлигини маълум қилди. Учрашув натижаси ижтимоий тармоққа киришнинг очилиши кутилганди, аммо бу амалга ошмади. Март ойи охирида Skypeга криш расман тикланди.