Ўқитувчилар танлов асосида ойига 5 миллион сўмдан устама пули билан рағбатлантирилади

Uzdaily.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда жорий йил охиригача ойлик маошидан ташқари қўшимча 5 миллион сўм (438 доллар) оладиган ўқитувчилар рўйхати аниқланди. Бу ҳақда 30 март куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.

Устама вазирлик жамғармаси ҳисобидан тўланади. Унга мамлакат бўйлаб «бошланғич таълим», «аниқ ва табиий фанлар», «хорижий тиллар», «ижтимоий фанлар» ва «амалий фанлар» йўналишларида фаолият юритаётган 5 минг нафар ўқитувчи номзоди танлаб олинган.

Номзодларни аниқлаш учун икки босқичли саралаш жараёни амалга оширилган. Биринчи босқичда талабгорлар ўз фанлари бўйича билим даражасини баҳолаш учун синовдан ўтказилган, иккинчи босқичда – касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилган.

Натижада апрель ойидан декабрь ойига қадар энг кам ойлик иш ҳақининг 5,5 баравари (5 миллион сўм) миқдорида ойлик иш ҳақига устама оладиган 1697 нафар ўқитувчи рўйхати тузилган.

2022 йил якунига кўра, Ўзбекистонда таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 2,69 миллион сўмни (238 доллар) ташкил қилган. Бундан бир йил аввал Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилга бориб юқори малакали ўқитувчиларнинг маоши 1000 долларгача оширилишини маълум қилганди.

Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб кимё, биология, физика ва математика ўқитувчиларини касбий аттестациядан ўтказиш бошланди. Сертификатлар учун ўқитувчилар иш ҳақига қўшимча устамалар олиш ҳуқуқига эга, уларнинг миқдори ҳужжатнинг қийматига боғлиқ — тариф ставкаси 20% ​​дан 50% гача.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида