Қирғизистон президенти учта вазирлик раҳбарини алмаштирди

ЧАПДАН ЎНГГА: НУРИЯ КУТНАЕВА, АЛИМҚОДИР БЕЙШЕНАЛИЕВ, ГУЛНАРА БААТИРОВА. "ФАРҒОНА" КОЛЛАЖИ

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 7 сентябрь куни яна учта вазирликка янги раҳбарларни тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади (аввалроқ Таълим ва фан вазири ўзгаргани ҳақида хабар берилган эди). Уларнинг барчаси вақтинчалик мақомга эга бўлиб, Жогорку Кенеш (республика парламенти) томонидан номзодликлари тасдиқланганидан кейин вазир бўлишлари мумкин.

Рақамли ривожланиш вазирлигига Нурия Кутнаева раҳбарлик қилади. Илгари у Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш давлат агентлиги директори лавозимида ишлаган.

Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаб келган Талантбек Иманов бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган Умбриел Темиралиев ўрнига Президент ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги директори этиб тайинланди.

Худди шу тузилмада директор ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алмамбет Қосимбеков Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш давлат агентлиги раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Қирғизистон меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Гулнара Баатирова тайинланди. Шу кунгача у Соғлиқни сақлаш вазирлигини бошқариб келган. Унинг янги лавозимдаги ўтмишдоши Худойберген Базарбаев ҳеч қандай сабабсиз лавозимидан озод этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига раҳбарлик яна Алимқодир Бейшеналиевга топширилди. Бейшеналиев илк бор Соғлиқни сақлаш вазирлигини 2020 йил октабрь ойида, коронавирус эпидемияси авжига чиққан пайтда бошқарган эди. У COVID-19 ни Иссиқкўлнинг заҳарли илдизи — аконит дамламаси билан даволашни таклиф қилганди. Бейшеналиев ҳатто аконит қайнатмасини жонли эфирда ичган ва совуқ дамлама ўлимга олиб келишини, лекин уни иссиқ ҳолда истеъмол қилса, ковид белгилари йўқолишини таъкидлаган.

2022 йил июнь ойида Бейшеналиевга нисбатан 7 та жиноий иш қўзғатилади. Улардан бири коррупция (коронавирусга қарши вакциналар сотиб олиш билан боғлиқ), иккитаси пора ундириш ва тўрттаси мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва қасддан фойда келтирмайдиган шартнома тузиш моддалари бўйича қўзғатилган. Мазкур жиноий ишда яна уч киши иши кўрилган.

Бейшеналиев лавозимидан четлаштирилиб, тергов изоляторига жойлаштирилган, бироқ икки ҳафтадан кейин у уй қамоғига ўтказилган. 2022 йил август ойи ўрталарида Соғлиқни сақлаш вазирига нисбатан қўзғатилган жиноят иши унинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабаб ёпилган. Бейшеналиев «президент қарор қабул қилиши биланоқ» ишга киришга тайёрлигини айтган. Август ойининг охирида Жапаров аконитни оммалаштирувчини Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонни имзолайди. «Энг муҳими, қамоққа ташлашмади», деган ўшанда Бейшеналиев. Сўнгги йили у Иссиқкўл вилояти Чўлпон-Ота шаҳридаги «Олтин болалик» реабилитация маркази директори лавозимида ишлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати