«Роллтон» Ўзбекистонда угра ва қуритилган сабзавотлар ишлаб чиқарадиган йирик завод қуради

МУЗОКАРАЛАРДА. ИССВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Вьетнамнинг Mareven Food Holdings компанияси Ўзбекистонда тез тайёрланадиган озиқ-овқат, алкоголсиз ичимликлар, қуритилган сабзавотлар ва чипслар ишлаб чиқарадиган завод қуради. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

22 март куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Mareven Food Holdings компанияси директори Нгуен Дуонг билан видеоконференция тарзида музокаралар ўтказди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, корхонани ташкил этиш учун 125 миллион доллар маблағ сарфланади.Завод Тошкент вилоятидаги «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ҳудудида барпо этилади. Корхонада 800 нафар одам иш билан таъминланиши кутилмоқда.

Завод қурилиши бўйича меморандум ўтган йилнинг сентябрь ойида имзоланган эди.

«Лойиҳа 2023-2031 йиллар давомида «Роллтон», «Биг-Бон» бренди остида тез тайёрланадиган макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича 125 миллион долларлик сармояга эга «Маревен Фоод Памир» янги шўъба корхонасини ташкил этишни назарда тутади. Унда махсус технология асосида макарон маҳсулотлари, алкоголсиз ичимликлар, шунингдек, қуруқ ва суюқ соуслар, қуритилган ва консерваланган сабзавотлар махсус қуритиш ва пастеризация технологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади»,деди «Ангрен» ЭИЗ ходимлари.

22 март куни бўлиб ўтган музокараларда вьетнамлик ҳамкорлар Ўзбекистон томонини компания маҳсулотларини Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига қабул қилиш ва тарқатиш бўйича Тошкент вилоятида логистика хаб фаолиятини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди. Қудратов Ўзбекистонда Mareven Food Holdings инвестиция ташаббусларини амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

ℹ️ Mareven Food Holdings Ltd. — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестициялар киритишга ихтисослашган халқаро компаниялар гуруҳидир. Гуруҳ акциядорлари дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига эга. Компаниянинг халқаро брендлар портфелига Rollton, BIGBON, Petra ва профессионал ошпазлик бренди бўлган Mareven Professional Food киради. Mareven Food Holdings Ltd. компаниясининг ишлаб чиқариш активлари Россия, Украина ва Қозоғистонда жойлашган. Маҳсулотлар дунёнинг 33 мамлакатида сотилади.