Полиция ходимлари январь воқеалари иштирокчисини қийноққа солгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди

baigenews.kz сайти фотосурати

Олмаота шаҳрининг Олмали туман суди 2022 йил январида тартибсизликда гумон қилинган шахсни ўлгунча калтаклаган етти нафар полициячини беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда шаҳар судлари матбуот хизмати Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида хабар берди.

Айбланувчиларнинг аксарияти Қозоғистон Жиноят кодексининг 146-моддаси («Шафқатсиз, ғайриинсоний, қадр-қимматни камситувчи муомала, қийноқлар қўллаганлик») да назарда тутилган жиноятларда айбдор деб топилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан бири Жиноят кодексининг 370-моддаси («Хизматдаги ҳаракатсизлик») билан қамоққа олинган.

Қайд этилишича, Олмаота полиция департаменти вақтинчалик ҳибсхонанинг олти нафар ходими жиноятда иштирок этганлик даражаси ҳисобга олинган ҳолда саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилган. Яна бир полициячи ҳаракатсизлиги учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, барча маҳкумлар махсус унвонлар ва давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Шунингдек, суд улар зиммасига жабрланувчига 20 миллион тенге (тахминан 45 минг доллар) миқдорида маънавий зарар товонини тўлашни юклаган.

Суд материалларига кўра, ўтган йил 9 январь куни маҳаллий аҳолидан бири оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланиб, Олмаота полициясининг вақтинчалик ҳибсхонасига олиб кетилган. Орадан бир неча кун ўтгач, маҳбус тергов изоляторининг эшигига муштлаб, терговчини чақиришни талаб қилади. Эшик очилганда, маҳбус навбатчи полициячиларга алюминий қошиқ билан ташланади, бунга жавобан улар уни дубинкалар билан калтаклай бошлашган. Кейин маҳбусни текширув хонасига олиб боришган, у ерда тўрттаси жабрланувчини калтаклашни давом эттиради, навбатчи офицерлардан бири эса кузатиб туради ва ҳеч нарса қилмайди. Охири полиция тез ёрдам чақиради, бироқ етиб келган шифокорлар олмаоталикнинг ўлимини қайд этишган холос.

Ноқонуний тергов усуллари Қозоғистонда кам учрайдиган ҳолат эмас. 6 июнь куни республика Бош прокуратураси 88 нафар фуқарони қийноқларга солган 39 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жавобгарликка тортгани ҳақида хабар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ