Қозоғистон йирик банкининг Россиядаги «шўъба корхонаси»нинг 80 нафар ходими сафарбарликка чақирув қоғозини олган

Фото с сайта prizivniku.com

Қозоғистоннинг «Ҳалиқ Банк»ининг Россиядаги шўъба корхонаси «Москоммертсбанк»нинг 80 нафар ходими сафарбарликка чақирув олди. Бу ҳақда Қозоғистон Kazakhstan Growth Forum 2022да сўзга чиққан «Ҳалиқ Банк» бошқаруви раиси Умут Шаяхметова маълум қилди, дея хабар беради КазТАГ.

«Кеча сафарбарлик эълон қилинганидан кейин «Москоммертсбанк»да 80 киши хавф остида қолганди, чақирув қоғозларини асосан IТ ходимлари олишган», — деди Шаяхметова Россияга қарши санкциялар остида қозоқ банклари дуч келган қийинчиликлар ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

«Бу бизлар ҳар куни дуч келаётган ва бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганимиз операцион муаммолар эди. Бу зудлик билан ҳал этилиши керак бўлган операцион хавфлардан биридир. Шунча одамни қаердан топамиз? Энди ким уларнинг ўрнини босади? Энди ушбу эркаклар ўрнини босувчи аёлларни қаердан топамиз?»,деб тушунтирди Шаяхметова.

21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди, бу сафарбарликка 300 минг заҳирачи жалб этилиши кутилмоқда. Керакли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган заҳирадаги фуқаролар, биринчи навбатда, 35 ёшгача бўлган аскарлар, бригадирлар ва посбонлар ҳамда 45 ёшгача бўлган кичик офицерлар сафарбар этилади. Улар махсус ҳарбий операция ҳудудига жўнатилишдан олдин қўшимча тайёргарликдан ўтадилар.

«Ҳалиҳ Банк» («Қозоғистон Халқ банки») мамлакатнинг асосий универсал тижорат банки ҳисобланади. 2022 йил май ҳолатига кўра, у Қозоғистон банклари ичида ўз капитали бўйича биринчи ўринни эгаллаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ