Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди

Жамшид Фозилов. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Фозилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг тўрт моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган:

👉 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);

👉 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» банди;

👉 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди;

👉 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а» банди.

Собиқ амалдор икки йилга раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.

Фозилов ҳукм устидан Қашқадарё вилоят суди Жиноят ишлари бўйича коллегиясига апелляция шикояти берган.

Қашқадарё вилояти прокуратураси 2022 йил 21 октабрь куни Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими ҳибсга олинганини маълум қилганди. Фозилов 2016 йил 9 июлдан 2019 йил 26 октабргача бўлган даврда ҳокимлик фаолияти давомида «ўзига берилган мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва мансаб доирасидан ташқарига чиқадиган ҳаракатлар содир этганлик»да айбланган.

Жумладан, у ер участкаларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий комиссия аъзолари, жумладан, ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари, Қарши шаҳар бош меъмори, юридик маслаҳатчиси ва бошқа мансабдор шахслар билан жиноий тил бириктирган. 2018-2019 йиллари жиноий гуруҳ томонидан умумий майдони 46 гектардан ортиқ бўлган ҳокимият заҳирасидаги ер майдони ким ошди савдоси ўтказилмасдан 60,5 миллиард сўм (5,4 миллион АҚШ доллари) эвазига бериб юборилганига доир 54 та ҳолат аниқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Андрей Канчельскис билан қирғизистонликларнинг «Мурас Юнайтед» клубига доир қисқа суҳбат

  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин