ИИВ: 2020 йилдан буён 72 мингдан ортиқ одам Ўзбекистон фуқаролигини олди

Улугбек Муҳамедов (ўнгда). Видеоёзувдан кадр

Сўнгги икки йил ичида 72 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигини олди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳамедов маълум қилди.

У 2020 йил 13 мартда «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилингани, унга мувофиқ мамлакатда фуқароликни тан олиш институти жорий этилганини эслатиб ўтди. У республика фуқароси деб эътироф этиш тўғрисида ариза берган кунгача камида 15 йил давомида Ўзбекистонда доимий яшаган ва шу даврда хорижий давлат фуқароси бўлмаган шахсларни қамраб олади. 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва илгари хорижий давлат фуқароси бўлмаган шахслар ўз хоҳиш-истакларини билдирганларида Ўзбекистон фуқароси деб эътироф этилади.

«Мазкур қонунга киритилган ўзгартишлар натижасида 72 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси деган юксак мақомга эга бўлди», – деди Муҳамедов.

Миграция бошқармаси бошлиғи Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг 2016 йил декабридан 2022 йил июнига қадар 23310 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигини олгани ҳақидаги хабарига изоҳ бермади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил январь ойида республикага 1995 йилгача келган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга автоматик равишда фуқаролик берилишини талаб қилган эди. «Шундай қилиб, қарийб 50 минг нафар ватандошимизнинг ҳаётий муаммоси ҳал бўлади», — дея тушунтирганди президент.

Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан 2007 йилгача бор-йўғи 482 нафар фуқаро Ўзбекистон паспортини олишга муваффақ бўлган. 2007 йилдан 2016 йил декабригача Ўзбекистон фуқаролиги ҳеч кимга берилмаган. Уни олиш тартиби биринчи президент Ислом Каримов вафотидан кейингина соддалаштирилди.