Европа Иттифоқи ҳарбий дронларни ишлаб чиқарувчи Эрон компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилди

«Шаҳед-136» учувчисиз аппаратлари. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Европа Иттифоқи Эроннинг Shahed Aviation Industries компаниясини санкциялар рўйхатига киритди, у «Шаҳед» серияли ҳарбий учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи журнали хабар берди.

«Shahed Aviation Industries Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатларни моддий қўллаб-қувватлаш учун жавобгардир», — дейилади журналда.

Европа Иттифоқи Эрон дронлари «Россияга етказиб берилган» деб даъво қилмоқда.

Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий, Эрон Мудофаа вазирлиги таъминот бўлими бошлиғи Сайид Қурайиши ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аэрокосмик кучлари қўмондони Сайид Ағажоний ҳам Европа санкциялар рўйхатига киритилган.

Ёзнинг ўрталаридан бошлаб Америка ОАВлари Эроннинг Россияга учувчисиз учоқлар етказиб бераётгани ҳақида ёзганди. Бу ҳақда, хусусан, CNN ва Washington Post нашрлари хабар берган. АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг таъкидлашича, Вашингтонда Эроннинг Россияга бир неча юзтагача учувчисиз аппаратлар етказиб бериш режалари ҳақида маълумот бор. АҚШ Давлат департаменти Америка томони Россияга «хавфли қурол» етказилишининг олдини олиш мақсадида Эронга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Россия расмийлари Эрон ҳарбий дронларини сотиб олмаганини ва улардан Украина ҳудудида фойдаланмаётганини бир неча бор таъкидлаган. Эрон расмийлари ҳам Россия армиясига учувчисиз учоқларни етказиб бериш ҳақидаги айбловлар асоссиз эканини айтган эди.