Си Цзиньпин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ўрнатилган дўстлик алоқаларига доир мақолаларини чоп этди

gazeta.uz сайти фотосурати

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ушбу мамлакатларга давлат ташрифи олдидан Қозоғистон ва Ўзбекистон билан дўстлик тўғрисидаги мақолаларини эълон қилди.

«Казакстанская правда» нашри томонидан чоп этилган мақоласида Си Цзиньпин Қозоғистонга тўртинчи бор келаётгани, сўнгги ташрифидан бери беш йил вақт ўтганини таъкидлайди.

«Юртингиз ўзининг чексиз даштлари, маҳобатли тоғлари ва дарёлари, меҳмондўст халқи билан машҳур. Бўлажак ташрифдан умидларим катта. Хитой ва Қозоғистонни умумий тоғлар ва дарёлар боғлаб туради, яхши қўшнилар, ҳақиқий дўстлар ва ишончли шериклармиз. Минг йиллик дўстона алоқаларга эга халқларимиз Буюк Ипак йўлининг ёрқин даври гувоҳларидир», – дейди у.

ХХР раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатлар ҳеч қачон бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш тамойилидан четга чиқмаган ва биргаликда яшаш ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришнинг муносиб намунасини кўрсатиб келмоқда.

Ноқулай эпидемиологик вазиятга қарамай, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми пандемиядан олдинги даражага қайтган ва 25 миллиард долларни ташкил этган.

Шунингдек, у умумий қиймати 21,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 52 та қўшма лойиҳа ишлаб чиқилаётганини таъкидлайди. Булар орасида 100 мегаватт қувватга эга Жанатас шамол электр станцияси, JAC автомобиль йиғиш линияси, Чимкент нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш бор. Бундан ташқари, Си Цзиньпин Қозоғистонда Хитой халқ табобати маркази ва Лу Бан номидаги устахона очилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги барча бешта автомобиль назорат пункти ва иккита темир йўл назорат пункти аллақачон ўз нормал фаолиятини тиклаган. Томонлар янги темир йўл назорат пункти очиш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

«Замон ва ўзгаришлар синовидан ўтиб, Хитой-Қозоғистон муносабатлари метиндек мустаҳкам бўлди», — дейди Хитой раҳбари ва икки давлат ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, умумий хавфсизликни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда ҳамкорликни мустаҳкамлашни таклиф қилди.

Худди шундай тавсиялар Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон билан дўстлик ҳақидаги мақоласида ҳам бор. Бу ҳақда «Газета.уз» нашри хабар берди.

«Хитой ва Ўзбекистон буюк цивилизацияга эга қадимий давлатлардир. Буюк Ипак йўли халқларимиз ўртасидаги 2000 йилдан ортиқ дўстона алоқалардан далолат беради», — деб ёзади у.

«2016 йилдан буён президент Ш.М.Мирзиёев билан учрашувлар, телефон суҳбатлари ва ёзишмалар орқали яқин алоқалар ўрнатиб келинмоқда. Бизда яхши иш алоқалари ва самимий шахсий дўстлик бор. Давлатларимиз ҳар томонлама стратегик шериклик руҳида асосий манфаатларга дахлдор масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлайди, миллий ривожланиш стратегиясини илгари суришда бир-бирига ёрдам беради, ислоҳотлар ва очиқликни кенгайтириш борасида бир-бирининг тажрибасини ўрганади, минтақа ривожига ижобий энергия олиб келади», — дейди Си Цзиньпин.

Қозоғистон билан дўстлик ҳақидаги мақолада бўлгани каби, у иккала давлатга ҳам ўзаро ёрдамни кучайтириш, умумий хавфсизликни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда ҳамкорликни мустаҳкамлашни, шунингдек, «халқларни яқинлаштириш учун маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришни» таклиф қилди.

«Мақсад сари йўл узоқ бўлмайди, токи юракдан интилиш бўлса. Биз Ўзбекистон томони билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён шаклланган эзгу анъанани давом эттиришга ва янги тарихий шароитда Хитой ва Ўзбекистоннинг муштарак ҳамжамиятни шакллантириш йўлида миллий тараққиёт ва тикланишнинг кенг йўлидан биргаликда олға боришга тайёрмиз», — дея хулоса қилади ХХР раҳбари.

Аввалроқ Хитой раиси Си Цзиньпин 14—16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарларининг йиғилишида иштирок этиши, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистонга давлат ташрифи билан бориши хабар қилинганди. Бу Си Цзиньпиннинг пандемия бошланганидан бери биринчи хорижга сафари бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди