КХШТ Ўзбекистон ва Туркманистонни Афғонистон масаласида ҳамкорликка таклиф қилмоқчи

jscsto.org сайти фотосурати

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари Туркманистон ва Ўзбекистонни КХШТнинг Афғонистон йўналишидаги фаолиятига жалб этиш мақсадга мувофиқлигини маълум қилди.

20 июнь куни Минскда бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишидан сўнг эълон қилинган баёнотда улар бу имкониятни кўриб чиқишга чақирди.

Вазирлар Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашувидан хавотир билдирдилар ва бу мамлакат расмийларини:

👉 терроризмга қарши кураш чораларини кучайтириш;

👉 гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва гиёҳвандлик жиноятларига барҳам бериш бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажариш;

👉 инсон ҳуқуқларининг асосий тамойилларига, жумладан, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларига, жумладан, таълим олиш имкониятига риоя қилиш;

👉 Этник гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишга чақирдилар.

«Афғонистондаги гуманитар вазият ривожланиб бораётганини ҳисобга олиб, биз халқаро ҳамжамиятнинг афғон халқига ёрдам кўрсатиш, жумладан уни бир томонлама санкциялар юкидан озод қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириш тарафдоримиз», — дейилади вазирлар баёнотида.

Шунингдек, Афғонистон ва қўшни давлатлар ҳудудларини учинчи давлатларнинг ҳарбий инфратузилма объектларини жойлаштиришдан холи сақлаш, тожик-афғон чегараси участкаларини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

ℹ️ Коллектив хавфсизлик шартномаси 1992 йил 15 майда Тошкентда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан имзоланган. 1993 йили Озарбайжон, Беларусь ва Грузия КХШТга қўшилган. Кейин Озарбайжон ва Грузия КХШТни тарк этган. Ўзбекистон 1999 йили КХШТдан чиққан, 2006 йили ташкилотга қайтган, аммо 2012 йили яна аъзоликни тўхтатган. 2021 йили КХШТ Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини эълон қилиб, унинг бу тузилмага қайтиши ўзбек халқи ва мамлакат раҳбариятининг хоҳишига боғлиқлигини таъкидлаган.

Ҳозирда КХШТга олтита давлат киради: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон. Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Туркманистон дунёнинг 120 та давлатини ҳарбий блокларда иштирок этмаслик тамойиллари асосида бирлаштирган Қўшилмаслик ҳаракати халқаро ташкилотига аъзо ҳисобланади.